[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

15.01.2026. 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда тармоқ тизимидаги ташкилотлар томонидан “Янги Ўзбекистон армияси — мамлакат таянчи, халқимиз фахри”, “Миллий армия — Она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони”, “Халқ ва армия — бир тан, бир жон” шиорлари остида маданий-маърифий тадбирлар ва спорт мусобақалари ўтказилди.

Касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан тармоқ тизимидаги Тошкент кимё-технология институти академик лицейи ўқувчилари учун Темурийлар тарихи давлат музейига экскурсия ташкил этилди.

Ўқувчилар музейда Темурийлар давлати тарихи ҳамда ўша даврда олиб борилган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар. Жумладан, музейнинг марказий деворига ишланган “Буюк Соҳибқирон — буюк бунёдкор” деб номланган панно ва унинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот олдилар. Шунингдек, музейнинг учинчи қаватида жой олган Марказий Осиёнинг илк Уйғониш давридан то Соҳибқирон давригача ва темурийлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи экспонатлар ҳамда ранг-баранг осори атиқаларни кўздан кечирдилар.

Тармоқ тизимидаги “Navoiyazot” АЖ ишлаб чиқариш мажмуалари ва цехлари ходимларидан иборат 5 та жамоа иштирокида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди. Иштирокчилар қизғин баҳсларда ҳозиржавоблик, топқирлик, мантиқий фикрлаш ва тезкорлик синовидан ўтдилар. Ғолиблар ва совриндорлар жамият касаба уюшмаси қўмитаси томонидан рағбатлантирилди.

“Ammofos-Maxam” АЖ касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ҳам Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан спорт мусобақалари ўтказилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда “Санъат шоу” концерт дастури ташкил этилди. Ўзбек Муқимий номидаги давлат мусиқали театри санъаткорлари иштирокида эса “Ватан туйғуси” спектакли намойиш этилди.

“Qizilqum fosforit kompleksi” АЖ касаба уюшмаси қўмитаси томонидан эркаклар ўртасида баскетбол мусобақалари ўтказилди. Унда цех ва бўлимлардан тузилган 8 та жамоа ғалаба учун майдонга тушди. Ҳар бир учрашув кескин баҳслар, аниқ зарбалар ва жамоавий ҳамжиҳатлик намойишига бой бўлди.

Мусобақа якунларига кўра ғолиб жамоаларга корхона раҳбарияти ва касаба уюшмаси қўмитаси томонидан диплом ҳамда пул мукофотлари тақдим этилди.