23.12.2025. Туркия Республикасининг Стамбул шаҳрида IndustriALL Global Union’га аъзо ташкилотлар иштирокида Шарқий Европа, Марказий Осиё ва Кавказ минтақаси касаба уюшмалари раҳбарларининг субрегионал учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда меҳнат қонунчилиги, касаба уюшмалари ҳуқуқлари, чегаралараро ҳамкорлик ҳамда ходимларнинг жамоавий кучини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси Курбанов Шухрат ҳамда «Иссиқлик электр станциялари» АЖ Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раиси Бердалиев Нурпеис иштирок этди.
Озарбайжон, Беларус, Украина, Грузия, Қозоғистон, Арманистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон ва Ўзбекистон делегациялари қатнашган учрашувда Шухрат Курбанов нутқ сўзлаб, касаба уюшмаси фаолияти, жумладан IndustriALL Global Union’га аъзо бўлиш орқали яратилаётган янги имкониятлар, бирлашиш ва жамоа музокаралари орқали меҳнат шароитлари ҳамда ижтимоий ҳимояни яхшилашда аниқ натижаларга эришиш мумкинлиги ҳақида тўхталди.
Учрашув давомида делегатлар сўнгги икки йилда ўз мамлакатларида касаба уюшмалари фаолиятидаги асосий муаммолар ва ютуқлар, аъзолар сонидаги ўзгаришлар, жамоа шартномаларининг бажарилиши, иш ҳақи, меҳнат шароитлари ва ижтимоий имтиёзлар бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан фикр алмашдилар.
Шунингдек, минтақавий касаба уюшмалари томонидан IndustriALL Global Union тармоғи орқали қандай ҳамжиҳатлик ва қўллаб-қувватлаш кутилётгани муҳокама қилинди.
Учрашувда жамоавий куч меҳнаткашлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда асосий восита эканлиги алоҳида таъкидланди.
Стамбулда бўлиб ўтган ушбу субрегионал учрашув турли мамлакатлар касаба уюшмалари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор тажрибалар билан алмашиш ҳамда қўшма стратегияларни ишлаб чиқиш учун муҳим платформа вазифасини ўтади.
Иштирокчилар келгусида ҳам фаол ҳамкорликни давом эттириш ва қўшма ташаббуслар орқали минтақадаги ходимлар манфаатларини ҳимоя қилишга келишиб олдилар.
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский