27.03.2026. Ўзбекистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмасининг Х қурултойида Республика кенгашининг яқин истиқболга мўлжалланган Ҳаракатлар дастурида устувор йўналишлардан бири сифатида “Янги Ўзбекистон — янги касаба уюшмалари” шиори асосида қуйи бўғинлар, жумладан бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолиятини янги босқичга кўтариш вазифалари белгиланган.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 24–25 март кунлари Жиззах вилоятида “Ўзбекистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раисларининг малакасини ошириш” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.
Ўқув-семинарда Ўзбекистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ўринбосари Х. Бегматов, Меҳнат инспекцияси бошлиғи — Бош меҳнат инспектори А. Мусулманов, тегишли бўлим раҳбарлари, Жиззах вилояти ҳокимлиги мутасадди вакиллари, шунингдек 12 та туман кенгашлари раислари ҳамда 90 нафар бошланғич ташкилот раислари иштирок этдилар.
Ўқув-семинарни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Жиззах вилояти кенгаши раиси в.в.б. А. Ихтиёров очиб берди ва иштирокчиларга муваффақият тилади.
Семинар давомида меҳнаткашларни ижтимоий ҳимоя қилиш, меҳнат шароитларини яхшилаш, меҳнат хавфсизлиги талабларига риоя этиш, меҳнат шартномаларини тўғри расмийлаштириш ҳамда ҳужжатлар юритиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонун, Меҳнат кодекси мазмуни, касаба уюшмалари фаолиятини устав талаблари асосида ташкил этиш, халқаро меҳнат стандартлари ва гендер тенглик масалалари бўйича маърузалар тингланди. Корхона ва ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш, жамоатчилик назоратини ташкил этиш, меҳнат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш, ижтимоий шериклик асослари ҳамда жамоа шартномаларини тузишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўқув-семинар доирасида иштирокчилар Жиззах вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси фаолияти билан танишдилар. Шунингдек, иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ўртасидаги ҳамкорлик, ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишилди.
Шу билан бирга, иштирокчилар учун Жиззах вилояти тарихи ва маданияти музейи ҳамда Ҳамид Олимжон ва Зулфия музейига саёҳатлар ташкил этилди.
Семинар якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди ҳамда ўзаро фикр алмашилди.
Ўқув якунида барча иштирокчиларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Малака ошириш институти томонидан сертификатлар топширилди.
![[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]](https://kasaba.uz/wp-content/uploads/2024/04/cropped-ohirgi-logo_kasaba_v13-removebg-preview.png)



Ўзбекча
Русский