[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]
35 yil

30.06.2026. Ёзги таътил — болалар учун нафақат дам олиш, балки саломатликни мустаҳкамлаш, янги дўстлар орттириш ва мазмунли вақт ўтказиш имкониятини берадиган муҳим даврдир. Шу боис мамлакатимизда болалар соғломлаштириш оромгоҳларини ҳар томонлама ривожлантириш, уларда хавфсиз ва қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши тизимидаги корхоналар тасарруфидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ҳам жорий йилги ёзги мавсумга пухта тайёргарлик ишлари амалга оширилди.
Корхоналарда ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар режаси асосида оромгоҳларда кенг кўламли қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди. Жумладан, янги бинолар барпо этилди, мавжуд иншоотлар реконструкция қилиниб, косметик таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, ҳудудларни ободонлаштириш, тозалаш, дарахт ва манзарали гул кўчатлари экиш ишлари ҳам амалга оширилди.

Жорий ёзги мавсумда Республика кенгаши тизимидаги оромгоҳларда 5 300 нафар боланинг сифатли дам олиши ва соғломлаштирилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Республика кенгашига қўшимча равишда 360 нафар бола учун йўлланма ажратилди.

Болаларнинг дам олиш шароитларини янада яхшилаш мақсадида тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан “Navoiyazot” АЖнинг “Офтобжон”, “Maxam-Chirchiq” АЖнинг “Кимёгар”, “Dehqonobod kaliy zavodi” АЖнинг “Ёш кимёгар” ҳамда “Ammofos-Maxam” АЖнинг “Чимён” оромгоҳларига телевизорлар беғараз совға сифатида тақдим этилди.

Айни пайтда тармоқ тизимидаги корхоналарнинг олтита болалар соғломлаштириш оромгоҳида — Тошкент вилоятидаги “Кимёгар” (“Maxam-Chirchiq” АЖ) ва “Чимён” (“Ammofos-Maxam” АЖ), Фарғона вилоятидаги “Кимёгар” (Farg‘onaazot АЖ), Навоий вилоятидаги “Офтобжон” (“Navoiyazot” АЖ), Қашқадарё вилоятидаги “Ёш кимёгар” (“Dehqonobod kaliy zavodi” АЖ) ҳамда Андижон вилоятидаги “Бўстон” (“Andijon biokimyo zavodi” АЖ) оромгоҳларида ёзги мавсум юқори савияда ўтказилмоқда.

Барча оромгоҳлар малакали тиббиёт ходимлари, етарли миқдордаги дори-дармон воситалари ва зарур тиббий препаратлар билан таъминланган. Болалар оромгоҳга келган биринчи куннинг ўзида тиббий кўрикдан ўтказилиб, дам олиш даври мобайнида уларнинг саломатлиги мунтазам назорат қилиб борилмоқда.

Шунингдек, оромгоҳларга етказиб бериладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати қатъий назоратга олинган бўлиб, барча оромгоҳлар алоқа ва транспорт воситалари билан тўлиқ таъминланган.

Бугунги кунда барча болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ҳар бир навбатнинг очилиш маросимлари кўтаринки руҳда ўтказилмоқда. Болалар учун спорт мусобақалари, маданий-маърифий тадбирлар, интеллектуал танловлар ва турли қизиқарли дастурлар ташкил этилиб, уларнинг дам олиши мазмунли ва эсда қоларли ўтиши учун барча имкониятлар яратилган.

Мамлакатимизда ёш авлоднинг соғлом ўсиши, уларнинг жисмоний ва маънавий камолотини таъминлашга қаратилган бундай ишлар келажак авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.

Зиёдилла Умаров

Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг маданий-маърифий ва спорт ишлари бўйича етакчи мутахассиси