05.03.2015. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан 8 март – халқаро Хотин-қизлар куни байрами муносабати билан “Аёли қадрланган диёр” мавзуидаги маданий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда Ватанимиз тараққиёти, турмушимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришда ўз ҳиссасини қўшиб келаётган, оилада, меҳнатда, жамиятда илғор бўлган хотин-қизлар, фахрий аёллар иштирок этдилар.
Маълумки, мамлакатимизда хотин-қизларни ижтимоий-ҳукуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, касбий, жисмоний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, меҳнат фаолиятини оилавий юмушлар билан уйғун ҳолда олиб боришлари, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш учун барча шароитлар яратилган.
Муҳтарам Президентимиз доимо аёлларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлаш масаласига аълоҳида эътибор қаратиб келмоқдалар. Шу боис мамлакатимизда аёлни қадрлаш, оғир ишлардан халос этиш, саломатлигини мустаҳкамлашга бутун жамият жалб этилган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳам хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаб келмоқда. Бу ишларни кучайтириш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси қошида Хотин-қизлар Кенгаши, тармоқ ва ҳудудий касаба уюшмаларида хотин-қизлар комиссиялари фаолият кўрсатмоқда.
Улар томонидан ҳар бир корхона, ташкилот ва муассасада жамоа шартномалари орқали хотин-қизлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш тадбирлари амалга оширилмоқда. Жамоа шартномалари ва келишувларига аёллар манфаатлари ҳамда ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга оид янги бўлим ва бандлар киритилган. Бу орқали аёлларимиз учун кўплаб имтиёз ва кафолотлар яратилган.
Масалан, бугунги кунда корхона ва ташкилотлардаги жамоа шартномалари орқали 2 ёшдан 3 ёшгача фарзандлари бўлган ёш оналарга моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Нодавлат мулк шаклидаги корхона ва ташкилотларда ишлаётган болали аёлларга ҳам ойлик маошини сақлаган ҳолда, ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган иш вақти белгиланмоқда. Хотин-қизларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасидаги фаолияти қўллаб-қувватланиб, касаба уюшмалари тизимидаги “Ишонч телефонлари” орқали бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилмоқда. Шунингдек, касаба уюшмалари томонидан меҳнат бозорида хотин-қизлар манфаатлари ҳимояланмоқда. Ишловчи аёлларнинг малакаси оширилиб, касбга йўналтирилмоқда, қайта ўқитилмоқда ва хавфсиз меҳнат шароити таъминланмоқда.
Биргина ўтган йили жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 2 ёшдан 3 ёшгача фарзандлари бўлган 11 минг 266 нафар ёш оналарга 5 минг 114 та корхонада 3 млрд. 68,6 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Нодавлат мулк шаклидаги 2 минг 624 та корхона ва ташкилотда меҳнат қилаётган 6 минг 446 нафар болали аёлларнинг ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақтини ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан турли ҳудудларнинг энг чекка туманларида хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратилиб, улар бандлиги таъминланмоқда. Жумладан, ўтган йили касаба уюшмалари томонидан Навоий, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида хотин-қизлар учун 60 та янги иш ўрни яратилди.
Бундан ташқари, самарали фаолият юритаётган илғор ва фаол хотин-қизлар рағбатлантирилмоқда, ижтимоий ҳимояталаб аёллар қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, ўтган йили меҳнатда алоҳида намуна кўрсатиб, юқори кўрсаткичларга эришаётган фаол аёллар 198,5 млн. сўмлик эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди. Боқувчисини йўқотган, ногирон, «Саховат» уйларида яшаётган аёллар ҳолидан хабар олиниб, уларга 215,8 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.
Аёлларимизнинг уй-рўзғор юмушларини енгиллаштириш мақсадида касаба уюшмалари томонидан 1 минг 960 нафар хотин-қизларга 1 млрд. сўмликдан ортиқ электр маиший техника жиҳозлари бепул берилди. Касаба уюшмалари тасарруфидаги санаторийларда кам таъминланган ва кўп болали оилалардан бўлган 408 нафар аёллар бепул соғломлаштирилди, 217 нафар аёлларга имтиёзли йўлланмалар берилди. Хотин-қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Фахрий аёлларимиз ҳам доимий эъзозда бўлмоқда. Жорий йилнинг Кексаларни эъзозлаш йили деб эълон қилиниши бу ишларни янада кучайтирди. Хусусан, Жамоа шартномалари ва келишувларига фахрий аёлларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга оид меъёрлар киритилди. Бошланғич касаба уюшма қўмиталари қошида ташкил этилган “Фахрийлар кенгаш” томонидан пенсиядаги аёллар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида меҳнат фахрийлари бўлган ҳамда фронт ортида меҳнат қилган инсонлар, шу жумладан аёлларни тизимдаги санаторийларда бепул дам олдириш ишлари бошлаб юборилди. Фахрий аёлларимиз учун мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига саёҳатлар ташкил этилмоқда.
Тадбирда мамлакатимиздаги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган фахрий аёллар касаба уюшмалари томонидан рағбатлантирилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати