21.08.2025. Мамлакатимизда сўнгги йилларда жамиятда гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш муҳим сиёсий тамойиллардан бирига айланмоқда.
Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳам бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган давр мобайнида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги Қонунга мувофиқ жами 5 та вазирлик ва уларнинг тузилмавий ташкилотларида гендерга оид аудит ўтказилди ҳамда натижалар асосида таҳлилий маълумотлар тайёрланиб, белгиланган муддатларда Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича Республика комиссиясига тақдим этилди.
Ўтказилган таҳлиллар натижасида мавжуд услубиятни замонавий ва халқаро талабларга мувофиқлаштириш, аудит жараёнидаги ёндашувларни янада такомиллаштириш ҳамда уни институционал даражада ишончли ва тизимли механизмга айлантириш зарурати юзага келди.
Шундан келиб чиқиб, Республика комиссияси мажлисининг 2025 йил 26 майдаги 14-сонли баённомаси билан гендерга оид аудитни янада самарали ташкил этиш ва унинг натижадорлигини ошириш мақсадида Давлат органлари ва ташкилотларида гендерга оид аудитни ўтказишнинг янги таҳрирдаги Услубияти тасдиқланди.
Услубиятда гендерга оид аудитни нафақат Республика ташкилотларида, балки ҳудудий, туман (шаҳар) ва ташкилотлар миқёсида ўтказиш, шунингдек, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари ижтимоий шерик бошқарув органлари билан ҳамкорликда қуйи тизимгача гендерга оид аудит ўтказиш ва мувофиқлаштириш учун белгиланган муддатларда ахборот ва таклифларни Федерацияга тақдим этиб бориши каби қатор вазифалар белгиланган.
Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тармоқ республика кенгашлари, уларнинг ижтимоий шерик органлари ва ҳудудий кенгашлар ходимларидан иборат таркибда ташкил этилган гендерга оид аудиторлар гуруҳлари учун жорий йил 19 август куни янги таҳрирдаги Услубият мазмун-моҳияти билан яқиндан таништириш мақсадида амалий семинар ташкил этилди.
Мазкур семинарда Касаба уюшмалари Федерацияси ходимлари, тармоқ касаба уюшмалари ва ҳудудий кенгашлар масъул ходимлари, вазирликлардан аудиторлар гуруҳи аъзолари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этишди. Улар томонидан Услубиятда белгиланган вазифалар, аудитни ташкил этиш механизмлари ҳамда халқаро тажрибага асосланган ёндашувлар мавзулари кенг муҳокама қилинди.
Куннинг иккинчи ярмида семинар амалий тарзда ўтказилди. Кичик гуруҳларга бўлиниб ташкил этилган машғулотларда аудиторлар гуруҳлари аъзолари гендерга оид аудитнинг мазмун-моҳияти билан янада чуқурроқ таништирилди.
Унда сўз олган Ички ишлар вазирлиги масъул ходими Наргиза Миржалолова шундай деди: “Ушбу семинар орқали биз ўзимизга керакли маълумотларни ҳамда қизиқтирган саволларимизга жавобларни олдик. Айниқса, гендерга оид аудит ўтказилиши режалаштирилган вазирликлар учун олдиндан батафсил тушунчалар олиниши яхши натижаларга эришишимизга хизмат қилади. Ўйлайманки, бугунги тадбир мен каби барча иштирокчилар учун манфаатли бўлди”.
Семинар якунида иштирокчилар билан савол-жавоблар ўтказилди, уларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари тингланди ҳамда уларни амалиётга татбиқ этиш юзасидан келишиб олинди.