10.04.2015. Мамлакатимизда касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими вазирликлари, Ўзбекистон Ёзувчилар, Бастакорлар уюшмалари, Миллий телерадиокомпания ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамкорлигида болалар қўшиқлари, шеърлари ва куйларини яратиш бўйича республика ижодий танлови ўтказилмоқда.
Болаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаб, маънан баркамол инсонлар этиб вояга етказиш мақсадида ташкил этилган ушбу танловда ёшидан қатъи назар, юртимизда фаолият юритаётган бастакорлар, шоирлар, болалар ижодий жамоалари, мусиқа ва санъат мактабларидаги ижодкорлар қатнашаётир.
Нукус шаҳар 1-болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтган танловнинг ҳудудий босқичида болажонлар орасида санъатга меҳр қўйган, истеъдодли ўғил-қизларнинг кўп эканлиги яна бир карра тасдиғини топди. Ватан, истиқлол, беғубор ёшлик, она, гўзал табиат, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мадҳ этувчи қўшиқлар ижроси барчада катта таассурот қолдирди. Шу боис, беш йўналиш ҳамда номинациялар ғолибларини аниқлаш ҳакамлар ҳайъатига осон бўлмади.
6 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар иштирокида ижро этилган қўшиқлар танлови якунида қўшиқ учун яратилган энг яхши шеър йўналишида Нукус шаҳри 1-болалар мусиқа ва санъат мактаби жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Қўшиқ учун яратилган энг яхши мусиқа йўналишида биринчилик Тахиатош шаҳар 7-мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Дастон Жуманазаровга насиб этди. Энг яхши қўшиқ ижрочиси йўналишида Нукус шаҳар 1-мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Асадбек Султонов ғолиб деб топилди. Энг яхши болалар оромгоҳи мадҳияси йўналишида ҳам шу мактабнинг иқтидорли ўқувчиси Ахмет Даулетяров биринчи бўлди. Энг яхши ҳисоб шеъри ва машқ қўшиғи йўналиши бўйича ижрочиликда Беруний тумани 6-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Суҳроб Маратовга тенг келадигани топилмади.
Ғолиблар Тошкент шаҳрида бўладиган якуний босқичда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Шунингдек, ҳар бир йўналиш бўйича қўшимча номинациялар ғолиблари ҳам аниқланди.
Ғолибларга республика касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан таъсис этилган диплом ва эсдалик совғалари топширилди.