23.09.2025. Жорий йилнинг 18–21 сентябрь кунлари Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз туманидаги “Лочин” болалар оромгоҳида “Ўзбекнефтгаз” тизимидаги ташкилотларда меҳнат қилаётган ёшлар иштирокида “Яшил иқтисодиёт ва энергетика тараққиёти учун ғоялар” шиори остидаги “Нефт-газ ёшлари форуми-2025” бўлиб ўтди.
Форумда тармоқ тизимидаги корхона ва ташкилотлардан келган 200 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди, бу эса тадбирнинг аҳамиятини янада оширди.
Дастлаб, форумнинг биринчи куни очилиш маросими ўтказилиб, иштирокчилар 16 та гуруҳга бўлинди ва танишув тадбирлари ташкил этилди.
Форумнинг иккинчи кунида “Ёш авлодга – сабоқ, табиатга – эҳтиром, яшил келажакка – қадам!” шиори остида эко-марафон ўтказилди. Шунингдек, иштирокчилар ўртасида футбол, волейбол, шахмат ва стол тенниси бўйича саралаш ва ярим финал беллашувлари бўлиб ўтди.
Шундан сўнг дастурнинг кечки қисмида иштирокчилар учун “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди.
Қизғин баҳс ва мунозараларга бой тарзда ўтган интеллектуал ўйин ёшларда катта таассурот қолдириб, уларнинг билим ва кўникмаларини оширишга туртки бўлди.
Форумнинг учинчи кунида жамоалар ўртасида спорт мусобақаларининг финал босқичлари ўтказилди.
Дастур доирасида ёшлар ўртасида семинар-тренинглар ва “Қувноқ саҳна” КВН жамоаси чиқиши ташкил этилди.
Шунингдек, “Нефт-газ ёшлари форуми-2025” дастури доирасида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” бўлиб ўтди.
Унда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси У. Маматқулов, “Шўртан ГКМ” МЧЖ бош директори Ш. Асланов, “Uzbekistan GTL” МЧЖ раҳбари А. Баҳадиров ва “Шўртан НГҚЧБ” директори З. Нематовлар ёшлар билан очиқ мулоқот қилишди.
Очиқ мулоқотда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Учрашувда ёшлар “Корхонам равнақига ўз ҳиссамни қўшаман” мавзусида тайёрлаган тақдимотлари билан иштирок этди ва янги ғояларини тақдим қилишди.
Куннинг сўнгида иштирокчилар учун гулхан атрофидаги оқшом, маданий дастур ва салютлар маросимга ўзгача завқ бағишлади ҳамда ёшларга қувонч улашди.
Дастур якунида форумда фаол иштирок этган бир гуруҳ ёшларга “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси томонидан фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари тақдим этилди.