[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

07.01.2026. Дунё аҳолисининг 2 миллиарддан зиёди, яъни 25 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Мамлакатимизда эса ёшлар қатлами жами аҳолининг қарийб 60 фоизига яқин. Шунинг учун Ўзбекистон ёшлар мамлакати сифатида эътироф этилади. Юртимизда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳурматли Президентимизнинг кўплаб фармон ва қарорлари қабул қилиниб, улар доирасида ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор ишлар амалга оширилди, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор ва шижоатли ёшларни тарбиялаш борасида алоҳида тизим яратилди. Айни пайтда ёшларга оид давлат сиёсати тўлиқ ушбу мақсадларга йўналтирилган. Ёш авлодга ҳуқуқий кафолатларни яратишдан тортиб, сифатли билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, тадбиркорлик билан шуғулланиши, шахс сифатида камол топиши, қўйингки, меҳнат қилиб, фаровон келажагини бунёд этиши учун барча имкониятлар сафарбар этилмоқда.

Бу борада Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳам ёшлар сиёсати борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўтказилаётган турли танлов ва тадбирларнинг ўрни ва аҳамияти ниҳоятда муҳимлигини таъкидлаш лозим. Бу айниқса, ёш авлодни касаба уюшмалари тизимларига кенг жалб қилиш, ижтимоий-сиёсий кўникмаларини янада мукаммаллаштириш масалаларида яққол кўзга ташланмоқда.

Мамлакат ижтимоий ҳаётида ёшлар иштирокини кучайтириш, юрт тараққиёти йўлида ёшларнинг дахлдорлиги ва масъулиятини оширишга яқиндан кўмаклашиш мақсадида 2025 йил февралида вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси ва вилоят Кенгашининг “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят Кенгаши тизимида ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган йиллик Ёшлар дастури” ишлаб чиқилди.

“Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят Кенгаши тизимида ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган йиллик Ёшлар дастури” асосида тармоқ касаба уюшмалари, туман ва шаҳар кенгашлари, бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларида бирлашма ва комиссияларнинг дастурлари ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар дастури 22 та йўналишни ўз ичига қамраб олган бўлиб, мазкур йўналишларнинг ҳар бири айнан ёшларни рағбатлантириш, уларга эътибор қаратиш ва салоҳиятли ёшлар сафини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида таъсис этилган “Касаба уюшмалари стипендияси” бўйича ҳар бир ҳудуддан бир нафардан талабалар рўйхати шакллантирилиб, ғолиб деб топилган Суннатова Нозима Исматилло қизига ойма-ой ўз вақтида стипендия тўлаб берилди.

Ташкилотдаги ёш ходимларнинг ташаббус ва қизиқишларини яқиндан ўрганиш ҳамда ёш ходимларнинг раҳбарият билан тўғридан-тўғри очиқ мулоқотини йўлга қўйиш мақсадида “Раҳбар ва ёшлар” учрашувида 4 286 нафар ёшларнинг иштироки таъминланди.

15 февраль – Саратон касаллигига чалинган болалар куни муносабати билан “Мен донорман” хайрия акцияси ўтказилиб, унда 79 нафар ёшлар иштирок этди.

Ёшларда ватанпарварлик, юртга садоқат, ҳалоллик ва мардлик туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган 40 дан ортиқ маънавий-маърифий тадбирларда 5 372 нафар ёш иштирок этди. Улар ўртасида экологик маданиятни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган “Экотуризм” акцияси доирасида 190 нафар ёш қамраб олинди. 7 апрель – Бутун жаҳон саломатлик куни муносабати билан корхона ва ташкилотларда ишлаётган ёшлар иштирокида ташкил этилган юриш бўйича марафонларда 1 000 нафарга яқин ёш қатнашди. Нуроний ва меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиш орқали ёшлар онгида оила муқаддаслиги, миллий қадриятларга содиқлик ғояларини шакллантириш мақсадида “Нуронийлар эъзозимизда” номли учрашув ва давра суҳбатларида 350 нафардан ортиқ ёш иштирок этди.

Ташкилотдаги ёш ходимларга миллий қадриятларимизни сингдириш ва тарихга бўлган ҳурматини ошириш мақсадида мамлакатимизнинг тарихий обидалари ва қадамжоларига зиёрат туризми дастурлари амалга оширилиб, 1 300 нафар ёшларнинг саёҳатлари ташкил этилди.

Ёш ходимлар иштирокида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилиб, унда 240 нафар иштирок этди. Меҳнат жамоаларидаги ёш ходимлар ўртасида спортнинг “Стол тенниси” тури бўйича ўтказилган мусобақада 100 нафар иштирок этди. Вилоятдаги касбий таълим ташкилоти талабалари иштирокида ўтказилган “Меҳнат ҳуқуқи билимдони” танловида 50 нафар иштирок этди. Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги муносабати билан Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да ўтказилган “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кубоги” учун шахмат мусобақасининг вилоят босқичида 100 нафар ёшларнинг фаол иштироки таъминланди.

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят Кенгаши ҳамда аъзо ташкилотлар томонидан вилоятдаги 500 нафар “Оилавий болалар уйи” тарбияланувчилари, мустақиллик йилларида хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбийлар ва Ички ишлар идоралари ходимлари фарзандлари, чин етим ва эҳтиёжманд оилалар фарзандлари, иқтидорли болаларнинг вилоят қўғирчоқ театрига, 300 дан ортиқ болаларнинг ҳайвонот боғига, мингдан ортиқ болаларнинг маданият ва истироҳат боғларига ташрифлари ташкил этилди. 100 дан ортиқ маданий-маърифий ва спорт тадбирлари уюштирилиб, мингдан ортиқ болаларнинг иштироки таъминланди.

Уларга касаба уюшмалари ва иш берувчилар томонидан турли кўринишдаги байрам совғалари улашилди. Махсус мактаб-интернатларда тарбияланаётган 200 нафар болаларга манзилли ташрифлар уюштирилди.

Шунингдек, ёшлар сиёсатини амалга ошириш бўйича белгиланган масалалар Бош келишув, тармоқ ва ҳудудий келишувлар ҳамда корхона, ташкилот ва муассасаларда имзоланаётган жамоа шартномаларида ўз ифодасини топиб келмоқда. Жамоа келишувлари ва шартномаларига ёшлар учун қўшимча имтиёз ва кафолатлар кўзда тутилган алоҳида бўлимлар киритилишига эришилди. Олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида таълим олаётган, корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ёшларнинг интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор кўрик-танловлар ўтказилиб, ғолиблар муносиб тақдирланди.

Давлат дастури доирасида 2025 йилнинг ўтган даврида меҳнат жамоаларида фаолият олиб бораётган ёшларга жамоа шартномалари орқали қуйидаги ёрдамлар кўрсатилди:
996 та корхона, ташкилот ва муассасада 4 290 нафар кам таъминланган оилалар вакилларига иш берувчи томонидан 2 332 539,3 минг сўм ва касаба уюшмаси томонидан 1 390 358,5 минг сўмлик моддий ёрдамлар кўрсатилди;
124 та нодавлат мулк шаклидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган болали 219 нафар аёлларга ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақти ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланди ва бунинг учун иш берувчилар томонидан 114 232,0 минг сўм маблағ сарфланди;
35 та корхона, ташкилот ва муассасада олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 37 нафар иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабаларга 289 980,0 минг сўмлик ўқув шартнома маблағлари қисман тўлаб берилди;
34 та корхона, ташкилот ва муассасада 40 нафар ёш оилаларга уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш учун 387 800,0 минг сўмлик фоизсиз ссудалар ажратилди;
231 та корхона, ташкилот ва муассасада 350 нафар икки ёшдан уч ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган ёш оналарга 189 947,0 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди;
41 та корхона, ташкилот ва муассасада 46 нафар ёш ходимларга сафарбарлик захирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан 278 400,0 минг сўмлик фоизсиз ссудалар берилди.

Шу билан бирга, кам таъминланган ва ижтимоий-иқтисодий ҳимояга муҳтож ходимлар фарзандларининг таҳсил олишлари учун уларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида белгиланган тартибда амалий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда. 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят Кенгаши ташаббуси билан вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида даволанаётган болажонларга байрам совғалари улашилди. Шунингдек, ташкилот раҳбарлари томонидан якка тартибда уйда таълим олаётган ўқувчилар ҳолидан хабар олинди. Вилоят Кенгаши ташаббуси билан Хатирчи туманидаги Чангир, Қорача, Найман, Хўжақўрғон ва А. Навоий МФЙларда яшовчи эҳтиёжманд ҳамда ногиронлиги мавжуд оилаларга ташриф буюрилиб, улар байрам билан табрикланди, фарзандларига Янги йил совғалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди. Инсон қадр-қимматини юксалтиришга қаратилган бундай эътибор учун фуқаролар, айниқса ёшлар, чуқур миннатдорлик билдирдилар.

Жорий йилнинг бугунги кунига қадар 60 нафар ёш ишчи-ходимларга вилоят Кенгашининг юридик бўлими томонидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, 35 нафар ёш ишчи-ходимлар вилоят Кенгашининг касаба уюшмалари ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан соғломлаштирилди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган ғоя мужассам. Ана шу ҳаётбахш ғоя асосида одамлар дарди билан яшаш, уларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш фаолиятимизнинг асосий мезонларидан бирига айланди. Биз касаба уюшмаларида фаолият юритар эканмиз, барчамизнинг мақсадимиз битта — ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, касаба уюшмаси аъзолигига янада кўпроқ ёшларни жалб этиш ҳамда уларнинг ҳуқуқий манфаатларини таъминлашдан иборат.

Шуни катта ишонч билан айта оламизки, навоийлик ёшларнинг барчаси бугунги ҳаётдан мамнун, эртанги кундан умидлари катта. Биз касаба уюшмалари йўналишида амалга ошираётган ишларимиз орқали ёш авлоднинг эртанги куни янада фаровон бўлишига муносиб ҳисса қўшаётганимиздан бениҳоя мамнунмиз.

Дилафрўз Ўразова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят Кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси