15.10.2025. Фарғона шаҳридаги “Само” спорт мажмуасида тиббиёт муассасаларида меҳнат қилиб келаётган ходимлар ўртасида “Соғлиқни сақлаш вазири ва Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси кубоги” спартакиадасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақада ҳудудий босқичда биринчи ўринни эгаллаган ғолиблар вилоят босқичида ғолиблик учун кураш олиб бордилар. Улар спортнинг мини-футбол, стол тенниси, шахмат ва шашка турлари бўйича беллашдилар.
Ҳар бир спорт тури бўйича ўтказилган эркаклар ва аёллар ўртасидаги беллашувлар қизғин ва кўтаринки руҳда ўтди. Кимгадир ғолиб бўлиш учун бироз омад етишмаган бўлса, яна кимгадир вақт камлик қилди.
— Соғлиқни сақлаш тизимида фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимлари ўртасида ўтказилиб келинаётган ушбу мусобақа йилдан-йилга оммалашиб бормоқда. Бунда спортга ошно тиббиёт ходимлари ўз иқтидорларини намойиш этмоқдалар. Ушбу мусобақада ҳам 300 нафардан ортиқ тиббиёт ходимлари иштирок этиб, ўзларининг нималарга қодир эканликларини кўрсатишди, — дейди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти кенгаши раиси Шоҳидахон Каримова.
Беллашувлар якунига кўра кучли ва маҳоратли спортчилар ғалаба қозониб, республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.
— Мусобақа жуда қизиқарли ўтди. Футбол мусобақасида финалда Фурқат туман тиббиёт бирлашмаси жамоаси билан беллашдик. Лекин бироз омад етишмади. Асосийси, ҳамкасбларимиз билан беллашиб, спорт мусобақасини байрамдек ўтказдик, — дейди Данғара туман тиббиёт бирлашмаси жамоаси сардори Ҳамид Эргашев.
Мусобақа ғолиблари ва 2–3-ўринни олган жамоаларга Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Фарғона вилояти кенгаши томонидан эсдалик совғалари топширилди.