29.09.2015. Пахта йиғим терими иштирокчиларига қулай меҳнат ва маиший шароитларни яратиш, улар саломатлигини муҳофазалаш муҳим аҳамиятга эгадир. Шу боис Самарқанд вилоятида ҳам теримчиларга тегишли шароитлар яратиш, ўз вақтида иш ҳақи тўланишини таъминлаш масаласига катта эътибор қаратилмоқда.
– Бу йил вилоятимиз деҳқонлари 91 минг гектардан ортиқ майдонда ғўза парваришлаб, мўл ҳосил етиштирдилар, – дейди вилоят Фермерлар кенгаши раиси, Ўзбекистон қахрамони Аваз Ҳосилов. – Айни пайтда пахта йиғим терими қизғин паллага кирган. Фермер хўжаликларида меҳнат қилаётган 18 минг нафардан ортиқ теримчилар билан меҳнат шартномалари имзоланган. Ушбу шартномаларга мувофиқ ҳар 5 кунда теримчилар меҳнатига ҳақ тўлаб борилмоқда.
Каттақўрғон туманидаги “Бибисора чамани” фермер хўжалиги теримчилари ҳам ўзлари учун яратилган шарт-шароитлардан мамнунлар.
– Кунига 90-100 килогрммдан пахта тераяпман, – дейди теримчи Гулбаҳор Пардаева. – Кунлик даромадим ўртача 30-35 минг сўмни ташкил этаётир. Биз теримчилар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Мунтазам равишда бепул иссиқ овқат билан таъминланмоқдамиз.
Теримчиларга яратилган меҳнат ва маиший шароитлар, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши устидан вилоят касаба уюшмалари томонидан жамоатчилик назорати олиб борилмоқда. Хусусан, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Самарқанд вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Олимбой Жуманиёзовнинг таъкидлашича теримчилар саломатлиги доимий эътиборда бўлиб, мавсумнинг илк кунлариданоқ туманларда тиббий санитария штаблари ҳамда юздан ортиқ тиббиёт пунктлари ташкил этилган. Малакали шифокор ҳамда ҳамширалар теримчилар ҳузурида бўлиб, шахсий гигиена талабларига риоя этиш, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича тушунтиришлар бериш билан бирга, уларга яратилган шароитлар, таом тайёрлашда гигиена талабларига риоя этилишини назорат қилмоқдалар.
Ташкил этилаётган маданий-маърифий тадбирлар эса теримчиларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришларини таъминламоқда. Хусусан, Нарпай туманидаги “Мардонов Шахбоз”, ”Нарпай порлоқ замини”, ”Нарпай Анвар Қахрамон”, Каттақўрғон туманидаги “Жума Ҳайитов”, “Ҳосил” каби фермер хўжаликларида қизиқарли учрашувлар, концерт дастурлари намойиш этилиб, меҳнаткашларга хуш кайфият улашилди.