19.11.2025. Ҳар бир давлатнинг байроғи — унинг миллий давлатчилиги, суверенитети ва миллий ўзлигини ифодаловчи муқаддас тимсол ҳисобланади.
1991 йил 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида “Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, миллий рамзимизнинг ҳуқуқий асоси яратилади. 1992 йил 2 март куни мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлгач, байроғимиз дунё трибуналарида илк бор ҳилпиради.
Ўзбекистон байроғидаги ранглар, рамзлар ва тасвирлар юртимизнинг ҳам тарихи, ҳам келажагига ишора қилади. Кўк ранг — мангу осмон, тинчлик ва ҳалоллик тимсоли; оқ ранг — поклик, беғубор ниятлар ва бағрикенглик мезони; яшил ранг — табиат навқиронлиги, янгиланиш ва умид рамзи; қизил йўлак эса ҳаёт қудрати ва интилиш шиддати ифодасидир. Байроқдаги ҳилол тасвири эзгуликка интилиш, янги давлатчиликнинг пок тадрижини англатса, ўн икки юлдуз қадимги буржлар ва халқимиз маданий тафаккурига хос мукаммаллик рамзини мужассам этади.
Умуман, Ўзбекистон байроғи — мустақилликнинг мустаҳкам белгиси, Ватанга муҳаббат, миллатга фидойилик ва озодликка садоқат тимсоли. У юрт осмонида ҳилпирар экан, ҳар бир юртдошимизга масъулият, ғурур ва бирлик руҳини бағишлайди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилоят кенгаши томонидан сана муносабати билан бир қатор маънавий-маърифий тадбирлар ва давра суҳбатлари ташкил этилди. Уларда корхона ва ташкилотларда фаолият кўрсатаётган ёшлар ҳам фаол иштирок этдилар.
Шуни айтиш керакки, вилоят кенгаши ташаббуси билан бугунги кунда вилоятдаги барча касаба уюшмаси ходимлари уйларида Ўзбекистон байроғи ҳилпираб турибди. Зеро, миллий байроғимизни ҳурмат қилиш, унинг остида бирдам бўлиб яшаш ва Ватан равнақи учун хизмат қилиш — ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир. Байроқни асраш — юртни асраш, миллий қадриятни ардоқлаш демакдир.
Бахтиёр Исмоилов
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилоят кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский