[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

01.06.2015. Истиқлол йилларида болалар манфаатлари ҳимояси, улар саломатлигини муҳофаза қилиш, баркамол авлод тарбияси масалалари давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада амалга оширилаётган тизимли ишлар натижасида эришилаётган ютуқ ва муваффақиятларимиз жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

Мазкур йўналишлардаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан тизимли ишлар йўлга қўйилиб, қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Айниқса, жисмонан соғлом, маънавий етук ёш авлодни тарбиялаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, саломатликларини мустаҳкамлаш масалаларига касаба уюшма ташкилотлари томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, корхона, ташкилот ва муассасалар жамоа шартномалари орқали ижтимоий ҳимояталаб оилалар фарзандларига ўқув-қуроллари, дарсликлар ҳарид қилинмоқда. Кам таъминланган оилалар фарзандларининг чет тилларини ўрганишларида кўмаклашилмоқда. Федерация Кенгаши томонидан ўтказиб келинаётган “Касаба уюшмалари – болаларга” доимий акцияси доирасида эса эртамиз эгалари ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, кам таъминланган оилалар фарзандларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишлари амалга оширилмоқда.

1июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан пойтахтимиздаги Ғофур Ғулом номли маданият ва истироҳат боғида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси ўтказилди. Ушбу тадбирга маҳаллаларда истиқомат қилаётган кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандлари ҳамда Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари таклиф этилдилар.

Карнай-сурнай садолари остида кутиб олинган болажонларга касаба уюшмаларининг махсус совғалари ҳадя этилди. Хусусан, Меҳрибонлик уйларининг 2 минг нафар тарбияланувчисига, Болалар ижтимоий мослашуви Маркази тарбияланувчиларига, кам таъминланган оилалар фарзандларига, 500 нафар иқтидорли ўғил-қизларга энг яхши болалар соғломлаштириш оромгоҳларига бепул йўлланмалар берилди. Кам таъминланган оилаларнинг 60 нафарга яқин фарзандлари совғалар ва истироҳат боғлари, театрларга имтиёзли чипталар билан таъминланди. Бундан ташқари пойтахтимиздаги 21-Меҳрибонлик уйига телевизор  ҳадя этилди

Мазкур акция доирасида   Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Мурувват” ҳамда “Меҳрибонлик” уйлари – касаба уюшмалари эътиборида” тадбири ҳам ўтказилиб, республикамизнинг ҳар бир ҳудудидан биттадан болалар “Мурувват” ёки “Меҳрибонлик” уйларида маданий тадбирлар ташкил этилди. Шунингдек, байрам арафасида 7 минг нафардан ортиқ Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, эҳтиёжманд оилалар фарзандлари, иқтидорли ўқувчиларнинг жойлардаги музей, ботаника, ҳайвонот, маданият ва истирохат боғларига  саёҳатлари уюштирилди.

 Айни кунда жойларда “Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси доирасидаги тадбирлар Республикамизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.