01.05.2015. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 13 октябрдаги “1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, санаторийларда соғломлаштиришни ташкил этиш йўналишларида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийлари касаба уюшмалари томонидан манзилли ижтимоий қўллаб-қувватланмоқда. Тиббий ҳамда санаторий-соғломлаштириш соҳасида хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш ҳисобига уларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш учун тизимдаги 15 та санаторийда қулай шарт-шароитлар яратилди. Бугунгача касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан мазкур 15 та санаторийнинг барчасида “Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари бўлимлари” ташкил этилди.
Айни кунларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан мамлакатимизнинг турли ҳудудларида “Касаба уюшмалари – фахрийларга” анъанавий акцияси ўтказилмоқда. Мазкур акция доирасида касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда 300 нафарга яқин уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, пенсионерларнинг бепул йўлланмалар асосида соғломлаштирилиши ташкил этилди. Хусусан, Тошкент вилоятининг “Ботаника” ҳамда “Бўстон” санаторийларига ҳам 100 нафарга яқин отахон ва онахонлар қабул қилиниб, сифатли соғломлаштирилиши амалга оширилмоқда. Мазкур акция доирасида улар учун маданиқ-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, совға-саломлар топширилди. Ажойиб даврадаги дам олиш онлари суратларга муҳрланиб, эсдалик учун уларга тақдим этилди.
Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан мазкур санаторийда қайта қурилиб, фойдаланишга топширилган 6 қаватли замонавий иншоот, “Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари бўлими” фахрийлар учун муносиб туҳфа бўлди. Хусусан, сҳатгоҳда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари натижасида жаҳон андозалари талабларига жавоб бера олувчи даволаш ва ётоқ бинолари, физиотерапевтик даволаш бўлими ҳамда ошхона барпо этилиб, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари учун кўрсатилаётган хизматлар ҳамда соғломлаштириш ишлари сифати ва самарадорлиги янада оширилди. 134 ўринга мўлжалланган 6-ётоқ биноси қайта қурилиб, энг замонавий мебеллар билан жиҳозланди. Бинонинг биринчи қаватида янги физиотерапия бўлими ташкил этилиб, фойдаланишга топширилди. Ушбу мақсадларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан қарийб 5 млрд. сўм маблағ йўналтирилди. Шунингдек, санаторий ҳудудида кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, даволанувчиларнинг мароқли дам олишлари учун сунъий шаршара барпо этилди.
– Барча даволаш хизматини ўз ичига олган замонавий даволаш ва ванна бўлимлари, тўрт ва беш қаватли кўркам ётоқ бинолари, 500 ўринли иккита залдан иборат ошхона, кутубхона, рақс клуби, “Маънавият” хоналарининг дам олувчиларга сифатли хизмат кўрсатиши таъминланмоқда, – дейди “ботаника” санаторийси директори ўринбосари Салима Шералиева. – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 13 октябрь “1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида “Ботаника” санаторийсида “Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари” бўлимининг ташкил этилиши эзгу ва хайрли ишлардан яна бири бўлди. Замонавий ва барча қулайликларга эга бўлган мазкур бўлимда фахрийларимизнинг саломатлигини мустаҳкамлаш ва мазмунли ҳордиғини таъминлаш учун барча шароитлар муҳаё этилган. Хусусан, “Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари” бўлимидаги ҳар бир хона, санузеллар, ювиниш хоналари фахрийлар имкониятларига мослаштирилиб, замонавий юмшоқ ҳамда қаттиқ жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган. Шунингдек, уларга қўшимча ёруғлик мосламалари, тўғридан-тўғри навбатчи шифокор билан боғланиш имконини берувчи алоқа воситалари ўрнатилган. Фахрийларнинг дам олиш ва даволаш муолажаларини олишларида қулайликлар яратиш мақсадида муолажа, уқалаш, физиотерапевтик даволаш хоналари ётоқ бинолари билан ёнма-ён ташкил этилиб, фахрийлар учун қўшимча равишда малакали тиббиёт ходимлари бириктирилган. Улар томонидан фахрийларнинг кундалик саломатлигини назорат қилиб борилиши таъминланмоқда. Фахрийларнинг овқатланишлари учун эса алоҳида ошхона зали ташкил этилиб, уларнинг талаб ва ҳохишлари асосида буюртмали ҳамда парҳезли, табиий маҳсулотларга бой овқатлар тайёрлаб берилиши йўлга қўйилди.
Шу ўринда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан тизимдаги барча санаторийларда уруш ва меҳнат фронти фахрийлари учун тиббий ҳамда санаторий-соғломлаштириш ишларининг даражаси ва сифатини ошириш, уларнинг бекаму кўст соғломлаштирилишини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилганлигини алоҳида таъкидлаш зарур. Жумладан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг махсус қарори қабул қилиниб, тасарруфдаги барча санаторийларнинг моддий-техник негизи янада мустаҳкамланмоқда. Уларнинг ҳар бирида даволаш муолажалари ўтказиладиган жойларга яқин, имкон қадар пастки қаватларда “Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари бўлимлари” ташкил этилди. Ҳар бир санаторий қўшимча равишда 10 тадан ногиронлик аравачаси билан таъминланиб, фахрийлар олиб бориладиган даволаш, ётоқ ва ошхона бўлимларида ногиронлик аравачалари ҳаракати учун қўшимча қулай йўлаклар ташкил этилди. Санаторийлардаги рўйхатхоналарда фахрийларнинг навбатсиз қабул қилиниши йўлга қўйилиб, улар учун кузатиб борувчи масъул ходим (эвакуатор) белгиланди. Шунингдек, фахрийлар учун даволаш муолажаларининг навбатсиз ташкил этилиши йўлга қўйилиб, даволаш бўлимларида улар учун алоҳида махсус муолажа хоналари (бўлинма) ташкил этилди. “Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари бўлимлари”га қабул қилинувчи отахон ва онахонларнинг кундалик ахборот ва янгиликлар билан танишиб боришларини таъминлаш мақсадида ҳар бир хона телевизор ва радиоприёмниклар билан таъминланди ҳамда кундалик газета ва журналлар етказиб берилиши йўлга қўйилди. Шунингдек. санаторийларда фахрийлар иштирокида икки авлод учрашувларини ташкил этиб бориш, атоқли ва ёш санъаткорлар иштирокида концертлар уюштириш, фахрийларнинг санаторийга яқин жойлардаги тарихий қадамжоларга сайёҳатларини ҳамда театрларга ташрифларини ташкил этиш ишлари йўлга қўйилди. Фахрийларни кузатиб келувчилар учун ҳам тегишли шароитлар яратилди.
Тизимдаги санаторийларда ҳафтада бир куннинг “Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари куни” деб эълон қилиниши ва мазкур кунда уларга эътиборни янада кучайтириш ишлари амалга оширилиши ҳам кўзда тутилган. Шунингдек, шифокорлар томонидан санаторийлар жойлашган ҳудуд аторфида яшовчи уруш ва меҳнат фронти фахрийларининг салолматлигини назорат қилиб борилиши йўлга қўйилган.
Худди шу каби ишлар касаба уюшмалари тизимидаги “Бўстон” санаторийсида ҳам амалга оширилди. Ушбу шифо масканида уруш ва меҳнат фахрийларини соғломлаштириш учун яратилган шарт-шароитларни янада яхшилаш мақсадида “Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари бўлими” ташкил этилиб, замонавий тиббий асобо-ускуналар билан таъминланди. Бундан ташқари санаторийда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, замонавий люкс ўринларга эга коттеж бинолари ишга туширилди. Даволаш диагностика бўлими замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Дам олувчи фахрийларга хуш кайфият бағишлаш мақсадида фаввора. амфитеатр ишга туширилди.
Шунингдек, сиҳатгоҳда ободонлаштириш, биноларни жаҳон андозалари талаблари даражасида жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда. Улар атрофидаги соя-салқин жойларга суҳбатлашув айвончалари, дам олувчиларга ором бахш этувчи ўриндиқлар ўрнатилди. Сиҳатгоҳда дам олувчиларнинг муолажалари самарадорлигини янада оширишни кўзлаган ҳолда санаторий ҳудудида фаввора ва барпо этилиб, ҳудуд ландшафтига янада кўрк берувчи ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Сиҳатгоҳ ҳудуди турли туман мевали ва манзарали дарахтлар билан бойитилди.
– «Бўстон» санаторийсига кираверишданоқ кишининг бахри-дили очилиб, касалликларнинг барчаси унутилади, – дейди даволанувчи фахрийлардан бири. – Санаторийнинг даволаш омиллари – иқлим билан даволаш, физиотерапия, даволаш бадан тарбияси, маъданли ванналар, сузиш ҳавзаси ва душлар кўринишидаги турли сув билан даволаш усуллари, балчиқ билан даволаш кишини дарддан фориғ этиб, хуш кайфият бағишлайди. Санаторий ошхонасида турли туман лаззатли парҳез таомлар, “витаминли стол” ташкил этилган. Муолажалар билан бир қаторда бу ерда барпо этилган Маданият саройи, кутубхона, спорт майдончалари, диққатга сазовор жойларга уюштирилаётган саёҳатлар даво муолажаларининг самарали бўлишига ҳисса қўшмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда уруш ва меҳнат фронти фахрийлари учун барпо этилган махсус бўлим ва хоналарни капитал таъмирлаш, санитар-маиший хоналарни фахрийларнинг имкониятига мослаштириш, хусусан, хожатхона ва ванналар ёнларига тиргагич ўрнатиш, зиналарда сирпанмаслик учун қулайликлар яратиш ишлари амалга оширилди. Хоналар янги қаттиқ ҳамда юмшоқ жиҳозлар билан таъминланиб, қўшимча ёруғлик мосламалари ўрнатилди. Уруш ва меҳнат фахрийлари учун ажратилган хоналарда навбатчи шифокор ва ҳамшира билан боғланишга мўлжалланган алоқа воситалари ўрнатилди. Шунингдек, тизимдаги санаторийлар қўшимча равишда ногиронлик аравачалари билан таъминланиб, даволаш, ётоқ ва ошхона бўлимларида ногиронлик аравачаларининг ҳаракати учун қўшимча йўлаклар ташкил этилди.
Санаторийларда уруш ва меҳнат фронти фахрийларини тезкор ва навбатсиз қабул қилиш ҳамда тиббий кўрикдан ўтказиш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Даволанишга келаётган ҳар бир фахрий учун алоҳида масъул ходим (шифокор ва ҳамшира) бириктирилган. Уруш ва меҳнат фронти фахрийларини соғломлаштириш ишлари сифати ва самарадорлигини таъминлаш мақсадида тизимдаги санаторийларда психолог штати жорий этилиб, малакали мутухассислар билан таъминланди. Сиҳатгоҳлар шифокорлари “Герантология” йўналишида ўқитилиб, малакаси оширилди.
Айни кунда отахон ва онахонларга тиббиёт муолажалари билан бир қаторда психолог мутахассислар парвариши ҳам олиб борилмоқда. Шунингдек, фахрийларимизнинг ёши, умумий аҳволини инобатга олган ҳолда соғломлаштурувчи минерал ва витаминларга бой табиий маҳсулотлардан иборат овқатланиш рационига риоя этилмоқда. Уларнинг талаб ва ҳохишлари асосида буюртмали ҳамда парҳезли таомлар тайёрлаб берилиши йўлга қўйилган. Бунда Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши қошидаги Санатор-курортлар бошқармаси томонидан ишлаб чиқилган “Қариялар билан шуғулланиш учун психологларга тавсиянома” ҳамда “Кексаларни рационал овқатлантириш бўйича тавсиялар”нинг самараси катта бўлмоқда. Аҳамиятли томони шундаки, мазкур тавсияларда кекса авлод вакилларини парваришлаш жараёнида улар психологиясидан келиб чиққан ҳолда ёндошиш, қарияларнинг модда алмашинуви фаолияти сустлигини инобатга олган ҳолда таомномага киритилиши мумкин бўлган оқсил ва витаминларга бой, осон ҳазм бўлувчи озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланиш, бунда 5 маҳал рационли таомномага амал қилиш борасида фойдали маслаҳкатлар берилган.
Сиҳатгоҳда соғломлаштириш жараёнида фахрийларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг мароқли дам олишларини таъминлаш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, фахрийларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда маданий тадбирлар Дастури ишлаб чиқилган. Унга мувофиқ классик хонандалар иштирокидаги концертлар, интеллектуал ўйин ва машғулотлар, суҳбат ва учрашувлар, “Уч авлод учрашуви” каби маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Шунингдек, уруш қатнашчиларининг буюк алломалар қадамжоларига зиёратлари ҳамда мустақиллик йилларида мамлакатимизда бунёд этилган диққатга сазовор масканларга саёҳатлари уюштирилмоқда. Театр, музей ва кўргазмаларга ташрифлари ташкил этилмоқда. Дам олаётган уруш ва меҳнат фахрийлари учун байрам кунлари арафасида бир пиёла чой учтида мароқли суҳбатлар ташкил этилиб, эсдалик совғалари билан тақдирланмоқдалар. Ушбу тадбирлардан кўзланган мақсад – уларнинг кўнгилларини обод этишдир.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати