07.11.2025. 6 ноябрь куни Урганч шаҳридаги “Диамонд Ҳолл” базмлар уйида Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан тантанали тадбир ташкил қилинди.
Тадбирда Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов, Ўзбекистон маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Отабек Мусаев, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти Кенгаши раиси Гулсара Қурбонбоева, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, йирик иш берувчилар, касаба уюшма фаоллари, фахрийлар ва ёшлар иштирок этдилар.
Таъкидланганидек, кейинги саккиз йилда ҳурматли Президентимиз бошчилигида халқимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Айниқса, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли ҳаёти сифатини ва фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Бу жараёнда салкам 120 йиллик тарихга эга Ўзбекистон касаба уюшмаларининг ўрни ва роли катта. Касаба уюшмалари халқ ичига чуқур кириб бораётгани, одамларнинг оғирини енгил қилиш, эл-юрт манфаатларига хизмат қилишни устувор вазифа сифатида белгилаб, тизимли ишлар олиб бормоқда.
Касаба уюшмалари Федерациясининг Хоразм вилояти Кенгаши ҳам меҳнаткашларнинг ижтимоий ҳимояси, инсон манфаатларини таъминлаш йўлида кенг кўламдаги ишларни амалга ошириб келмоқда. Ҳозирги кунда вилоятимизда 2 минг 700дан ортиқ бошланғич ташкилотлар самарали фаолият кўрсатмоқда ва турли соҳаларда меҳнат қилаётган 474 минг нафардан зиёд аъзоларни ўз сафларида бирлаштирган.
Корхона, ташкилот ва муассасаларда иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги меҳнатга, ижтимоий-иқтисодий масалаларга ва касбга оид муносабатларни тартибга солишда Жамоа шартномаларининг аҳамияти катта. Ушбу маҳаллий ҳужжат ходимлар манфаатлари ҳимоясини кучайтириш ҳамда даромадларни ошириш манбаига айланиб бормоқда. Жамоа шартномаси тадбирларини бажариш учун вилоят бўйича ўрта ҳисобда бир ходимга сарфланган маблағ 6 млн 500 минг сўмни ташкил этгани фикримизни тасдиқлайди.
Касаба уюшма ташкилотлари томонидан ходимларнинг меҳнат ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, саломатликларини мустаҳкамлаш, мароқли дам олиш ва болалар оромгоҳлари фаолиятини ташкил этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Масалан, ўтган 5 йил мобайнида соҳа ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан 240 нафар ишчи-хизматчининг меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, уларнинг фойдасига 1 млрд сўмдан ортиқ маблағ ундирилди. Шу билан бирга, меҳнат муҳофазаси бўйича 263 та корхона ва ташкилотда 3000дан зиёд камчилик бартараф этилди.
Жорий йилда касаба уюшмалари томонидан ёз мавсуми давомида 12 минг нафардан зиёд болаларнинг оромгоҳларда дам олишлари таъминланди. 2900 нафардан ортиқ ходимлар ва уларнинг оила аъзолари тизимга қарашли сиҳатгоҳларда имтиёзли равишда соғломлаштирилди. Ички туризм йўналишида «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» лойиҳаси доирасида 33 500 нафарга яқин касаба уюшма аъзоларининг тарихий шаҳарларимизга саёҳатлари ташкил этилди. Бундан ташқари, 16 500 нафардан зиёд ходимга концерт, театр, музей ва кўргазмаларга чипталар харид қилиниб берилди.
Шу йили Қўшкўпир туманида 47 млрд сўмдан зиёд маблағ эвазига «Ҳумо» оромгоҳи фойдаланишга топширилди. Энг замонавий услубда бунёд этилган ва жиҳозланган 200 ўринли янги бино йилига 1000 нафардан зиёд болажонларнинг мароқли дам олишлари ва саломатликларини мустаҳкамлашларига имконият яратди. Ушбу иншоот Президентимизнинг «Инсон қадри учун» ғоясининг амалий ифодаси ҳисобланади.
17 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг касаба уюшмалари фаоллари билан тарихий учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда Президент белгилаб берган вазифалар халқ манфаатига хизмат қиладиган дастуриламал сифатида муҳим аҳамиятга эга. Президентимиз таъкидлаганидек, меҳнаткаш инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, унинг соғлом ва фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шароит яратиш – Янги Ўзбекистон сиёсатининг асосий йўналишидир.
Шу маънода, “Касаба уюшмалари боғлари”ни барпо этиш, замонавий санаторийлар ва болалар оромгоҳларини қуриш ташаббуслари Хоразм вилоятида ҳам қўллаб-қувватланмоқда.
Тадбир давомида бир гуруҳ касаба фаоллари Хоразм вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар. Шунингдек, касаба уюшмалари фаолиятига яқиндан ёрдам бериб келаётган раҳбарлар, йирик иш берувчилар ва фаол ходимлар «Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги» эсдалик нишони билан тақдирландилар.
Бир пиёла чой атрофидаги самимий суҳбатлар давомида иштирокчилар касаба уюшмалари тизимидаги ўзгаришлар, ходимлар учун яратилаётган шароитлар яхшиланиб бораётгани, буларнинг барчаси «Инсон қадри учун» ислоҳотларининг самараси эканини қайд этдилар.
Таниқли санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури тадбирга ўзига хос шукуҳ бағишлади.
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский