13.10.2025. Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси “Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги” эсдалик нишонини таъсис этди. Ундан касаба уюшмалари ҳаракатининг юбилей санасини тантанали нишонлаш, мазкур сана муносабати билан соҳа фаолларини маънавий жиҳатдан рағбатлантириш мақсад қилинган.
Ушбу нишон билан касаба уюшмаси аъзоси бўлган, соҳанинг тарихини яхши билган ва уни кенг оммага тарғиб қилган, меҳнат фаолиятида юқори натижаларга эришган ишчи-хизматчилар, мазкур йўналишга катта ҳисса қўшган, нуфузини ошириб, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фаол иштирок этган шахслар, шу жумладан, таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари, касаба уюшмаларининг ташкилий масалаларида, уларнинг ривожланишида ва жамиятдаги ролини мустаҳкамлашда ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшган арбоблар, иш берувчилар ва бошқа шахслар тақдирланади.
Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган, аммо юртимиз касаба уюшмалари фаолиятини халқаро майдонда кенг тарғиб қилган, хорижий давлатлар касаба уюшмалари билан алоқаларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшган, шунингдек, марҳум шахслар ҳам (бундай ҳолларда мукофот марҳумнинг яқин қариндошларидан бирига топширилади) тақдирланиши мумкин.
Мукофотлаш Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ижроия қўмитаси қарорига асосан Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги байрами арафасида ёки бевосита байрам куни амалга оширилади.
Эсдалик нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади, тақдирланганларга нишон билан бирга унинг гувоҳномаси топширилади. Нишон билан қайта тақдирлаш амалга оширилмайди, йўқотилган ҳолларда такроран берилмайди.