27.11.2015. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан диёримизнинг турли ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23 йиллигига бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Хоразм вилоятида ташкил этилди. “Конституция – аёл ҳуқуқларининг кафолати” мавзусидаги семинарда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хотин-қизлар кенгаши, тармоқ ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотларининг Хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари аъзолари, олим ва мутахассислар, ҳуқуқшунослар, ҳамда касаба уюшма фаоллари қатнашдилар.
Тадбирда Асосий Қонунимиз – мамлакатимиз Конституциясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари кафолатланганлиги, бу борада юртимизда олиб борилаётган тизимли ишлар алоҳида эътироф этилди. Хусусан, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш барча жабҳалардаги ислоҳотлар жараёнида яққол намоён бўлаётганлиги таъкидланди. Муҳими, ислоҳотлар негизидан энг аввало инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатлари устуворлиги ўрин эгаллаган. Шу боис мамлакатимизда инсон маняаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси бугун халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида “Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир” дейилган. 46-моддада эса “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар” деб белгилаб қўйилган.
Мамлакат касаба уюшмалари хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш, улар учун меҳнатни бола тарбияси билан уйғун ҳолда олиб бориш борасида етарли шароитлар яратиш йўналишларида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жамоа шартномаларига «Аёллар меҳнатини тартибга солиш. Аёллар ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга бериладиган қўшимча имтиёз ва кафолатлар» бўлими киритилиб, хотин-қизлар учун яратилаётган имтиёз ва кафолатлар кўлами кенгайтирилди. Натижада жамоа шартномалари орқали бугун хотин-қизларнинг янги касбларга ўқитилиши таъминланмоқда. Кичик ёшдаги фарзандлари бор аёлларга қисқартирилган иш вақти белгилаш, ҳақ тўланадиган ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари кунини узайтириш, 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган бола парвариши таътилидаги аёлларга ҳар ойда моддий ёрдам кўрсатиш, 2 ёшгача фарзанди бўлган аёлларга ҳақ тўланадиган танаффуслар бериш имтиёзлари қўлланилмоқда. Шунингдек, корхона, ташкилот ва муассасаларда ҳомиладор аёлларни ишга қабул қилиш учун маълум миқдорда иш ўринлари ажратиш, аёлларни бепул тиббий кўрикдан ўтказиш, хавфсиз меҳнат шароитларини ташкил этиш, 12 ёшгача фарзанд тарбияси билан банд бўлган ишловчи аёлларга қўшимча меҳнат таътиллари куни ёки қўшимча дам олиш куни бериш каби тадбирлар амалга оширилмоқда.
Рақамларга мурожаат этсак, бугунгача жамоа шартномалари орқали 2 ёшдан 3 ёшгача фарзандлари бўлган 38 минг нафардан ортиқ ёш онага моддий ёрдам кўрсатилди. Нодавлат мулк шаклидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 26,5 минг нафардан зиёд болали аёлларнинг ойлик маоши сақланган ҳолда иш ҳафтаси 1 соатга қисқартирилди. 1 минг 672 нафар ёш аёллар учун ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари куни узайтирилди. Шунингдек, якка-ёлғиз ва кўп болали аёллар, ўн тўрт ёшгача ёки ногирон боласи бўлган оналар, пенсияга чиқиш арафасидаги аёллар ҳамда коллежни битираётган қизлар учун иш ўринлари заҳираси яратилиши бўйича жамоатчилик назорати ўрнатилди. Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этишга ва улар иш ҳақини камайтиришга йўл қўймаслик, меҳнат шароити ноқулай ишларда аёллар меҳнати қўлланишини тақиқлаш каби қатъий меъёрларнинг тўлиқ қўлланиши таъминланди.
Касаба уюшмалари томонидан ижтимоий шериклик асосида касаначи аёлларнинг меҳнат ҳуқуқи ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жамоа шартномаларидаги имтиёз ва кафолатлардан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ходимлари, касаначилик ва оилавий тадбиркорликда банд бўлган аёлларнинг ҳам тўлақонли фойдаланиши таъминланмоқда. Бу борадаги ишлар сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Хотин-қизлар кенгаши, тармоқ ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотларида Хотин-қизлар комиссиялари фаолияти йўлга қўйилди. Улар томонидан, мулкчилик шаклидан қатъий назар, барча корхона, ташкилот ва муассасаларда ишловчи хотин-қизларга муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратилиши устидан жамоатчилик назорати олиб борилмоқда. Шунингдек, жамоа шартномаларини экспертизадан ўтказиш жараёнида улар иштироки таъминланиб, хотин-қизлар учун янги имтиёз ва кафолатлар, муносиб меҳнат шароитлари яратилишига эришилмоқда.
Касаба уюшмалари Федерацияси хотин-қизларнинг уй юмушларини енгиллаштириш, улар ҳаёти сифатини оширишга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Хусусан, жорий йилда республикамиз ҳудудларида истиқомат қилаётган иэтимоий ҳимояталаб 2 минг нафардан ортиқ хотин-қизлар музлатгич, кир ювиш машиналари, чангютгич, микротўлқинли печь каби электр маиший техника жиҳозлари билан таъминланди.
Хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш масаласи ҳам касаба уюшмаларининг доимий эътиборидадир. Тизимдаги санаторийларда соғломлаштирилаётган аҳоли вакилларининг қарийб 60 фоизини аёллар ташкил этади. Ижтимоий йўналтирилган Давлат дастурлари доирасида эҳтиёжманд оилалардан бўлган аёллар бепул соғломлаштирилиб, имтиёзли йўлланмалар асосида фертиль ёшидаги хотин-қизларнинг саломатлиги мустаҳкамланмоқдади. Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан «Она ва бола» йўлланмалари жорий этилиб, оналар ва болаларнинг биргаликда соғломлаштирилиши таъминланмоқда.
Семинарда мазкур йўналишларда олиб борилаётган тизимли ишлар мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида амалга оширилаётган кучли ижтимоий ҳимоя сиёсатининг ва кенг кўламли ислоҳотлар самараси эканлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбир иштирокчиларига олим ва мутахассислар томонидан Асосий Қонунимиз халқчил ҳуқуқий ҳужжат сифатида ижтимоий-сиёсий соҳада кенг имкониятлар яратиб бераётгани тўғрисида таҳлилий маълумотлар берилди. Ушбу имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда касаба уюшмалари томонидан ижтимоий шериклик асосида турли соҳа ходимларининг, айниқса, хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш йўналишида олиб борилаётган тизимли ишлар тўғрисида фикр ва мулоҳазалар юритилди.
Семинарда хотин-қизлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда келгусида касаба уюшмалари олдида турган вазифалар хусусида ҳам фикр юритилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати