[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

17.03.2026. Ўзбекистон касаба уюшмалари боғида катта кўламдаги кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш тадбири ўтказилиб, янги дарахт ва гул кўчатлари экилди.

Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан ҳаётга татбиқ этилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Республикамизнинг барча ҳудудларида янги боғлар ташкил этилиб, кўплаб мевали ва манзарали дарахт ниҳоллари экилмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам бундай хайрли ишларга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Жумадан, Республикамиз ҳудудларида Касаба уюшмалари боғлари барпо этилиб, минглаб дарахт кўчатлари ўтказилмоқда ва уларни доимий парваришлаш тизими йўлга қўйилмоқда.

Ўлкамизда янгиланиш фасли бўлмиш баҳор нафаси уфуриб турган кунларда  Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан яна бир хайрли ишга қўл урилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 6 мартдаги “2026 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарорига асосан байрамга муносиб туҳфа сифатида Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида ташкил этилган “Касаба уюшмалари боғи”да катта кўламдаги “Кўчат экиш” акцияси ҳамда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари ўтказилди.

Маълумки, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида ташкил этилган “Касаба уюшмалари боғи”             5,5 гектарни ташкил этади. Айни кунда мазкур боғда жами 46 минг 250 туп дарахт ва гул кўчатлари, шу жумладан, 5 минг туп олма, 200 туп гилос, 100 туп нок, 250 туп шафтоли, 200 дона можевельник, 50 та мажнунтол, 50 туп қоратол, 200 туп тут ва 200 туп манзарали дарахт кўчатлари, 20 мингдан ортиқ хризантема ва 20 минг тупдан ортиқ атиргул кўчатлари экилган бўлиб, тегишли тартибда парваришлаб келинмоқда. Ўтган қисқа вақт ичида Касаба уюшмалари боғи ҳудудига янги ниҳолларни ўтказиш, мавжудларини меҳр билан парваришлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилгани натижасида заранг, шумтол, сакура, каштан дарахтлари, шу билан бирга бутасимон ўсимликлар ҳам гуркираб ривожланмоқда. Шу тариқа қисқа вақт ичида кенг майдонда инсон кўзини яшнатиб, дилларга ором берувчи яхлит гўзал манзара ҳосил қилиниб, яшилликнинг бетакрор симфонияси яратилди. Боғ замонавий деворлар билан ўралиб, унинг атрофлари ободонлаштирилди.

Айни кўчат ўтказиш палласи бўлган ушбу кунларда боғни ккенгайтириш мақсадида қўшимча равишда 4,7 гектар янги ер майдони олиниб, Касаба уюшмалари боғи майдони 10,2 гектарга етказилди. Энг аввало пухта тайёрланган лойиҳага кўра, тегишли агротехника талаблари асосида ерга ишлов берилди. Тошлоқ ерлар текисланиб, шудгорлаш ишлари амалга оширилди. Ўғитлаш ишлари олиб борилди.

Наврўз байрами арафасида ташкил этилган тадбирда “Касаба уюшмалари боғи”га ажратилган янги ер майдонига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, унинг тасарруфидаги ташкилотлар ҳамда тармоқ касаба уюшмалари Республика Кенгашлари мутасаддилари ва ходимлари, касаба уюшма фаоллари, шунингдек, Нурафшон шаҳри нуронийлари иштирокида 21 мингдан ортиқ мевали ва манзарали ниҳоллар ҳамда гул кўчатлари ўтказилди. Хусусан, 500 туп олма дарахти, 400 туп тут, 200 туп чинор, 60 туп Қрим соснаси, 200 туп манзарали дарахтлар, хусусан каталпа ва япон сафораси, 20 мингта атиргул кўчатлари экилди. Шунингдек, 2 гектар майдонга газонлар ўтказилди. Боғга экилган мазкур кўчатларнинг барчаси туп қўйиб, кўкаришига эришиш мақсадида талаб даражасида парваришлаш, ўз вақтида тўғри суғориш, табиий ўғитлар билан озиқлантириш ишларига алоҳида эътибор қаратилган ҳолда, тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Президентимиз томонидан илгари сурилган долзарб ташаббус – “Яшил макон” умуммиллий дастури қулоч ёйиб, юртимиз бўйлаб боғу бўстонлар кўпайишига хизмат қилмоқда. Касаба уюшмалари боғида ташкил этилган тадбирда ҳам атроф-муҳит мусаффолигига ҳисса қўшувчи яшиллик олами бир неча минг дарахтлар ҳисобига яна бир неча каррага кўпайди. Ҳар бир кўчат турига караб, меҳр билан белгиланган қаторларга жойлаштирилди. Чин дилдан бажарилган хайрли ишлар натижасида қисқа вақт ичида бу жойлар кўзни кувонтириб, дилни яйратадиган масканга айланиб улгурди, десак муболаға бўлмайди. Ҳа демай ушбу боғ нафақат Нурафшон шаҳри, балки бутун ўлкамиз кўркига кўрк бағишловчи масканга айланишига шубҳа йўқ.

Таъкидлаш ўринлики, кўчат экиб, боғ яратиш шунчаки мавсумий юмуш эмас, балки инсоннинг ҳаётига ҳақиқий барака киритадиган эзгу амалдир. Сўзимизнинг исботи сифатида ўтган йили касаба уюшмалари боғидан самарали фойдаланган ҳолда 1 гектар майдонга мош, ловия, қовоқ каби экинлар экилиб, олинган ҳосил аҳоли дастурхонига тортиқ қилинганини келтиришимиз мумкин. Бундан ташқари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан барпо этилаётган янги санаторий ва болалар соғломаштириш оромгоҳларига ҳам замонавий усулларда дарахт ва гул кўчатлари етказиб берилмоқда.

“Касаба уюшмалари боғи”нинг янги қўшилган ер майдонида экилган ниҳолларнинг келгусида гуркираб яшнаши учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан дарахт ва гул кўчатларини томчилатиб суғориш технологияси жорий этилмоқда. Мақсад, барча кўчат ва гулларни ўз вақтида сув билан таъминлаш. Боғга ўтказилган кўчатларнинг суғориш тизимлари, вегетация ва кўкариш жараёнлари назорати эса боғнинг малакали агроном ва мутахассислари назорати остида олиб борилмоқда. Ўз навбатида, ушбу экилган дарахтларни парваришлаш, турли касалликлардан сақлаш ва суғориш ишлари жадал йўлга қўйилганини айтиб ўтиш  хам жоиз.

Хусусан, шу кунга қадар биогумус ва аммофос дори препаратлари билан ерни ўғитлаш, қайта ишлаш ишлари амалга оширилди. Келгусида эса сувни янада тежаш мақсадида Корея тажрибаси бўйича сувсизликка чидамли, иқлим шароитига мос ёпиқ илдизли контейнер ва ин-витро  усулида кўчат етиштириш ишларини амалга ошириш учун “йўл хариталари”  ишлаб чиқилмоқда.

Ҳар бир қарич ерни асраб-авайлаш, обод қилиш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш бугун дунё миқёсида долзарб масала бўлиб турган иқлим ўзгариши жараёнида жуда муҳимдир. Шу маънода Янги Ўзбекистон бўйлаб жадал суръатларда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси юртимизнинг яшил белбоғини яратишга хизмат қилаётганини, касаба уюшмалари ҳам ушбу эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлаб ўтиш ўринлидир.

Тирикликнинг ёрқин ранглари акс этган мазкур боғ ҳам ҳудуд экологиясига ижобий таъсир этиши билан бирга, нафақат Нурафшон шаҳри, балки вилоятнинг дилни яйратадиган масканларидан бирига айланиши шубҳасиз. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бу борадаги ишлар давом эттирилиб, ана шундай истикболли лойиҳалар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари