15.08.2025. Сўнгги беш йилда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси тармоқдаги ходимлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитларини яхшилаш ҳамда меҳнат муҳофазаси соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширди. 2020–2025 йилларда аъзолар сони 225 647 нафарга кўпайиб, 969 030 нафарга етди, нодавлат ташкилотлардаги аъзолар сони эса 151 186 нафарга ошди.
Ҳисобот даврида 9 та ўқув-услубий қўлланма тайёрланди, 585 нафар янги сайланган қўмита раислари малака ошириш курсларидан ўтди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан тузилган тармоқ жамоа келишувида Меҳнат кодексида назарда тутилмаган 32 қўшимча имтиёз жорий этилди, ижтимоий шериклар билан келишувлар асосида қўшимча кафолат ва устамалар амалга оширилди.
Ўртача номинал иш ҳақи тармоқ бўйича 2020 йилда 1,8 млн сўмдан 2024 йилда айрим муассасаларда 3,3 млн сўмгача ошди, ҳар бир ходимга сарфланадиган қўшимча маблағ 1,8 баробарга кўпайди. 2020–2024 йилларда меҳнат муҳофазасига қаратилган 66 880 та тадбирнинг 93% амалга оширилди, 2024 йилда эса бу йўналишга 1,28 трлн сўм сарфланди.
Меҳнат инспекцияси фаолияти натижасида 500 мингдан ортиқ ходимнинг ҳуқуқлари тикланди, улар фойдасига юзлаб миллиард сўм ундириб берилди. Судларга 1 846 та даъво киритилиб, 14 965 нафар ходимнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинди.