29.10.2025. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти Кенгашининг 2025 йил II ярим йиллик иш режасига асосан, Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан Қибрай туманидаги “Чинобод нефтбазаси” АЖ да “Меҳнат кодексининг меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги талаблари ҳамда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси” мавзусида амалий семинар ўтказилди.
Мазкур амалий семинарга “Чинобод нефтбазаси” АЖ тизимидаги ташкилотларнинг меҳнат муҳофазаси бўйича масъул ходимлари, меҳнат муҳофазаси бўйича вакиллар ва бошланғич касаба уюшма қўмитаси раислари таклиф этилди.
Семинарда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Ў. Рашидов, “Чинобод нефтбазаси” АЖ директори С. Муржанов, “Чинобод нефтбазаси” АЖ директорининг биринчи ўринбосари — бош муҳандис С. Сагдуллаев, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент вилояти Кенгаши меҳнат-ҳуқуқ инспектори М. Мирзаев, меҳнат-техник инспектори Ш. Хазратқулов ҳамда меҳнат муҳофазаси бўйича етакчи мутахассис С. Эрбўтаевлар иштирок этди.
Семинарнинг асосий мақсади — инсонларнинг меҳнат жараёнида хавфсизлигини, сиҳат-саломатлигини ва иш қобилияти сақланишини таъминлашга қаратилган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техник, санитария-гигиена ҳамда даволаш-профилактика тадбирлари тизимини йўлга қўйиш, иш берувчилар ва касаба уюшма ташкилотлари томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва ходимлар саломатлигига зиён етказувчи бошқа ҳолатларни олдини олишга эришишдан иборат. Шунингдек, бахтсиз ҳодисалар ҳақида хабардор этиш, махсус текширув комиссиясида касаба уюшмалари вакилининг иштирокини белгилаш, мавжуд муаммоларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш масалалари муҳокама қилинди.
Семинарда маърузачилар томонидан Меҳнат кодексининг меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги талаблари, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар, уларни олдини олиш бўйича чора-тадбирлар, Янги Меҳнат кодексига киритилган ўзгартишлар, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида содир бўлган бахтсиз ҳодисалар таҳлили, меҳнат муҳофазасининг янги босқичи — иш жойида сунъий интеллект ва рақамлаштиришнинг роли, шунингдек, Тошкент вилоятида содир бўлган бахтсиз ҳодисалар таҳлили юзасидан маълумот берилди.
Семинарнинг иккинчи қисмида кўргазмали махсус тактик ўқув машқи ўтказилди. Унда фавқулодда вазиятларда технологик ҳодисалар орқали келиб чиқадиган ёнғинларни бартараф этиш ва жароҳат олганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича амалий ҳаракатлар намойиш этилди.
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский