[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

08.02.2026. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Уни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси раиси Қудратилла Рафиков олиб борди.

Видеоселектор йиғилишида Марказий студиядан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари мутасаддилари, ҳудудий студиялардан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ва вилоятлар ҳокимларининг Оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари, Маҳаллалар уюшмасининг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, Федерациянинг ҳудудий кенгашлари раислари ва масъул ходимлари, туман (шаҳар) ҳокимларининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари, Маҳаллалар уюшмасининг туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари иштирок этдилар.

Кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан амалда татбиқ этилган ноёб тизим – “Аёллар дафтари” тизимининг 7-босқичига тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда таъкидланганидек, 2021 йилдан бери муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан жорий этилган “Аёллар дафтари” тизимининг 6 та босқичи орқали шу пайтгача Республика бўйича жами 4 млн 538 минг нафардан зиёд эҳтиёжманд хотин-қизларга амалий ёрдамлар берилди. Биргина 2025 йил давомида Аёллар дафтари” тизимининг 6-босқичида жами 1 млн 22 минг нафарга яқин хотин-қизга ижтимоий ёрдамлар кўрсатилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 17 октябрь куни касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан бўлиб ўтган учрашувида “Аёллар дафтари” билан боғлиқ 2 та муҳим вазифа илгари сурилган эди. Хусусан, “Аёллар дафтари” тизими доирасида Касаба уюшмалари билан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаб, ишларни маҳалла даражасида манзилли ташкил этиш вазифаси белгиланган эди. Маълумки, унинг ижроси юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Маҳаллалар уюшмаси билан Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Иккинчи эса, “Аёллар дафтари” тизимини янада такомиллаштириб, у орқали уй-жой ва яшаш шароитини яхшилашга, тиббий ва психологик ёрдамга муҳтож, тазйиқ ва зўравонликка учраган, ҳуқуқий ёрдамга муҳтож аёлларга ҳам амалий ёрдам бериш вазифаси бўлиб, мазкур топшириққа асосан Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда “Аёллар дафтари” тизимининг 7-босқичи юқори савияда ва сифатли амалга оширилади.

Эндиликда “Аёллар дафтари”га киритиладиган хотин-қизлар тоифалари янада такомиллаштирилиб, 5 та тоифа бўйича, яъни, ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган опа-сингилларимиз, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож хотин-қизлар, тиббий ва психологик ёрдамга муҳтож хотин-қизлар ҳамда ҳуқуқий ёрдамга муҳтож хотин-қизлар рўйхатга киритилиши кўзда тутилмоқда.  

1-тоифага бандлиги таъминланмаган, ишлаш истагида бўлган ва даромад манбаига эга бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар киритилади.

2-тоифага киритиладиган хотин-қизларга имтиёзли кредитлар берилади. Булар: бандлиги таъминланмаган ва тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар ҳамда тадбиркорлигини йўлга қўйган ва ушбу фаолияти ривожланишининг дастлабки босқичида турган тадбиркор ёки ўзини-ўзи банд қилган хотин-қизлардир.

3-тоифага эса уй-жойи таъмирлашга муҳтож, бироқ оиласининг моддий имконияти етмайдиган эҳтиёжманд хотин-қизлар, шунингдек, нотурар жойларда истиқомат қилаётган, доимий яшаш учун турар жойи бўлмаган, бир хонадонда (кичик ҳовлида) уч ва ундан ортиқ оила яшаётган ва уй-жой майдони белгиланган ижтимоий нормадан кам бўлган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган, хусусий уй-жой фондида ижара ҳуқуқи асосида истиқомат қилаётган хотин-қизлар киритилади. Ушбу хотин-қизларга ижара компенсация тўлови тўлаб берилади ёки молиявий имкониятдан келиб чиқиб, уй-жой билан таъминланади.

4-тоифага руҳий ҳолатини яхшилашга ёки Ижтимоий реестрга киритилган оила аъзоларини жарроҳлик амалиётисиз даволаш ва жарроҳлик амалиётини ўтказишга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар киритилади.

5-тоифага ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган, ажрим, яраштирув, суд, алимент ва бошқа шу каби масалаларда маслаҳат ва амалий ёрдамга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар киритилади.

“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга кўрсатиладиган амалий ёрдамлар жараёнида уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлиши, соғлигини тиклаши, руҳий ҳолатини яхшилаш, ҳуқуқларининг тикланиши каби янги турдаги ижтимоий ёрдамлар кўрсатиш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, тадбиркорлик фаолияти учун имтиёзли кредитлар турлари кенгайтирилиши кўзда тутилган.

Сирасини айтганда, асосий мақсад – эҳтиёжманд хотин-қизларга шунчаки бир марталик ёрдам кўрсатиш эмас, балки уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлиши ва камбағалликдан халос бўлишига кўмаклашишдан иборатдир. Энг муҳими муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан жорий йилда ҳам “Аёллар дафтари” орқали 1 млн нафар эҳтиёжманд хотин-қизга манзилли ёрдам кўрсатилиши режалаштирилган. Хусусан, ҳудудлар кесимида таҳлиллар шуни кўрсатадики, Қорақалпоғистон Республикасида58 минг,  Андижон вилоятида 82 минг, Бухорода 62 минг, Жиззахда 46 минг, Қашқадарёда 102 минг, Навоийда 30 минг, Наманганда 82 минг, Самарқандда 105 минг, Сирдарёда 27 минг, Сурхондарёда 71 минг, Тошкент вилоятида 90 минг, Фарғонада 112 минг, Хоразмда 60 минг, Тошкент шаҳрида 98 минг эҳтиёжманд хотин-қизга ёрдам кўрсатилиши зарур.

Бунинг учун, маҳаллалардаги хотин-қизларни хатловдан ўтказилиб, “дафтар”га киритиладиган хотин-қизлар рўйхатлари шакллантирилади ҳамда “маҳалла еттилиги” томонидан тасдиқланади. Шу мақсадда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳар бир ҳудуд, туман ва шаҳарга масъуллар, Маҳаллалар уюшмаси билан имзоланган Ҳамкорлик меморандумига мувофиқ эса ҳар 10 та маҳаллага бир нафардан касаба уюшмаси ходими бириктирилади. Шунингдек, “маҳалла – туман (шаҳар) – вилоят” даражасида штаблар ташкил этилади. Маҳалла штабига “маҳалла еттилиги” аъзолари киритилади. Туман (шаҳар) ҳамда вилоят штаблари таркибига – “Аёллар дафтари” тизими бўйича масъул вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари раҳбарлари киритилади. Барча даражадаги штаблар фаолияти касаба уюшмаларидан бириктирилган вакиллар томонидан мувофиқлаштириб борилади.

Масъуллар томонидан анкета-сўровнома асосида хотин-қизларнинг барча йўналишдаги муаммолари уйма-уй юриш орқали ўрганилади ва бунинг асосида “маҳалла еттилиги” томонидан хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлик даражаси, яъни тоифаси аниқланади ҳамда “Аёллар дафтари”га киритиладиган хотин-қизларнинг рўйхатлари шакллантирилиб, “маҳалла еттилиги”нинг коллегиал қарори билан тасдиқланади.

Рўйхатлар тузилгандан сўнг ҳар бир хотин-қиз учун индивидуал дастур ишлаб чиқилади ва масъул ташкилотлар билан келишилган ҳолда “маҳалла еттилиги” томонидан тасдиқланади. Индивидуал дастурда ҳар бир эҳтиёжманд аёлга кўрсатиладиган асосий ва қўшимча “амалий ёрдамлар” аниқ кўрсатилади. Бунда муҳим жиҳатлардан яна бири -Индивидуал дастур тасдиқланишидан аввал “дафтар”га киритилаётган аёлнинг ўзига кўрсатилиб, имзолатилади.

Видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифаларни юқори савияда амалга оширишни таъминлаш борасида марказий ва ҳудудий студиялардан иштирок этган мутасадди ва масъуллар ҳам ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Йиғилиш якунида Президентимиз ташаббуслари билан амалга киритилган “Аёллар дафтари” тизими доирасида амалга оширилаётган эзгу ишлар миллионлаб опа-сингилларимиз ва уларнинг оилалари турмуш шароитларини янада яхшилаш, уларнинг ҳаётига ёруғлик ва розилик олиб киришга қаратилгани, бунинг учун барча масъуллар бор имкониятларни ишга солиши ва якдиллик билан иш олиб бориши зарурлиги таъкидланди.  Бу йўлда барча мутасадди ташкилотларни халқимизни рози қилишдек улкан масъулият бирлаштириб тургани қайд этилди.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари