[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

03.04.2026. 2026 йилнинг 3 апрель куни Тошкентда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан “Касаба уюшмалари нашрлари трансформация шароитида: конвергенция сари йўл” мавзуидаги халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси муассислигида чоп этилаётган “Ишонч” газетаси ташкил топганининг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилган халқаро анжуманни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков очиб берди.

Халқаро илмий-амалий Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Коммуникациялар департаменти раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги директори, сенатор Абдусаид Кўчимов,  Миллий телерадиокомпания раиси  Абдурашид Жўрабоев, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ раҳбари, академик Акмал Саидов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Баҳром Абдуллаев,   Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Гулрух Агзамова, марказий нашрлар муҳаррирлари, таниқли ва устоз журналистлар, журналист кадрлар тайёрлашда жонбозлик қилаётган олимлар, тадқиқотчилар, фахрий журналистлар, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Озарбайжон ва Туркия касаба уюшмалари тизимидаги нашрлар ҳамда медиа ва коммуникациялар, оммавий ахборот воситалари билан ишлаш секторлари раҳбар ва мутахассислари иштирок этдилар.

Анжуманда қайд этилганидек, бугун мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан сўз ва ахборот эркинлиги, очиқлик, жамоатчилик билан мулоқот, инсон қадрини улуғлаш каби тамойиллар асосида туб ислоҳотлар амалга оширилиб, салмоқли натижаларга эришилмоқда. Натижада, оммавий ахборот воситаларига муносабат тубдан ўзгарди ва матбуот учун кенг имкониятлар яратилиши билан бирга залворли масъулият ҳам юкланди.

Маълумки, муҳтарам Президентимизнинг 2025 йил 17 октябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари билан бўлиб ўтган учрашувида бир қатор ҳаётбахш ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, Давлатимиз раҳбари Ахборот коммуникациялари шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда одамларга ишончли маълумотларни ўз вақтида, тўғри етказиш жуда муҳим эканлигини таъкидлаб, касаба уюшмаларида бунинг учун имконият ҳам, шароит ҳам, салоҳият ҳам етарли эканлигини эътироф этдилар. Шунингдек, “Энг катта аудиторияга эга бўлган касаба уюшмалари ҳалол ва фидойи меҳнатни тарғиб қилиш ҳамда меҳнат муносабатларида қонунийликни таъминлашга оид ахборотларни жамоатчиликка биринчилардан бўлиб етказиб бориши керак” дея таъкидладилар.

Мазкур халқаро анжуман худди шу долзарб ташаббусларнинг амалий ифодаси сифатида ташкил этилди. Анжумандан кўзланган мақсад – турли соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи касаба уюшмаларининг бир вақтнинг ўзида ишончли сўз, ҳаққоний муносабат ва кенг жамоатчиликка холис ахборот ва маълумотларни етказиб бериш борасидаги фаолиятини янада ривожлантиришдир.

Таъкидлаш зарурки, мазкур ангжуман нафақат “Ishonch” газетаси таҳририяти, балки бутун касаба уюшмалари ҳаракати, миллий матбуотимиз ва жамоатчилик фикри тараққиёти учун алоҳида аҳамиятга эга фикрлаш майдони бўлди.

Бугун Ўзбекистон касаба уюшмалари Янги Ўзбекистон шароитида, яъни, дунёга очиқ, ислоҳотларга, халқаро жараёнларга интеграциялашувга интилаётган мамлакат шароитида фаолият кўрсатмоқда. Сўзсиз унинг нашри бўлган “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари ҳам шу йўлдан бормоқда.

– Касаба уюшмалари – бу, энг аввало, инсон манфаати дегани. Шу маънода, касаба уюшмалари нашрлари ҳам доимо инсон қадри, меҳнат ҳуқуқи, ижтимоий ҳимоя, адолат ва ҳамжиҳатлик каби эзгу тамойилларга хизмат қилиши лозим, – деди жумладан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Сенатор Қудратилла Рафиков. – Шундай экан, “Ишонч” ва “Ишонч”-Доверие” газеталарини фақат ахборот тарқатувчи нашр эмас, баки, меҳнаткаш инсоннинг дарди, ҳуқуқи, орзу-интилиши ва жамиятдаги ўрнини ифода этишга интилиб келаётган минбар десак, муболаға бўлмайди. Бугунги халқаро илмий-амалий конференциямиз ҳам бежиз “Касаба уюшмалари нашрлари трансформация шароитида: конвергенция сари йўл” деб номланмаган. Зеро, замон ўзгармоқда, аудитория ўзгармоқда, ахборот истеъмоли шакллари тез суръатларда янгиланмоқда. Энди газета фақат қоғозда чиқадиган нашр эмас. У веб-сайт, телеграм, Йутуб, Инстаграм, фото ва видеоконтент, тезкор рақамли мулоқот имкониятлари билан уйғунлашган яхлит медиа муҳитнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, бугунги анжуман тажриба алмашиш, фикрлашиш, ҳамкорликни кучайтириш ва келгуси вазифаларни белгилаб олиш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади.

Маълумки, “Ishonch” газетасининг илк сони 1991 йил 21 март куни нашр этилган. Шу вақтдан буён унинг 5 минг 500 дан ортиқ сони муштарийлар қўлига етиб борди. Бу рақамлар ортида узоқ йиллик меҳнат, таҳририят тажрибаси, турли авлод журналистларининг изланишлари ва энг муҳими, ўқувчи ишончи мужассамдир.

Бугун “Ishonch” ва “Ishonch-Доверие” нашрлари мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётини ёритиб келаётган, меҳнат аҳли ҳаёти, унинг ҳуқуқ ва манфаатларига доир мавзуларни мунтазам кўтариб чиқаётган нашрлар сифатида эътироф этилмоқда.

Айни кунда газеталарнинг умумий адади 37 минг 500 нусхага етгани, ижтимоий тармоқлардаги жами аудиторияси эса 250 мингга яқинлашгани уларнинг ўз ўқувчиси, ўз кузатувчиси, ўз таъсир доираси борлигини кўрсатади. Шу билан бирга, бу ҳолат таҳририят зиммасига янада катта масъулият юклайди.

Сўнгги йилларда таҳририят фаолиятида қатор янгиланишлар кўзга ташланаётгани қувонарлидир. Хусусан, таҳририятда конвергения жараёни тизимли тус олган ҳолда таҳририят негизида медиамарказ ташкил этилди, ижтимоий тармоқларда саҳифалар ишга туширилди, газетанинг босма шаклини ҳудудларда чоп этиш ва тезкор тарқатиш тизими йўлга қўйилди. Шунингдек, ҳар йили газета саҳифаларида эълон қилинган энг сара мақолалар асосида китоблар нашр этиш анъанаси ҳам шаклланди.

Қайд этиш зарурки, матбуот – жамият ҳаётининг шу кундаги, айни замондаги ижтимоий аҳамиятга молик воқеа-ҳодисаларини акс эттириб, оммага етказадиган, даврнинг долзарб масалаларига муносабат билдирадиган, ечимини кутаётган масалаларни кўтариб чиқадиган минбардир. Бугун замонавий журналистиканинг умумий табиати сезиларли даражада ўзгарди: бу жамият шаффофлашаётгани, аудитория фаоллашаётгани, шахслар фаолияти ва ахборот тезлиги ўсганлиги билан бевосита боғлиқ. Маълумки, аудитория ахборотни тез ва соф ҳолатда қабул қилишни истайди. Замон талаби билан матбуотнинг рақамли технологиялар ривожланиши баробарида трансформациялашувга ўтиши ҳам муҳим бўлиб қолмоқда.  Шу нуқтаи назардан “Ishonch” газетаси  таҳририяти босма нашр миссияси билан чекланиб қолмасдан замонавий технологиялар платформаларидан фаоллик билан фойдаланмоқда ва бугун у чин маънода конвергент таҳририятга айланди.

Анжуманда Касаба уюшмалари нашрлари – ижтимоий адолатни таъминлаш ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишда медианинг ўрни, Касаба уюшмалари нашрлари рақамлашув даврида – трансформация, ишонч ва ривожланиш стратегиялари каби мавзулар ҳам муҳокама қилинди.

Халқаро илмий-амалий конференция давомида Ўзбекистондаги Медиа-конвергенция, рақамли таҳририят ва медиаиқтисод, Медиа-конвергенция шароитида медиамаҳсулотларни монетизация қилиш моделлари, Telegram, YouTube ва Instagram платформаларида медиастратегия: «Ishonch» газетаси мисолида, “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари журналистларининг замонавий ахборот манбалари, Журналистикада сунъий интеллект: Автоматлаштирилган контент яратиш ва RAG тизимининг афзалликлари, Журналистларнинг рақамли контент яратиш компетенцияларини ривожлантириш, Видеожурналистика ва мультимедиа форматлари – босма ОАВ учун янги имкониятлар, Постжурналистика феномени: характерли жиҳатлари ва тараққиёт тенденциялари касаба уюшмалари фаолиятини ёритиш мисолида, рақамли медиа аудиториясининг янги истеъмол одатлари, Медиа трансформацияси шароитида полемик мавзуларнинг жамоатчилик фикрини шакллантиришдаги ўрни “Ишонч” газетаси материаллари мисолида кўриб чиқилди.

Шунингдек, ҳорижий иштирокчилар ҳам бу борадаги ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси нашри бўлган “Ишонч”, “Ишонч-Доверие” газеталари фаолияти билан бир қаторда Озарбайжон тажрибаси: касаба уюшмалари нашрлари трансформация шароитида – мосашув йўналишлари, Қирғизистон касаба уюшмалари медиасида конвергенциялашув, Қозоғистон касаба уюшмаларида медиа фаолият, Тожикистон касаба уюшмалари нашрлари ахборот жамияти тизимида, Туркия тажрибаси: Алоқа воситаларининг хилма-хиллашуви ва касаба уюшмалари нашрчилиги борасидаги тажрибалар ҳам ўрганилди.

Сирасини айтганда, очиқ мулоқот, савол-жавоб, фикр ва мулоазаларга бой бўлган халқаро анжуман тажриба алмашиш, фикрлашиш, ҳамкорликни кучайтириш ва келгуси вазифаларни белгилаб олиш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди. Яна бир муҳим жиҳат – ушбу мулоқот касаба уюшмалари нашрлари ўртасида тажриба ва ёндашувларни ўзаро бойитиш, медиа соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Таъкидлаш зарурки, кўзланган мақсадларга кўра мазкур халқаро конференция бевосита анжуман иштирокчиларининг таклифлари, фикрлари ва тажрибаларини конструктив муҳокама қилиш учун қулай майдон вазифасини ўтади. Анжуманнинг айнан шу форматда ўтиши шак-шубҳасиз Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятга очиқлигини, мазкур йўналишда фаол, амалий ҳамкорликка, халқаро ва чет эл тажрибасини ўрганиш ҳамда ҳаётга татбиқ этишга тайёрлигини намойиш қилди.

Анжуман якунида олдинда турган асосий вазифа – касаба уюшмалари нашрларини янги босқичга олиб чиқиш, таъсирчанлигини ошириш, рақамли муҳитдаги имкониятлардан самарали фойдаланиш, ёш аудитория билан ишлашнинг замонавий механизмларини жорий этиш, таҳлилий ва мультимедиа контент салмоғини кенгайтиришдан иборат эканлиги қайд этилди. Бу жараёнда анъана ва янгиланишни уйғунлаштира оладиган, ишонч ва тезкорликни бирлаштира оладиган, сўз эркинлиги билан сўз масъулияти ўртасидаги мувозанатни сақлай оладиган медиа муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди. Зеро “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари ана шу йўлда изланмоқда. Мазкур анжуман эса ушбу ҳаракатларни янги давр талаблари асосида янада кучайтиришга хизмат қилади.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари