16.02.2026. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 26-январдаги 1-сонли баёнига кўра “11 февраль – Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар куни”га бағишлаб ўтказилган “Илм ва аёл: барқарор жамият сари” мавзусидаги ҳафталикда мамлакат касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этдилар. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва унга аъзо ташкилотлар томонидан меҳнат жамоаларида мавзуга оид марифий тадбирлар, Давра суҳбатлари, семинар ва конференциялар ташкил этилди.
Ана шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академиясида ўтказилди. “Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар куни” муносабати билан “Илм ва аёл: барқарор жамият сари” шиори остида ташкил этилган ҳафталик доирасида илм-фан ва инновациялар соҳасида аёлларнинг ролини юксалтириш, талаба-қизларнинг илмий, ижодий ва технологик салоҳиятини ривожлантириш, аёлларнинг ахборот технологиялари (АТ) ва сунъий интеллект соҳасидаги иштирокини қўллаб-қувватлаш ҳамда илмга қизиқишлари, мотивация ва ижтимоий фаолликларини оширишга йўналтирилган бир қатор тадбирлар амалга оширилди.
Жумладан, ҳафталик доирасида тадқиқотчи талаба-қизлар ўртасида “PhD (фалсафа доктори) сари қадам” лойиҳаси амалга оширилиб, илмий-амалий семинар ташкил этилди.
Ушбу семинарда Академиянинг Юриспруденция кафедраси доценти, ҳуқуқшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори Азиза Ходжаева томонидан иқтидорли талаба-қизлар учун мастер-класс ташкил этилиб, PhD босқичига тайёргарликни кучайтириш, илмий тадқиқот методологиясини ўрганиш, илмий мақола ёзиш ва нашр этиш кўникмаларини шакллантириш, халқаро журналлар билан ишлаш, илмий раҳбар топиш ва диссертация мавзусини аниқлаш борасида маслаҳат ва тавсиялар берилди. Энг муҳими, лойиҳа доирасида амалий машғулотларни мунтазам равишда ташкил этиб боришга келишиб олинди.
Шунингдек, 2025/2026-ўқув йили учун Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси соҳиби, 106/22-гуруҳ талабаси Нигора Мақсудова ҳамда Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси соҳиби, 101/22-гуруҳ талабаси Сарвинозхон Базарова билан Академия талабаларининг учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда совриндор талабалар ва уларнинг илмий раҳбарлари муносиб рағбатлантирилди.
Лойиҳа доирасида ўтказилган яна бир тадбир – Юридик фанлари доктори, профессор, Фахрий Сенатор Мавжуда Ражабова билан ташкил этилган давра суҳбатида Академия раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар, иқтидорли талаба-ёшлар ҳамда турли соҳаларда самарали фаолият олиб бораётган олима ва мутахассислар иштирок этдилар. Мавжуда Ражабова ўзининг бой ҳаётий тажрибаларини талабалар билан ўртоқлашди.
Давра суҳбатида сўзга чиққанлар мамлакатимизда Президентимиз томонидан хотин-қизларнинг замонавий илм-фан соҳасида салоҳиятларини намоён этишлари учун яратилаётган кенг имкониятлар натижасида уларнинг таълим, рақамли технологиялар ва инновациялар соҳасида эришаётган ютуқлари, илмий изланишлари натижасида жамиятда юз бераётган ижобий ўзгаришларни алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий фаолиятини рағбатлантириш ва гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар алоҳида эътироф этилди. Тадбир доирасида муваффақиятли илмий фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчи аёллар ҳамда илмий-ижодий ютуқларга эришган талаба-қизлар Фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар билан тақдирланди.
Иштирокчилар ўртасида очиқ мулоқот ва тажриба алмашиш жараёнлари ташкил этилди. «Илм ва аёл: барқарор жамият сари» тадбири илм-фан тараққиётида аёлларнинг ўрни беқиёс эканини яна бир бор намоён этди.
Шунингдек, Академияда фаолият юритиб, докторлик диссертациялари устида ишлаётган докторант ва тадқиқотчи аёллар, таълимнинг бакалавриат йўналишида ўқиб, самарали изланишлар олиб бораётган иқтидорли талаба қизлар иштирокида “Ўзбекистон ёш олима қизлари – Учинчи Ренессанс бунёдкорлари” мавзусида давра суҳбати ҳам ташкил этилди.
Ушбу давра суҳбати давомида илмий тадқиқот ишларини бошлаётган талаба қизларга зарур илмий тавсия ва маълумотлар берилди.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матуот хизмати раҳбари
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский