09.11.2015. Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан «Глобаллашув шароитида диний ақидапарастлик ва миссионерликнинг жамият, хусусан, ёшлар маънавиятига салбий таъсири» мавзуида «Маънавият соати» ўтказилди.
Тадбирда Тошкент ислом университети профессори, тарих фанлари номзоди Ҳайдархон Йўлдошхўжаев мавзу юзасидан йиғилганларга атрофлича маълумот берди. Таъкидланганидек, бугунги мураккаб ва таҳликали даврда дунё миқёсида мафкуравий, ғоявий ва информацион курашлар кучайиб, бораётгани барчамиздан доимо сергак бўлиш, маънавий-маърифий ишларни замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшларимизда ҳаётга онгли муносабатни шакллантириб, ён-атрофда юз бераётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини оширишни тақозо этмоқда. Бунда, аввало, мустақил фикр ва мустаҳкам иродага эга шахсни тарбиялаш, ёшлар қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини қарор топтириш ўта муҳимдир. Айнан шунга кўра, шарқона ахлоқ меъёрларига риоя қилиш, турли таҳдидларга қарши ҳар томонлама чуқур ўйланган, пухта илмий асосда ташкил этилган, мунтазам ва узлуксиз равишда олиб бориладиган маънавий тарбияни изчил давом эттириш асосий вазифалар сирасига киради.
— Диний экстремизм жамият учун анъанавий бўлган диний қадриятлар ва ақидавий аҳкомларни рад этиш, ўз ғояларини муросасизлик ҳамда зўрлик билан тарғиб қилишдан бошқа нарса эмас, — деди маърузачи ҳушёрликка даъват этиб. — Терроризм эса муайян сиёсий мақсадларда жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш, аҳолининг кенг қатламларида ваҳима уйғотиш ёки зўравонлик ишлатиш билан қўрқитишдир. Мафкуравий таҳдидларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшабгина бундай таҳдидлардан ўзимизни мустаҳкам ҳимоя қилишимиз мумкин.
— Бугунги тадбир биз, касаба уюшма фаоллари учун ўзига хос дарс вазифасини ўтади, — дейди Тошкент вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири Шаҳноза Одилхонова. — Ҳар лаҳзада сергаклик билан қадам ташлаш, ҳамиша огоҳ бўлиб яшаш кун талаби эканлигини яна бир карра англаб етдик. Жойларда ўтадиган маданий-маърифий анжуман ва учрашувларда ушбу тадбирдан олган сабоқларимизни, айниқса, ёшларга етказишга ҳаракат қиламиз.
«Маънавият соати» савол-жавобларга бой руҳда ўтди.