30.10.2015. Мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхона, ташкилот ва муассасаларда имзоланаётган жамоа шартномалари орқали хотин-қизлар учун хавфсиз меҳнат ҳамда дам олиш шароитларини яратиш, улар меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш, қўшимча имтиёзлар бериш, ҳуқуқий маданиятини ошириш, маданий-маърифий тадбирлардаги иштирок этиш имкониятларини кенгайтиришда касаба уюшмаларининг Хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари алоҳида ўрин тутади. Шунингдек, улар томонидан жамоа шартномалари бажарилиши устидан жамоатчилик назорати олиб борилмоқда.
Хусусан, Андижон вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасининг Хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси томонидан Андижон шаҳрида жойлашган «Боғишамол текстил люкс» масъулияти чекланган жамиятида ҳамда «INWESTTEX» Ўзбек – Америка қўшма корхонасида меҳнат қилаётган аёлларга яратилган меҳнат ва дам олиш шароитлари ўрганилди.
«Боғишамол текстил люкс» масъулияти чекланган жамиятида меҳнат қилаётган 24 нафар ходимнинг 19 нафарини, «INWESTTEX» Ўзбек – Америка қўшма корхонасида фаолият юритаётган 97 нафар ходимнинг 73 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Улар асосан трикотаж махсулотларидан кийим-кечаклар тикиш билан шуғулланадилар.
Мазкур корхоналарнинг 2015-2017 йиллар учун қабул қилинган жамоа шартномаларига аёллар меҳнатини тартибга солиш, аёллар ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга бериладиган қўшимча имтиёз ва кафолатлар бўлими киритилган бўлиб, унга хотин-қизларга малака ошириш ва қўшимча маълумот олиш ҳукуқидан фойдаланиш учун имкониятлар яратиш, иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатиб олинаётган аёлларга вақтинчалик иш ўринлари яратиб бериш имтиёзлари киритилган. Шунингдек, ишлаб чиқариш ҳажмининг камайганлиги сабабли малакали аёл кадрлар билан таъминланган ишлаб чиқариш бўлинмаларини қисқартириш ўрнига тўлиқсиз иш вақти режимига ўтказиш, тиббий кўрикдан ўтишлари учун ҳомиладор аёлларни иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этиш, уч ёшга тўлмаган фарзандлари бор аёлларга 1 соатга қисқартирилган иш куни белгилаш каби имтиёзлар акс этган.
Ҳар иккала корхонада ҳам Жамоа шартномасига асосан, 2 ёшгача фарзанди бўлган аёлларга болани овкатлантириш учун ҳар уч соатда 30 дакиқадан, икки нафардан ортиқ 2 ёшгача фарзанди бўлган аёлларга эса ҳар уч соатда 1 соатдан танаффус берилади. Бундан ташқари мазкур корхоналарда ходимлар учун бепул тушлик ташкил этилиши илан бирга хотин-қизлар учун дам олиш, гигиена, тиббиёт, кийиниш-ечиниш ҳамда ювиниш хоналари мавжуд.
Яна бир аҳамиятли жиҳат – ушбу корхоналарда ишчи-хизматчилар ҳар йили бир маротаба иш берувчи хисобидан тиббий кўрикдан ўтказилади.
2015 йилнинг 1-ярим йиллиги давомида «Боғишамол текстил люкс» масъулияти чекланган жамияти томонидан жамоа шартномасига асосан хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясига 15 млн. 240 минг сўм, «INWESTTEX» Ўзбек – Америка қўшма корхонаси томонидан 47 млн. сўмдан зиёд маблағ йўналтирилган.