25.07.2015. Учқудуқ туманида ўқувчиларнинг ёзги таътилини мазмунли ўтказиш учун барча шарт-шароит яратилган. Жумладан, шаҳардаги 20-умумтаълим мактабида “Ҳумо қушлари” оромгоҳи намунали даражада ташкил этилди.
Мавсум олдидан спорт майдончалари, ётоқхона, ошхона, ювиниш, маънавият-маърифат, ўқув машғулотлари ўтказиш хоналари таъмирланиб, зарур жиҳозлар билан таъминланди.
Уч навбатга мўлжалланган оромгоҳда 150 нафар боланинг ҳордиқ чиқариши мўлжалланган. Туман ҳокими ташаббуси билан дам олувчилар Зарафшон шаҳридаги “Аквапарк”га саёҳат уюштиришди. Ҳар куни ёшлар учун қувноқ, кўнгилочар тадбирлар ташкил этилмоқда. “Камолот” ЁИҲ ҳамда маданият ва спорт ишлари бўлими ходимлари бу борада ташаббускорликни ўз қўлларига олишган.
Яқинда таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмасининг вилоят бўйича масъул ташкилотчиси Шакарбой Эшматов бошчилигидаги вакиллар туманимизда бўлиб, оромгоҳларда ҳордиқ чиқараётган эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун яратилган шароитлар билан танишишди. Тадбирларда фаол иштирок этаётган ўғил-қизларга эсдалик совғалари тақдим этилди.