28.10.2015. Яқинда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мутахассислари Фуқаролик жамиятини шакллантиришни мониторинг қилиш мустақил институти билан ҳамкорликда тайёрлаган 2011-2014 йилларда ижтимоий ва меҳнат соҳасига оид қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ичига олувчи «Меҳнат қонунчилигидаги янгиликлар» номли китоб нашрдан чиқди.
Қўлланмада юртимизда меҳнат қонунчилигининг ривожланиш динамикаси, алоҳида ҳуқуқий ҳужжатларга тушунтириш ва шарҳлар берилган. Унда Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро ҳужжатлар, жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг «Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги Конвенция», «Болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги Конвенция»лари, Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга доир, болалар савдоси, болалар фоҳишабозлиги ва болалар порнографиясига тааллуқли 2000 йил Нью-Йорк шаҳрида имзоланган халқаро факултатив протоколга қўшилиши тўғрисидаги қонун ва ушбу ҳужжатларга изоҳлар, мамлакатимизда уларни амалга ошириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар жой олган. Шунингдек, кейинги йилларда меҳнат соҳасига дахлдор қонун ҳужжатлари — Меҳнат кодекси, Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, Солиқ кодекси, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида», «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида», «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунлар тўпланган ва уларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар батафсил шарҳлаб берилган.
Китобда соҳага тааллуқли янгидан қабул қилинган қонун ҳужжатлари, жумладан, «Одам савдосига қарши кураш тўғрисида», «Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қонунлар, Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарори ва уларга иловалар, бошқа қарор ва фармонлар келтириб ўтилган.
Алоҳида боб ижтимоий шериклик асосларига бағишланган бўлиб, Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган 2014-2016 йилларга мўлжалланган Бош Келишув жой олган.
Бундан ташқари, касаба уюшма мутахассислари Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши келишиб тасдиқлаган «Якка меҳнат низолари комиссиялари фаолиятини ташкил этиш юзасидан тавсиялар»ни алоҳида қўлланма тарзда нашр этди. Мазкур ҳужжат ходимларнинг меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига риоя этилишини таъминлаш, соҳада юзага келадиган якка низоларни судгача ҳал этиш тизими самарадорлигини оширишда қўл келади. Қўлланма корхона, муассаса ва ташкилотларда якка меҳнат низоларини кўриб чиқишнинг ягона амалиётини шакллантириш, низоларни ҳал этиш самарадорлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, якка меҳнат низолари комиссияларини тузиш, улар томонидан низоларни кўриб чиқиш тартиби, комиссия қарори ва уни бажаришга доир тавсияларни ўз ичига олади.