[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

29.09.2025. Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг малака ошириш институти” нодавлат таълим муассасасида жорий йилнинг 22–26 сентябрда тармоқ тизимидаги бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларининг ёшлар билан ишлаш ва хотин-қизлар комиссиялари раисларининг малакаси оширилди.

Тингловчиларга 40 соатлик ўқув дастури асосида “Бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларида ёшлар билан ишлаш ва хотин-қизлар комиссиялари фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги муҳим вазифалар” мавзуси доирасида дарслар ўтилди. Жумладан, Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан “Ватан учун, миллат учун, халқ учун” шиорининг мазмун-моҳияти ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг устувор йўналишлари, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари, меҳнат муҳофазасига оид қоидаларга амал қилиниши устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш, наркоманиянинг келиб чиқиш сабаблари ва уни бартараф этиш бўйича Ўзбекистонда олиб борилаётган ишлар, хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, Ўзбекистон Республикаси томонидан Халқаро Меҳнат ташкилотининг ратификация қилинган Конвенциялари, ёшларни ижтимоий тармоқлардаги радикализм ва экстремизм ғоялари тарғиботидан асраш каби мавзуларда маърузалар ўқилди.

Ўқув дастурига кўра, тингловчилар назарий билимларини амалий машғулотларда янада мустаҳкамлаб, касаба уюшмалари аъзоси бўлган ёшлар ва хотин-қизларни ижтимоий ва иқтисодий қўллаб-қувватлаш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ва соғломлаштириш бўйича янги лойиҳалар ишлаб чиқишди ва таклифлар тайёрлашди.

Тингловчилар маданий тадбирлар доирасида “Жадидлар. Туркистонга мактублар” номли мультимедиавий кўргазмага олиб борилди.

Ўқув ҳафтаси якунида тингловчилар эгаллаган билимларини баҳолаш учун тест синовлари ташкил этилди. Тест синовлари якунида тингловчиларга “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг малака ошириш институти” НТМнинг сертификатлари топширилди.

Шавкат Тоиров

Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси