09.10.2015. Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси вакиллари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида ташкил этилган Юридик клиника фаолияти билан танишдилар.
Ташриф давомида ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бюроси бош мутахассиси Сергеюс Гловацкас, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг Юридик департаменти мутахассиси Макбуле Сахан, Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси ижтимоий-меҳнат муносабатлари ва ижтимоий шериклик департаменти раҳбари ўринбосари Елена Косаковская Юридик клиника томонидан аҳолига кўрсатилаётган бепул юридик хизмат турлари билан яқиндан таништирилди.
Хусусан, улар эътиборига фуқароларга нафақат ҳуқуқий-консультатив хизмат кўрсатиш, балки, фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ҳамда ҳал этиш, аҳолининг, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Тадбирда касаба уюшмалари Федерацияси Юридик клиникаси ҳуқуқий ҳимоя соҳасининг янгича кўриниши ҳисобланиб, ўзида ҳуқуқий ҳимоя ва хуқуқий таълим амалиётини мужассамлаштиргани таъкидланди.
Халқаро экспертлар Касаба уюшмиалдари Федерацияси Юридик клиникаси томонидан фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қўллаш ва амалга оширишда амалий ҳамда бепул юридик (консультатив) хизмат кўрсатиш, кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар ўртасида ижтимоий-меҳнат соҳасига оид халқаро ва миллий стандартларни тарғиб этиш, кўнгилли волонтёрларнинг халқаро ва миллий стандартларга оид билимларини ошириш, ҳуқуқни қўллаш кўникмаларини шакллантириш йўналишларида олиб борилаётган фаолиятни юқори баҳоладилар.
Шунингдек, меҳмонлар Юридик клиника фаолиятига жалб этилган 30 нафар ёш волонтерлар – юридик соҳада таҳсил олаётган бўлажак ҳуқуқшунослар билан ҳам суҳбатлашдилар. Суҳбат жараёнида ХМТ ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси вакиллари Юридик клиникага жалб этилган кўнгилли волонтёрларнинг махсус мураббийлар ҳамда амалиётчи экспертлар кўмагида иш олиб бораётгани уларнинг амалиётдаги кўникмаларини мустаҳкамлаб, ўзига хос тажриба орттиришларига замин бўлишини эътироф этдилар.
– Юридик клиникада ҳуқуқий-консультатив хизматлар кўнгилли волонтёрлар томонидан мураббий ва экспертлар назорати остида тақдим этилиши айни муддаодир, – таъкидлади жумладан ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бюроси бош мутахассиси Сергеюс Гловацкас. – Бу уларнинг ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, ёзма ёки оғзаки маслаҳат ва хулосалар бериш йўналишларидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкалашга хизмат қилади. Шунингдек, Юридик клиникада тўлиқ амалиёт ўтаган талабаларга махсус сертификат берилиши ҳам уларнинг келгуси фаолиятларини йўлга қўйишларида амалий ёрдам кўрсатади.
Ташриф давомида Халқаро экспертлар эътиборига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти мутахассилари ҳамкорлигида “Касаба уюшма кутубхонаси” мажмуида чоп этилган “Қонунчиликдаги янгиликлар” тўплами ҳам ҳавола этилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати