[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

01.04.2026. “Фарғонаазот” АЖ корхонасининг 2023–2025 йилларга мўлжалланган жамоа шартномасининг 2025 йил якунлари бўйича бажарилишига бағишланган меҳнат жамоасининг конференцияси бўлиб ўтди.

Конференцияда жамият бошқаруви раиси Ғуломжон Солиев, Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ўринбосари Иброҳим Исоқов, меҳнат-ҳуқуқ инспектори Мирсултон Аббосов, касаба уюшмаси қўмитаси раиси Илҳом Абдувоҳидов, шунингдек, таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва сайланган делегатлар иштирок этди.

Конференция кун тартибига мувофиқ, бошқарув раиси ҳамда касаба уюшмаси қўмитаси раисининг жамоа шартномаси ижроси бўйича ҳисоботлари тингланди.

Ўтган давр мобайнида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш ва болаларни соғломлаштириш, маданий-маърифий тадбирлар ҳамда спорт мусобақаларини ўтказиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

Касаба уюшмаси аъзолик бадаллари ҳисобидан 130 нафар ходим юртимизнинг энг сўлим сиҳатгоҳларида дам олдирилди. Хўжалик органи маблағлари ҳисобидан 28 нафар ходимга, ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан эса 43 нафар ходимга маблағ ажратилиб, соғломлаштирилди. Шунингдек, тўғридан-тўғри тиббий кўмак сифатида 182 нафар ходим учун стоматологик хизматлар ташкил этилиб, уларнинг харажатлари қоплаб берилди.

Бугунги кунда корхонада фаолият юритаётган ходимларнинг 700 нафарга яқинини ёшлар ташкил этади. 2025 йил давомида корхонада ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш доирасида ҳам кўплаб тадбирлар ташкил этилди. Хусусан, ёшларнинг интеллектуал қобилиятини янада юксалтириш мақсадида “Энг фаол ёш китобхон”, “Заковат” каби интеллектуал ўйинлар, шунингдек, ёшлар куни муносабати билан “Ёшлар ҳафталиги” доирасида тадбирлар, “Саломатлик учун 5 минг қадам” шиори остида юриш марафонлари, мини-футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат, шашка ва спортнинг бошқа турлари бўйича спартакиада ўйинлари ўтказилиб, ушбу тадбирларга 600 дан зиёд ёшлар жалб этилди.

Ёшларнинг касбий маҳоратини ошириш мақсадида 5 та йўналиш бўйича “Энг яхши ёш электромонтёр”, “Энг яхши ёш пайвандчи”, “Энг яхши ёш лаборант”, “Энг яхши ёш чилангар” ва “Энг яхши ёш метролог” йўналишларида “Касб маҳорати” кўрик-танлови ҳамда “Энг яхши ёш кимёгар” танлови ўтказилди.

Ўтган йил давомида ўз муаммолари билан мурожаат қилиб келган 190 нафар ёшларга 86 млн сўм миқдорда бир марталик моддий ёрдам берилди.

Биринчи мартда никоҳдан ўтаётган 21 нафар ёшга 25 млн сўмдан зиёд миқдорда мукофот пуллари тақдим этилди.

Ёшларнинг маънавиятини юксалтириш, юртимиз тарихини янада чуқурроқ ўргатиш мақсадида маънавий-маърифий соатлар ҳамда тарихий шаҳарларга “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида саёҳатлар ташкил этилди.

Делегатлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида жамоа шартномасининг бажарилиши қониқарли деб топилди.

Йиғилиш давомида корхонанинг 2026–2028 йилларга мўлжалланган янги жамоа шартномаси лойиҳаси ҳам кенг муҳокама қилинди. Лойиҳани такомиллаштириш жараёнида иштирокчиларнинг таклиф ва тавсиялари инобатга олиниб, келгусидаги устувор йўналишлар белгиланди.

Шавкат Тоиров

Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси