19.03.2026. Фарғона тумани тиббиёт бирлашмасида 2023–2025 йилларга мўлжалланган жамоа шартномасининг 2025 йилдаги ижроси бўйича меҳнат жамоасининг конференцияси бўлиб ўтди.
Унда жамоа шартномаси бажарилиши бўйича иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси раиси ҳисоботи ахборот учун қабул қилинди.
Таъкидланганидек, ҳар бир ходимнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатлари амалдаги жамоа шартномаси орқали ҳимоя қилиб келинмоқда.
Ходимларнинг 150 нафарга яқини Ўзбекистон касаба уюшмалари тасарруфидаги сўлим сиҳатгоҳларда даволаниб, саломатликларини мустаҳкамлаб қайтдилар. Ишчи-ходимларнинг 142 нафар фарзандлари оромгоҳларда мароқли ҳордиқ чиқариш имконига эга бўлдилар. Спортни оммалаштириш мақсадида ходимлар ўртасида мунтазам равишда мусобақалар ташкил этилди.
“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг” дастури доирасида 300 нафардан ортиқ тиббиёт ходимлари Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Хива каби тарихий шаҳарларга саёҳатларга олиб борилди.
Янги ўқув йили бошланиши арафасида кам таъминланган оилалар фарзандларининг 123 нафарига ўқув қуроллари олиб берилди. Моддий жиҳатдан қийналган, кўмакка эҳтиёжи бор аъзоларга доимий равишда ёрдам кўрсатилди.
Ҳисобот юзасидан сўзга чиққан йиғилиш иштирокчилари касаба уюшмаси қўмитаси раисининг ўтган йилги фаолиятидан қониқиш ҳосил қилганликларини, жамоа шартномаси орқали кўплаб имтиёзларга эга бўлаётганликларини, тиббий кўрикларда ходимлар харажат қилмаётганликларини ҳамда меҳнат муҳофазасига жиддий эътибор қаратилаётганини таъкидлаб ўтдилар.
Ўз навбатида, йиғилишда иштирок этган Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши меҳнат муҳофазаси масалалари бўйича бош мутахассиси Баҳромжон Азимов, мазкур касаба уюшманинг Фарғона вилояти кенгаши раиси Шоҳидахон Каримова ҳамда вилоят кенгаши мутахассиси Аброржон Шодмонов ходимларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб бердилар.
Шунингдек, соҳада амалга оширилаётган ишлар ва касаба уюшмалари фаолиятидаги ўзгаришлар тўғрисида маълумот берилди.
Йиғилиш якунида тиббиёт муассасасининг 2025 йилдаги фаолияти қониқарли деб топилди ҳамда 2026–2028 йилларга мўлжалланган янги жамоа шартномаси маъқулланди.
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский