[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

16.11.2015. Тошкент шаҳрида Болалар меҳнати масаласи бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, тегишли вазирлик ҳамда идоралар раҳбарлари иштирокида Давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда шунингдек, Жаҳон банки, Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари қатнашдилар.

Йиғилишда Муносиб меҳнат бўйича Ўзбекистон Республикаси Дастури ижросининг бориши, қишлоқ хўжалигида меҳнат муҳофазаси масалалари ҳамда мазкур йўналишларда ижтимоий шериклар ва тегишли вазирлик, идоралар олдида турган истиқболдаги вазифалар муҳокама этилди.

Халқаро экспертлар Муносиб меҳнат бўйича Ўзбекистон Республикаси Дастури доирасида амалга оширилаётган тадбирларнинг ижобий самарасини қайд этдилар. Улар Ўзбекистонда бу борада Ҳукумат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ижтимоий шериклигида тизимли ишлар олиб борилаётганини таъкидладилар.

Халқаро экспертлар томонидан шунингдек, мамлакатда аҳоли, айниқса, касб-ҳунар коллежлари ҳамда Олий ўқув юртлари ўқувчи ва талабалари, таълим ва тиббиёт муассасалари, фермер хўжаликлари, тадбиркорлар ўртасида миллий ва халқаро меҳнат стандартлари бўйича ахборот-тушунтириш ишларининг мунтазам йўлга қўйилгани алоҳида таъкидланди. Шу мақсадларда зудлик билан мурожаат қилиниши мумкин бўлган “Ишонч телефонлари”ни кўрсатган ҳолда банерлар, плакатлар ва постерлар тайёрланиб, барча ҳудудларда ўрнатилган.

Шунингдек, миллий ва халқаро меҳнат стандартлари бўйича нафақат корхона, ташкилот ва муассасалар маъмуриятлари раҳбарлари, фермерлар, таълим ва тиббиёт муассасалари ходимлари, балки аҳоли ва болаларнинг ҳам хабардорлик даражаси юқори эканлиги таъкидланди. Халқаро экспертлар томонидан мазкур йўналишда фуқаролик жамияти институтлари томонидан йўлга қўйилган жамоатчилик назорати даражасининг борган сари ошиб бораётгани юқори баҳоланди.

Йиғилиш иштирокчилари томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Юридик клиникаси қошида ташкил этилган Қайта алоқа механизмини амалга ошириш самарадорлиги ҳамда фуқаролар мурожаатлари натижалари бўйича кўрилган чора-тадбирлар тўғрисидаги масалалар ҳам муҳокама этилди. Миллий ва халқаро меҳнат стандартларини амалга ошириш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар олдида турган келгусидаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари меҳнат соҳасидаги асоссолувчи халқаро конвенцияларни тўлиқ татбиқ этиш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш бўйича ўз таклифларини билдирдилар. Ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштириш, ахборот-тарғибот ишлари кўламини кенгайтириш, муносиб меҳнат масалаларига эътиборни янада кучайтириш бўйича устувор йўналишлар дастурини қабул қилиш мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидланди.

Давра суҳбати якунида Ўзбекистондаги ижтимоий шериклар учун Муносиб меҳнат дастури доирасидаги ишларни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар қабул қилинди.

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати