18.02.2026. “Navoiyazot” акциядорлик жамиятида 2024-2026 йилларга мўлжалланган жамоа шартномасининг 2025 йилдаги ижроси муҳокамасига бағишланган меҳнат жамоаси конференцияси ўтказилди.
Конференцияда ишлаб чиқариш цехларидан сайланган 200 нафар делегат иштирок этди.
Унда корхона бошқаруви раиси Фаррух Самадов ва касаба уюшма қўмитаси раиси Феруза Файзиева ижтимоий шериклик асосида иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси томонидан ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги хуқуқларини ҳимоялаш борасида 2025 йилда амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот бердилар.
Ҳисоботларда таъкидланганидек, “Navoiyazot” акциядорлик жамиятида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга иш ҳақи ва нафақалар ўз вақтида тўланишини таъминлаш, ходимлар ва уларнинг фарзандларини соғломлаштиришни ташкил этиш билан бир қаторда ижтимоий шериклик асосида имзоланган жамоа шартномасига Давлат дастури асосида қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, уларнинг бажарилиши таъминланиб келинган.
Қайд этиш зарурки, бугунги кунда корхонада жамоа шартномаси орқали кенг доирадаги масалалар ўз ечимини топмоқда ва бу нафақат меҳнат муносабатларини самарали ташкил этиш, меҳнат шароитларини баҳолаш мезонларини келишиб олиш, балки барқарорлик ва меҳнат жамоаларида ҳамжиҳат бўлиб ишлаш имконини бермоқда.
Конференцияда 2024-2026 йилларга тузилган жамоа шартномасининг 2025 йилда бажарилиши якунлари бўйича маъмурият ва касаба уюшма қўмитасининг ҳисоботлари билан бирга ижтимоий меҳнат масалалари бўйича далолатномаси ҳам эшитилди.
Шундан сўнг Жамоа шартномасига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида маълумот берилди.
Конференция делегатлари “Navoiyazot” акциядорлик жамияти Жамоа шартномасининг 2025 йилда бажарилиши борасида иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси ҳамкорлигида амалга оширилган ишларни бир овоздан қониқарли деб баҳоладилар ҳамда жамоа шартномасига киритилаётган имтиёзларни маъқулладилар.
Муҳокамалар жараёнида маърузачиларга иштирокчилар томонидан берилган саволлар ва таклифларга батафсил жавоблар ва тушунтиришлар берилди.
Муҳокамаларда сўзга чиққан корхона ходимлари жамоа шартномаси тадбирларини бажариш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун маъмурият ва касаба уюшма қўмитасига миннатдорчилик билдирдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский