31.01.2026. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 17 октябрь куни касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан бўлиб ўтган учрашувда касаба уюшмалари билан маҳаллалар уюшмаси ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш бўйича қатор вазифаларни илгари сурган эди. Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббусига кўра Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан ўзаро ҳамкорлик бўйича Меморандум имзолаш маросими ўтказилди.
Видеоконференц алоқа форматида ташкил этилган анжуманда Марказий студиядан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва тармоқ касаба уюшмалари Республика Кенгашлари мутасаддилари ҳамда масъул ходимлари, ҳудудий студиялардан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий кенгашлари, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг ҳудудий бошқармалари ва туман бўлимлари мутасаддилари, жами мингга яқин маҳалла раислари иштирок этдилар.
Йиғилишни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков олиб борди.
Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 17 октябрь куни касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан бўлиб ўтган тарихий учрашувида Давлатимиз Раҳбари томонидан касаба уюшмалари ва маҳалла институти ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш, хотин-қизларнинг фаол ижтимоий қатлам бўлиб шаклланишида “Касаба уюшмалари – аёллар манфаати йўлида” шиори асосида янги тизимни йўлга қўйиш таклифи илгари сурилган эди. Ушбу тизим доирасида Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан меҳнат бозорида хотин-қизлар учун тенг имкониятлар яратиш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига ва ижтимоий фаоллигини оширишга кўмаклашиш бўйича янги ёндашувларни жорий этиш вазифаси белгилаб берилганди.
Бунда хотин-қизларнинг уй-жой ва яшаш шароитларини яхшилаш, тиббий, психологик, ҳуқуқий ёрдамга муҳтож, тазъйиқ ва зўравонликка учраган аёлларни ҳам “Аёллар дафтари” орқали қўллаб-қувватлашни йўлга қўйиш, қишлоқ жойларда аёллар бандлиги ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш дастурларини янада кенгайтириш, ҳар йили меҳнат жамоаларидаги гендер аудит натижаларини муҳокама қилиб, иш берувчилар билан биргаликда хотин-қизларга янада қулай меҳнат шароитларини яратиш, 14 та тармоқ касаба уюшмаларининг гендер тенгликни таъминлаш учун манзилли стратегиялар ишлаб чиқиш бўйича чоралар кўриб бориши лозимлиги таъкидланганди.
Бундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан касаба уюшмалари мутасаддиларининг “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда хотин-қизларга амалий ёрдам бериш тизимини кучайтириш мақсадида касаба уюшмалари ҳамда маҳаллалар уюшмаси ўртасида Ҳамкорлик меморандуми ишлаб чиқилди.
Ушбу Меморандумдан кўзланган асосий мақсад – “Аёллар дафтари” тизимининг янги босқичида эҳтиёжманд ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлигини йўлга қўйиш ҳамда уларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган чора-тадбирларни биргаликда амалга оширишдан иборатдир.
Таъкидлаш зарурки, Меморандум жами 9 та моддадан иборат бўлиб, у муҳим ижтимоий лойиҳани мукаммал даражада ташкил этиш механизмини ўз ичига олади. Шубҳасиз, мазкур ҳужжат Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Йиғилишда таъкидланганидек, Президентимиз ташаббуси билан хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилиш бўйича йўлга қўйилган ва дунёда аналоги бўлмаган ноёб тизим – “Аёллар дафтари” тизимининг 6 та босқичи орқали 2021 йилдан то бугунги кунгача Республика бўйича жами 4,5 млн. нафардан зиёд эҳтиёжманд хотин-қизларга амалий ёрдамлар берилди. Бунинг учун жами 7 триллион сўмга яқин маблағ йўналтирилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан узоқни кўзлаб юритилаётган одилона ва халқчил сиёсат натижасида “маҳалла еттилиги” тизими жорий этилганидан сўнг эса “Аёллар дафтари” тизими доирасидаги ишлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
Йиғилишда “Аёллар дафтари” тизимини амалга ошириш бўйича ишлар самарадорлигини юксалтириш ва касаба уюшмалари билан маҳаллалар ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида амалга ошириладиган ишлар чуқур таҳлил этилди. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳар бир вилоят, туман, шаҳарга ҳамда маҳаллаларга масъуллар бириткирилиши қайд этиб ўтилди. Улар маҳалла раиси бошчилигидаги “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда анкета-сўровнома асосида хотин-қизларнинг муаммоларини ҳар йилнинг 1 мартигача хонадонма-хонадон юриб, ўрганишади. Анкета-сўровномалар тўлдирилганидан сўнг “маҳалла еттилиги” аъзолари томонидан хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлик даражаси, яъни тоифаси аниқланиб, рўйхат шакллантирилади. Ҳар бир хотин-қиз учун индивидуал дастур ишлаб чиқилади ва масъул ташкилотлар билан келишилган ҳолда “маҳалла еттилиги” томонидан тасдиқланади. “Маҳалла еттилиги” ва маҳаллага бириктирилган касаба уюшмалари ходими томонидан “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга ижро этувчи ташкилотлар томонидан белгиланган ёрдамлар кўрсатилиши доимий мониторинг қилиб борилади. “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг индивидуал дастурда қайд этилган масалалари тўлиқ ҳал этилганидан кейингина ҳар йили декабрь ойида “маҳалла еттилиги” туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлими билан келишилган ҳолда уларни “Аёллар дафтари”дан чиқаради.
Борди-ю ҳал этилмай қолган масалалар бўлса, уларни туман, вилоят ва республика даражасига кўтариб, муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш чоралари кўрилади.
Бу борада икки жамоат ташкилотининг ҳамкорлиги Президентимизнинг инсонпарвар ташаббусларининг амалдаги ижросига хизмат қилади.
Йиғилишда иштирок этаётган касаба уюшмалари ва маҳаллалар уюшмаси мутасаддилари ҳам ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, Давлатимиз Раҳбари касаба уюшмалари фаоллари билан учрашувда “биз маҳалла институтини тубдан ислоҳ қилиб, барча даражадаги раҳбарлар энг қуйи бўғинга тушиб ишлайдиган халқчил тизим яратдик… Энди, касаба уюшмалари ҳам маҳаллалар билан яқиндан ишлайдиган самарали тизимни йўлга қўйса, ўйлайманки, тўғри бўлади” деб таъкидлаган эдилар.
Мазкур топшириқ ижросининг амалий ифодаси сифатида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси вакиллари Президентимизнинг хотин-қизларга амалий ёрдам бериш бўйича топшириқлари ижросини таъминлаш йўлида бир ёқадан бош чиқариб, опа-сингилларимиз ҳаётига ёруғлик ва розилик олиб киришдек эзгу иш йўлида бор имкониятларини ишга солишлари ва якдиллик билан иш олиб боришларини таъкидладилар. Бу йўлда барча мутасадди ташкилотларни халқимизни рози қилишдек улкан масъулият бирлаштириб тургани қайд этилди.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский