[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

14.12.2015. 2015 йилнинг 12 декабрь куни  Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Энг намунали бошланғич ташкилот” республика танловининг якуний босқичи ғолибларини тиқдирлаш тадбири ўтказилди. Унда қатор вазирлик ва идоралар мутасаддилари, ҳамкор ташкилотлар ва ижтимоий шериклар, иш берувчилар ва бошланғич касаба уюшма ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар.

Маълумки, касаба уюшмалари тизимини такомиллаштириш жараёнида бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаоллигини янада ошириш, уларнинг меҳнаткашлар ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш йўналишидаги ишларини янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, бошланғич касаба уюшмаси – тизимнинг энг муҳим бўғинларидан бири ҳисобланади. Шу боис соҳани ислоҳ этиш асносида корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият олиб бораётган бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолиятини кучайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилди.

Федерация Кенгаши ташаббуси билан ҳар 2 йилда бир маротаба ўтказиб келинаётган мазкур танловдан кўзланган мақсад ҳам бошланғич ташкилотлар етакчилари масъулиятини янада ошириш, уларнинг замон билан ҳамнафас қадам ташлашларига эришиш ва бу орқали ходимлар оғирини енгил қилиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, иш берувчилар билан ижтимоий шерикликда қулай ва бехатар меҳнат шароитлари яратиб берилишини таъминлашдир.

Бугун бошланғич ташкилотлар республика касаба уюшмалари ҳаракатида алоҳида ўрни тутмоқда. Бунда касаба уюшмалари Федерациясининг V-Қурултойидан сўнг тизимда ходимлар манфаатларини самарали ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар муҳим аҳамиятга эгадир. Хусусан, жамоа келишувлари ва шартномалари орқали меҳнат муносабатларига оид долзарб масалаларнинг ҳал этилишига, уларда белгиланган имтиёзлардан барча ходимларнинг бирдек фойдаланишига эришилмоқда. Айниқса, касаба уюшма органлари фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш мақсадида касаба уюшма аъзолари олдида мунтазам ҳисобот бериб бориш тизимининг йўлга қўйилгани бугун ўз ижобий самарасини бермоқда.

Таъкидлаш зарурки, ўтган йиллар давомида барча жамоа шартномаларининг ижтимоий таркибий қисми кучайтирилди. Шунингдек, мазкур локал ҳужжатларга аёллар ва ёшларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга оид алоҳида бўлимлар киритилиб, улар учун қўшимча имтиёзлар белгиланди. Шунингдек, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Конвенциялари бажарилишини таъминлашга оид иш берувчиларнинг мажбуриятлари киритилди.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида имзоланган жамоа шартномалари ва келишувлари орқали ходимлар ва уларнинг оила аъзоларига қарийб 79,2 млрд. сўмлик ижтимоий кўмак берилишига эришилди. Хусусан, 1 минг 774 та ёш оилага мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар ҳарид қилиш, шунингдек, уй-жой қурилиши учун 33,2 млрд. сўм, 721 нафар ходимга сафарбарлик захирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан 2 млрд. 787 млн. сўмдан зиёд фоизсиз ссудалар берилди. 782 та корхона ва ташкилотда олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларини шогирдликка олиб, уларга ўз касбининг сир-асрорларини ўргатаётган 2 минг 201 нафар устоз-ходимлар рағбатлантирилди. 7 минг 129 нафар ёш ходимни бошқа касбга ўргатиш ҳамда малакасини ошириш ишлари ташкил этилиб, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 859 нафар талабанинг шартнома пуллари қисман қопланди.

Корхона, ташкилотларда ходимларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш йўналишидаги ишларда ишлаб чиқаришда жароҳатланиш ва касб касалликлари профилактикаси масаласининг амалиётга тобора кенг жорий этилаётгани натижасида ижобий кўрсаткичларга эришилмоқда. Бевосита бошланғич ташкилотлар иштирокида ишлаб чиқариш корхоналарида уч босқичли маъмурий-жамоатчилик назорати ўрнатилган бўлиб, унинг бориши меҳнат муҳофазаси бўйича сайланган вакиллар, корхона раҳбари ва касаба уюшма қўмитаси  йиғилишларида муҳокама этиб келинмоқда. Асосий эътиборнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини касаба уюшмаси хизмати билан қамраб олишга қаратилиши натижасида уларда меҳнат қилаётган ходимлар ҳам бугун жамоа шартномаларида кўзда тутилган имтиёз ва кафолотлардан фойдаланмоқдалар.

