18.12.2025. Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси ва “Ammofos-Maxam” АЖ касаба уюшмаси қўмитаси ташаббуси билан корхонанинг мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё янги давр остонасида” мақоласи юзасидан семинар ташкил этилди.
Унда касаба уюшмаси Республика кенгаши мутахассислари, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон Республикаси Турон фанлар академиясининг академиги, профессор Қобилбек Каримбеков, “Ammofos-Maxam” АЖ бошқарув раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича маслаҳатчиси Р. Абдукадирова, корхона касаба уюшмаси қўмитаси раиси М. Усманова, корхона ходимлари, шунингдек, “Maxam-Chirchiq” АЖ, “Birinchi rezinotexnika zavodi” МЧЖ ХК, “Biokimyo” АЖ, “O‘zkimyosanoatloyiha” АЖ, Мухтор Ауэзов номидаги Жанубий Қозоғистон университети касаба уюшмаси ташкилотлари фаоллари иштирок этдилар.
Семинарда сиёсий шарҳловчи, профессор Қобилбек Каримбеков “Марказий Осиё янги давр остонасида” мақоласининг мазмун-моҳияти ва бугунги кундаги долзарблиги юзасидан маъруза ўқиди. У ўз маърузаси давомида узоқ йиллар давомида Марказий Осиё давлатларини қийнаб келган масала ва муаммоларнинг ечими Маслаҳатлашув йиғилишлари давомида ўзаро мулоқотлар орқали тинч йўл билан ҳал этилаётганлигига эътибор қаратди.
Жумладан, 2025 йил март ойида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида уч давлатнинг чегаралари туташган нуқта тўғрисидаги Шартнома ва Хўжанд декларациясининг имзолангани, Фарғона тинчлик форуми мамлакатларимизнинг Фарғона водийсида тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашга бўлган ўзаро интилишининг яққол амалий тасдиғи эканлиги, илгари кескин келишмовчилик ва зиддиятларга сабаб бўлиб келган сув-энергетика соҳасида ҳам принципиал ижобий ўзгаришлар рўй бераётганлиги, Тошкент ва Бишкек ўртасида Чашма булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисидаги келишув, Ўзбекистон ва Тожикистон иштирокида Зарафшон дарёсида Ёвон ва Фондарё ГЭСларини қуриш бўйича ҳамкорлик олдинга силжиб бораётгани, шунингдек, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон ўртасида Баҳри Тожик сув омборини вегетация даврида келишилган тартибда ишлатиш бўйича келишувларга эришилганлиги каби кўплаб ютуқлар санаб ўтилди.
Семинар давомида касаба уюшмаси Республика кенгашининг ижтимоий масалалар бўйича бош мутахассиси Нилуфар Музаппарова “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан ўтказган учрашуви” тўғрисида, шунингдек, касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Шавкат Тоиров “Янги Ўзбекистон – янги касаба уюшмалари” мавзусида маъруза қилдилар.
Тадбир сўнгида мавзулар юзасидан ходимлар ва касаба уюшмаси фаоллари томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилди ҳамда саволларга мутахассислар томонидан жавоблар берилди.
Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский