03.12.2025. Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамиятда тенг имкониятлар яратиш ва иш жойида хавфсиз муҳит таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу чора-тадбирлар нафақат қонунчилик базасини мустаҳкамлаш, балки амалиётда татбиқ этиладиган самарали механизмларни шакллантиришга қаратилган бўлиб, шу билан бирга юртимизда гендер тенглигини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда барча учун хавфсиз, шаффоф ва инклюзив меҳнат муҳитини яратишга қаратилган кенг қамровли ва изчил сиёсатнинг муҳим таркибий қисмини ташкил этмоқда.
Шу мақсадда 2025 йил 1 декабрь куни “Хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш учун бирлашайлик” шиори остида ўтаётган 16 кунлик маърифий тадбирлар доирасида “Иш жойида гендерга асосланган зўравонлик: назария ва амалиёт” мавзусидаги йирик семинар-тренинг ўтказилди.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу семинарда давлат ташкилотлари, нодавлат ташкилотлар, иш берувчилар ва касаба уюшмалари вакиллари иштирок этдилар.
Хусусан, Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг хотин-қизлар ва гендер тенглиги масалалари бўйича раис маслаҳатчиси Ю. Адилова иштирок этиб, соҳадаги амалиёт ва мавжуд муаммолар хусусида фикр алмашди.
Семинар давомида мутахассислар томонидан иш жойида учрайдиган гендер зўравонлигининг турли шакллари — жисмоний, психологик, иқтисодий ва жинсий зўравонлик, шунингдек рақамли дунёдаги таҳдидлар кенг ёритиб берилди.
Иштирокчилар гендерга асосланган зўравонлик жамоа муҳитини издан чиқариши, меҳнат унумдорлигини пасайтириши, ходимлар ўртасида ишончни сусайтириши ва корхонанинг умумий самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиши, бундай ҳолатларни аниқлаш мезонлари, уларни ҳуқуқий баҳолаш тартиби ҳамда жабрланувчиларни ҳимоя қилиш бўйича миллий ва халқаро тажрибалар билан танишдилар.
Семинарнинг муҳим жиҳатларидан бири — иштирокчилар амалий машғулотлар ва реал вазиятлар сценарийлари асосида зўравонликка ишора бўлиши мумкин бўлган аломатларни аниқлаш, жабрланувчига қандай ёрдам кўрсатиш, унга босим ўтказмаслик, иш жойида хавфсиз мурожаат каналларини ташкил этиш, иш берувчи, кадрлар хизмати, касаба уюшмаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўзаро ҳамкорлик алгоритмларини амалда ўргандилар.
Семинар давомида нодавлат ташкилотларнинг роли алоҳида қайд этилди. Касаба уюшмалари ҳам ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат муҳитини хавфсиз ва тенг ҳуқуқли қилиш, жамоаларда гендер зўравонлигига нисбатан “ноль толерантлик” сиёсатини жорий этиш, ички ҳимоя механизмларини кучайтириш, ходимлар ўртасида хабардорликни ошириш, жабрланувчиларни ҳуқуқий ва психологик ёрдам тизимларига йўналтириш каби вазифаларни амалга оширишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
Ўтказилган тренинг касаба уюшмалари етакчиларига ушбу соҳадаги билим ва амалий кўникмаларни янада чуқурлаштириш имконини берди.
Тадбир якунида мутахассислар томонидан корхоналарда гендер зўравонлигига қарши ички низом ва механизмларни яратиш, уларни амалиётга жорий этиш, ходимлар учун психологик қўллаб-қувватлаш хизматлари ва ишонч телефонларини ташкил этиш, ходимлар учун мунтазам ўқув-тренинглар ўтказиш, раҳбарлар ва кадр хизмати ходимлари учун махсус тайёрлов курсларини жорий қилиш, тезкор мурожаат ва ёрдам тизимларини кучайтириш ҳамда рақамли зўравонликка қарши курашиш бўйича замонавий дастурлардан фойдаланиш бўйича муҳим тавсиялар қабул қилинди.
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский