03.12.2015. Жорий йилнинг 3 декабрь куни Жиззах вилоятининг Янгиобод туманида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан барпо этилган “Ҳавотоғ гулшани” санаторийсининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Унда Республика касаба уюшмалари, маҳаллий ҳокимликлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар мутасаддилари, фахрийлар иштирок этдилар.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида халқимиз ҳаёти сифати ва турмуши фаровонлиги даражасини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Мамлакатимизда инсон, унинг ҳаёти ва саломатлиги энг олий қадрият даражасига кўтарилган. Бинобарин, истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб эл соғлиғини асраб-авайлаш, баркамол авлодни вояга етказишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиб келинмоқда.
Юртбошимиз ташаббуси билан узоқни ўйлаб амалиётга татбиқ этилган тараққиётнинг “ўзбек модели” ана шу ислоҳотлар рўёбида бош дастуриламалдир.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Жиззах вилоятининг Янгиобод туманида барпо этилган “Ҳавотоғ гулшани” санаторийсининг тантанали очилиш тадбирида мамлакатимизда ушбу йўналишларда амалга оширилаётган тизимли ишлар алоҳида таъкидланди. Конституциямиз қабул қилинганлигининг 23 йиллиги олдидан мазкур санаторий Ўзбекистон аҳолиси учун муносиб туҳфа бўлди.
Шу ўринда таъкидлаш зарурки, юртимизда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида халқимиз турмуши фаровонлигининг ортиб бораётгани аҳолининг санатор-курорт муассасаларига бўлган эҳтиёжини ҳам оширмоқда. Шу боис Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимдаги сиҳатгоҳлар моддий-техник негизини мустаҳкамлаш ва янги санаторийлар барпо этиш, уларда сифатли тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. “Ҳавотоғ гулшани” санаторийсининг барпо этилиши ҳам ана шундай саъй-ҳаракатлар маҳсулидир.
Мазкур сиҳатгоҳнинг Жиззах вилоятининг Янгиобод туманида барпо этилиши бежиз эмас. Сабаби, кўплаб изланиш ва ўрганишлар натижасида бу масканда табиий даволаш омиллари бўлган ҳамда юқори шифобахшликка эга бром ва бошқа микроэлементларга бой термал минерал сувлар мавжуд эканлиги аниқланди. Хусусан, таркибида 5,4% бром мавжуд бўлган табиий термал минерал сув ҳавзаси мавжуд бўлиб, мутахассислар томонидан сувнинг таъсири ўрганилганда остеохондроз, диск чурралари, турли асаб тизими касалликларига даво бўлиши аниқланди. Ушбу табиий неъматларнинг инсон саломатлигига, хусусан, кўплаб ҳаракат-таянч органлари касалликларидаги шифобахшлик хусусиятини инобатга олган ҳолда ушбу масканда “Ҳавотоғ гулшани” санаторийси барпо этилди.
Мазкур санаторий 50 ўринга мўлжалланган бўлиб, неврологик, ҳаракат-таянч ва ошқозон-ичак касалликлари мавжуд бўлган дам олувчиларни соғломлаштиришга ихтисослашган. Санаторий ётоқ хоналари икки кишилик бўлиб жаҳон стандартларига мос равишда жиҳозланган. Дам олиб, даволанувчилар учун барча шароит ва қулайликлар мавжуд. Даволаш бўлими сўнгги русумдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Жумладан, малакали мутахассислар томонидан замонавий BTL аппаратлари, компьютерли умуртқа тортиш, магнит ва лазер аппаратлари, ультратовуш текшируви ва барча лаборатор ташхис апппаратлари кўмагида дам олувчилар саломатлигини мустаҳкамланмоқда.
Шунингдек, “Ҳавотоғ гулшангида” амбулатор диагностика хизмати йўлга қўйилиши режалаштирилган бўлиб, ҳудуддаги аҳоли саломатлигини мухофаза қилиш, турли касалликларни эрта аниқлаш ва ташхислаш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Мазкур санаторийнинг илк даволанувчилари меҳнат фахрийлари ва қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият кўрсатаётган меҳнаткашлар бўлдилар. Улардан 35 нафари Конституциямизнинг 23 йиллиги байрами муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бепул йўлланмалар асосида соғломлаштирилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бугунги кунда касаба уюшмалари тизимида фаолият кўрсатаётган 17 та санаторийда ҳар йили 100 минг нафардан зиёд меҳнаткаш ва уларнинг оила аъзолари соғломлаштирилмоқда. Бу жараёнда айниқса, фертиль ёшидаги хотин-қизлар, шу жумладан, қишлоқ жойларида яшовчи аёллар, ёш оилалар, уруш ва меҳнат фахрийлари, она ва болаларни соғломлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати