17.12.2025. Кеча Женева шаҳридаги Миллатлар саройида “Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, мамлакатимизнинг БМТнинг Женевадаги бўлинмаси ҳузуридаги доимий вакили Элдиёр Тошматов, Женева Дипломатик доираси директори Роберт Ф. Блюм, “Diva International” журнали бош муҳаррири Марит Фоссе, дипломатик ваколатхоналар, халқаро ташкилотлар, эксперт доиралари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Қатнашчилар Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлат бошқаруви, инсон ҳуқуқлари таъминланиши, иқтисодиёт, таълим, гендер тенглик ва ташқи сиёсат соҳаларидаги ўзгаришлар ҳақида фикр алмашди.
Таниқли ўзбек сиёсатшунос, сенатор, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов қаламнига мансуб ушбу китобда Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг асосий босқичлари ва Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган тизимли ўзгаришлар акс эттирилган. Нашр давлат бошқаруви, иқтисодиёт, ижтимоий сиёсат, гендер тенглик, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ислоҳотлар, мамлакатимизнинг жаҳон сиёсатидaги ўрни бўйича таҳлилий қарашларни ўзида мужассам этган.
Тадбир давомида иштирокчилар китобнинг асосий ғояларини муҳокама қилиб, мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришлар суръати ҳақида фикр алмашди. Қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари ҳимояси механизмларини такомиллаштириш, иқтисодий институтларни модернизациялаш, аёллар ва ёшлар учун имкониятларни кенгайтириш, Ўзбекистоннинг минтақавий ва глобал дипломатиядаги ролини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Сўзга чиққанлар китоб энг янги ислоҳотлар мантиғи ва давлат тараққиётининг стратегик йўналишини янада чуқур англаш имконини берувчи қимматли тадқиқот эканини таъкидлади. Иштирокчиларнинг фикрича, тақдим этилган асар Ўзбекистонда рўй бераётган трансформация жараёнларини теран тушунишга интилаётган халқаро ҳамжамият учун муҳим манба ҳисобланади.
“Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли” китоби дипломатлар ва экспертлар томонидан давлатнинг сиёсий иродаси, ижтимоий талаблари ва модернизация суръатларини акс эттирувчи холис ва кенг қамровли асар сифатида юқори баҳоланди.
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский