[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

29.12.2025. Бола – бу ўзгача бир олам, ҳаёт мазмунининг ажралмас қисмидир. Кўзларида эзгулик ва меҳр қалқиб турган болажон мусаффо осмонда эркин парвоз этаётган қалдирғоч мисоли. Шу боис ҳам мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан ҳар томонлама баркамол авлод тарбиясига юксак эътибор қаратилиб, кўплаб эзгу ишлар амалга оширилмоқда.

Яқинлашиб келаётган янги йил арафасида ҳам болажон юрт ва бахтиёр болалар мамлакати бўлган Янги Ўзбекистонда эртамиз эгалари учун ўзгача руҳ ва кўтаринки кайфият улашувчи қатор байрам тадбирлари ўтказилмоқда. Ана шундай шукуҳли тадбирлардан бири Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Ўзбекистон Миллий гвардияси билан ҳамкорликда пойтахтимиздаги Ўзбекистон касаба уюшмалари саройида ўтказилди.

Байрам тадбири ва “Қарсилдоқнинг янги саргузаштлари” номли мусиқали эртак томошасига Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги Меҳрибонлик уйлари ва Оилавий болалар уйларида  тарбияланаётган ўғил-қизлар, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва ногиронлиги бор ота-оналар фарзандлари ҳамда жисмоний имконияти чекланган болажонлар таклиф этилди.

Президентимиз ташаббуслари билан қайта тикланиб, халқимизга тақдим этилган мазкур муҳташам саройда болажонлар тантанали равишда куй ва қўшиқлар садоси остида кутиб олинди. Мазкур тантанали байрам тадбири болажонларга олам-олам қувонч бахш этди. Ёш авлод вакилларига пешвоз чиққан Қорбобо ва Қорқиз ҳамда турли эртак қаҳрамонлари иштирокидаги қизиқарли ўйинлар болажонлар кайфиятини янада кўтарди.

Сарой фойесида болажонлар ва уларга ҳамроҳлик қилувчилар учун мазали тамолар ва ширинликлардан иборат байрам дастурхонлари ташкил этилди.

Шундан сўнг болажонлар учун Ўзбекистон касаба уюшмалари саройи қошидаги “Қалдирғоч” болалар санъат маркази томонидан махсус саҳналаштирилган “Қарсилдоқнинг янги саргузаштлари” номли мусиқали эртак спектакли намойиш этилди.

Ушбу эртак орқали болажонлар катталар эъзозланиб, кичиклар иззатланган, эзгуликларни амалга ошириш асосий мақсад бўлган юртдагина инсон ўзини чинакамига бахтли ҳис қилиши мумкинлигининг гувоҳи бўлдилар. Шунингдек, тадбирда меҳр-мурувватли бўлиш ва ўзгаларга ёрдам қўлини чўзиш энг олий фазилатлардан бири эканлиги, эзгуликнинг ёвузлик устидан ғалабаси, олий мақсад йўлида доимо олға интилиш ва ўзаро ишончни оқлаш зарурлиги тараннум этилди.

Спектаклдан сўнг болажонлар маданий тадбирда ҳам иштирок этдилар.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати