[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

26.11.2025. «Ўзбекнефтгаз» АЖ ташаббуси билан 25–27 ноябрь кунлари Қашқадарё ва Бухоро вилоятларидаги бир қатор ишлаб чиқариш объектларида саноат жараёнлари хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси масалаларига бағишланган халқаро форум ўтказилмоқда. Тадбирда хорижий нефт-газ компаниялари — Socar, Tatneft, ҚазМунайГаз ҳамда Зарубежнефтегаз вакиллари иштирок этмоқда.

Мамлакатимиз нефт-газ соҳаси тарихида илк бор ташкил этилаётган мазкур форум Озарбайжон, Қозоғистон, Россия ва Тотористондаги етакчи корхоналар мутахассислари, шунингдек, соҳани тартибга солувчи давлат идоралари вакилларини бирлаштирди.

Форум аввал имзоланган ҳамкорлик меморандумлари доирасида ўтказилиб, иштирокчиларга саноат хавфсизлигини таъминлашнинг замонавий ёндашувларини муҳокама қилиш, амалий тажриба алмашиш ва инновацион технологик ечимларни ўрганиш имкониятини яратмоқда.

Таъкидлаш жоизки, форум фақат назарий масалалар билан чекланиб қолмайди. Унинг асосий мақсади — корхоналар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хавфсиз меҳнат маданиятини ривожлантириш ҳамда ишлаб чиқаришдаги авария ва фавқулодда ҳолатлар сонини камайтиришга хизмат қиладиган самарали платформа яратишдир.

Дастур доирасида иштирокчилар Шўртан газ кимё мажмуасида бўлиб, у ерда ташкил этилган амалий ўқув машғулотларида қатнашдилар. Шунингдек, очиқ нефт-газ фонтанларининг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича фаолият юритувчи Ҳарбийлаштирилган қисмнинг амалий ишлари намойиш этилиши режалаштирилган.

Мазкур форумда Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Улар меҳнат муҳофазасини кучайтириш, профилактик чора-тадбирларни ривожлантириш ва хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлашга қаратилган илғор тажрибани амалиётга жорий этиш масалаларини илгари сурмоқда.

Форум барча томонлар учун мулоқот, ҳамкорлик ва тажриба алмашинуви майдони сифатида аҳамиятли ўтмоқда.