02.12.2025. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилоят кенгаши томонидан Урганч давлат университети Ахборот-ресурс марказида “Шавкат Мирзиёевнинг «Марказий Осиё янги давр остонасида» мақоласидаги стратегик йўналишларни амалга оширишда касаба уюшмаларининг ўрни” мавзусида анжуман ташкил қилинди.
Вилоят кенгаши раиси Г.Қурбонбоева тадбирни очиб берди ҳамда олиб борди.
Анжуманнинг асосий мақсади — Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё янги давр остонасида” номли мақоласида белгиланган стратегик вазифалар мазмун-моҳиятини чуқур таҳлил қилиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳамиятини очиб бериш ҳамда мазкур йўналишларда касаба уюшмаларининг фаол иштирокига қаратилган таклиф ва механизмларни муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Тадбирда касаба уюшмалари ходимлари, вилоят молия, иқтисодиёт ва маданият бошқармаси вакиллари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, қозоқ ва туркман маданий марказлари, кенг жамоатчилик вакиллари ва нуронийлар, Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети профессор-ўқитувчилари иштирок этдилар.
Анжуманда “Марказий Осиёда таълим ва илм-фан интеграцияси: барқарор ривожланиш учун инсон капиталини юксалтириш”, “Марказий Осиё ёшларининг бирдамлигини мустаҳкамлашда касаба уюшмаларининг иштироки”, “Марказий Осиё халқларини бирлаштирувчи умумий тарих ва цивилизацион уйғунлик: замонавий ҳамкорликка асос”, “Ўзбек-туркман дўстлиги — минтақавий барқарорлик ва ҳамкорликнинг замонавий модели”, “Ўзбек-қозоқ дўстлиги — Марказий Осиёда бирдамлик, тинчлик ва ривожланишни мустаҳкамловчи омил”, “Минтақавий тотувлик ва ишончни мустаҳкамлашда маданий алоқаларнинг ўрни” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Анжуманда Президент мақоласида илгари сурилган фикр ва мулоҳазалар минтақадаги ҳар бир инсон тақдирига дахлдор экани, Марказий Осиёдаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш сиёсий мақсад эмас, балки стратегик зарурат эканлиги қайд этилди.
Яқин қўшничилик муносабатларининг ривожланиши Марказий Осиё давлатлари касаба уюшмалари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни ҳам янги босқичга кўтарди.
2021 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши ташкил этилди. Бугунги кунда Кенгашга Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Мўғулистон аъзо ҳисобланади. Кенгаш фаолияти нафақат ижтимоий хавфсизлик ва меҳнат муҳофазаси соҳалари, балки минтақавий ҳамкорликнинг кенг йўналишларини ҳам қамраб олмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев мақоласида “Марказий Осиё яқин ўн йилликларда қандай ривожланади?” деган принципиал саволга жавобни биргаликда ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланади. Мақолада бу юзадан бешта устувор йўналиш ва стратегик вазифалар кўрсатиб ўтилган.
Анжуманда ушбу стратегик вазифалар ижроси, минтақалараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг аҳамияти ва истиқболдаги режалар юзасидан фикр алмашилди.
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский