[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

07.03.2015. Белгиланган муддатда ходимларнинг бир гуруҳи спорт залига тўпланишди. Мураббий Марҳамат Мўминова бошчилигида одатдагидек енгил жисмоний ҳаракатларни бажаришга киришилди. Машқлар аста-секинлик билан мураккаблашиб борди. Даставвал ушбу ҳолат ҳеч кимни қийнаб қўймади. Аксинча, ходимлар ўзларини тетик ҳис қила бошлади. Ушбу жараён куннинг иккинчи ярмида бошқа гуруҳларда ҳам давом эттирилди.

— Касаба уюшма қўмитаси томонидан ходимлар гимнастикасининг ташкил этилиши айни муддао бўлди, — дейди муассаса ҳамшираси Зилола Назарова. — Чунки инсон иш жараёнида ҳар хил жисмоний, руҳий ҳолатни бошдан кечиради. Ходимлар гимнастикаси эса ходимлар саломатлигини мустаҳкамлаш, меҳнат самарадорлигига ижобий таъсир ўтказмоқда.

Дарҳақиқат, Бухоро “Мурувват” ногирон болалар учун интернат уйида бугун туб ўзгаришларни кўриш мумкин. Ҳозир бу ерда 235 нафар болажон ҳам даволаниб, ҳам тарбия топмоқда. Уларнинг саломатлиги 205 нафар  меҳрибон тарбиячи, энага, врач ва ҳамширалар назоратида. Муассасада фаолият кўрсатаётган ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спортнинг оммавий турлари билан шуғулланишга кенг жалб қилиш орқали улар саломатлигини ­мустаҳкамлашга кўмаклашиш касаба уюшмасининг муҳим вазифаларидан бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан тавсия этилган ходимлар гимнастикаси муассасанинг барча ходимларига бирдек манзур бўлди. Жисмоний машқларнинг мураккаб ва қийин эмаслиги, иш вақтида тетиклик бахш этиши, муҳими, иш жойида ва иш кийимида ўтказилишига мослаштирилгани, айниқса, ходимларга ­маъқул келди. Бунинг учун ишчилар касаба уюшма ташкилотидан миннатдор.

— Соғлом одамнинггина ишида унум бўлади, — дейди муассаса бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Сайёра Имамова. — Ишдан тетик, хушкайфиятда уйига қайтган киши, ўз-ўзидан тушунарлики, оиласига хурсандчилик бахш эта олади. Ходимлар гимнастикаси машғулотлари савиясини янада ошириш ниятидамиз. Илиқ кунлар бошланиши билан жисмоний машғулотлар очиқ ҳавода ўтказилади.