14.10.2025. Мамлакатимизда сўнги йилларда хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратиш борасида жуда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Янги Ўзбекистон” тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, давлат бошқарувида тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш бўйича кенг кўламли вазифалар белгиланган. Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, давлат органлари ва ташкилотлар фаолиятида тенглик тамойилларини таъминлашда биринчи навбатда норматив-ҳуқуқий базани тизимли равишда такомиллаштириб бориш талаб этади.
“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-809-сон Қонун билан “гендерга оид аудит” тушунчаси қонунчиликка киритилди ҳамда вазирлик ва идораларда гендерга оид аудит ўтказиш Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига топширилди.
Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича Республика комиссиясининг 2025 йил 26 майда 14-сон Баённомаси қарори билан давлат органлари ва ташкилотларида гендерга оид аудитни ўтказиш услубиёти ва уч йиллик режа тасдиқланиб, 2025 йилнинг III чораги давомида Ички ишлар вазирлиги таркибий ва ҳудудий бўлинмаларида гендерга оид аудит ўтказилиши белгиланди.
Услубиятдан келиб чиққан ҳолда ўрганиш жараёнини тизимли ташкил этиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон давлат муассасалари
ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ўртасида “Ички ишлар вазирлиги таркибий ва ҳудудий бўлинмаларида гендерга оид аудитни ўтказиш тўғрисида”ги қўшма қарор имзоланди. Унда вазирлик марказий аппарати, тизим ташкилотлари, ҳудудий бошқармалари ҳамда қуйи тузилмалар фаолиятларида гендерга оид аудитни ўтказиш учун аудитор гуруҳлари ташкил этилди.
Гендерга оид аудит услубиётига мувофиқ аудит қуйидаги 5 босқичда амалга оширилди:
- Ҳужжатларни таҳлил қилиш;
- Ходимлар ўртасида сўровлар ўтказиш;
- Ходимлар билан индивидуал суҳбат ўтказиш;
- Ходимлар учун интерактив семинарлар ташкил этиш;
- Якуний ҳисобот тайёрлаш, давлат органлари ва ташкилотларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш бўйича стратегия ва таклифлар ишлаб чиқиш.
Гендерга оид аудит нафақат Ички ишлар вазирлиги марказий аппаратида, балки ҳудудий бошқармалар ва қуйи тузилмаларда ҳам амалга оширилди. Таҳлиллар жараёнида кадрлар таркиби, раҳбарлик лавозимларидаги хотин-қизлар улуши, гендер тенгликни таъминлаш ва хизмат фаолиятидаги тенг имкониятлар масалалари ўрганилди.
Шунингдек, вазирлик марказий аппаратида гендерга оид аудит юзасидан ўтказилган семинарда бугунги кундаги гендер тенглик соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва вазирликдаги мавжуд ҳолат юзасидан муҳокама бўлиб ўтди.
Гендерга оид аудит жараёнлари бўйича маълумотнома, аниқланган камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилган таклифлар Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича Республика комиссиясига тақдим этилди.