13.10.2025. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгаши томонидан Бутунжаҳон муносиб меҳнат кунига бағишлаб, “Муносиб меҳнат – муносиб ҳаёт асосидир” шиори остида семинар ташкил этилди.
Тадбирда вилоят кенгаши аппарати ходимлари, республика тармоқ касаба уюшмаларининг вилоятдаги масъул раҳбарлари ҳамда онлайн тарзда туман ва шаҳар студияларидан тармоқ касаба уюшмалари етакчилари иштирок этдилар.
Семинар давомида ташкилот, корхона ва муассасаларда ишчи-ходимлар учун соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, ходимлар саломатлигини мунтазам назорат қилиш, хавфсизлик техникасига риоя этиш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ҳамда касб касалликларининг олдини олиш борасида касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, юртимизда олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида сўнгги йилларда иш ҳақи бўйича қарздорликни бартараф этиш, фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш жараёнларини соддалаштириш, давлат ташкилотларида ишловчи ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш каби масалалар самарали ҳал этилмоқда.
Тадбирда меҳнат бозорининг муҳим институтлари — меҳнат инспекциялари, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, иш берувчиларнинг ижтимоий масъулиятини ошириш масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.