Яна бир муҳим жараён – корхона ва ташкилотларда иш ўринларини аттестациядан ўтказиш ва меҳнат шароитларини паспортлаштириш масаласига эътиборнинг кучайтирилиши натижасида қатор тармоқлар тизимидаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари ва ташкилотларида иш ўринлари аттестациядан ўтказилиб, меҳнат шароитларини паспортлаштириш ишлари йўлга қўйилди. Аҳолининг турмуш даражасини ошириш мақсадида мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини турли соҳа ходимлари, айниқса ёшларга етказишда бошланғич ташкилотларнинг ҳиссаси катта бўлмоқда. Хусусан, ҳар ойда бошланғич ташкилотлар томонидан меҳнат жамоаларида ўтказилаётган «Маънавият соатлари»да 4 млн. нафардан ортиқ ишчи-ходимлар иштирок этмоқда.

Бошланғич касаба уюшма қўмиталари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг илғор иш тажрибаларини оммалаштириш, шунингдек, фаолиятида ижобий натижаларга эришаётган бошланғич ташкилотларни аниқлаш мақсадида 2011 йилдан бошлаб ўтказиб келинаётган “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танлови бугун бошланғич ташкилотлар фаолиятини янада ривожлантириш, уларнинг корхона ва ташкилотларнинг ижтимоий ҳаётида тутган ўрни ва иштирокини янада оширишга хизмат қилмоқда.

4 босқичда ташкил этилган мазкур танловнинг қуйи босқичларида жорий йилда 19,5 мингдан ортиқ бошланғич касаба уюшма ташкилотлари қатнашди. Улар орасидан саралаб олинган 24 та бошланғич касаба уюшма ташкилоти якуний Республика босқичида иштирок этди.

Мазкур кўрик-танловда иштирок этган бошланғич ташкилотлар фаолияти Кўрик-танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Республика комиссияси томонидан чуқур таҳлил этилди. Хусусан,  меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимояси, меҳнат муҳофазаси, маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш, ташкилий масалалар, тарғибот-ташвиқот соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Бунда айниқса, бошланғич ташкилотларнинг меҳнат жамоаларининг ижтимоий масалаларини ҳал этишда эришган аниқ натижалари, ходимлар учун яратилган меҳнат шароитлари, касаба уюшма ташкилотининг янги иш ўринларини ташкил этишдаги иштироки, жамоа шартномасини тузиш қоидаларига риоя этилганлиги ва унинг мазмуни қонун ҳужжатларига мослиги, амалдаги ижроси каби масалалар танлов иштирокчилари фаолиятини баҳолашнинг асосий мезонлари бўлди. Шунингдек, бошланғич касаба уюшма қўмиталарининг ходимлар ҳуқуқий маданиятини ошириш, меҳнаткашлар маънавиятини юксалтириш борасида амалга ошираётган ишларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мазкур кўрик-танловнинг туман, шаҳар, вилоят, тармоқ босқичларида сараланган бошланғич касаба уюшма ташкилотлари республика босқичида иштирок этдилар ва тармоқлар хусусиятларини инобатга олган ҳолда саноат ва ишлаб чиқариш ҳамда ижтимоий соҳа йўналишларида ғолиблар аниқланди.

Кўрик-танловда ғолиб бўлган бошланғич касаба уюшма ташкилотлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан I-, II- ва III- даражали диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Танловнинг Республика босқичида иштирок этган 11 та бошланғич касаба уюшма ташкилоти Федерация Кенгашининг рағбатлантирувчи диплом ва мукофотларига, “MAXAM-CHIRCHIQ” Акциядорлик жамияти бошланғич касаба уюшма ташкилоти эса Федерация Кенгашининг махсус дипломи ва мукофотига сазовор бўлди.

Тадбир доирасида намунали бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг илғор иш тажрибаларига бағишланган кўргазма ташкил этилди.

 

«Энг намунали бошланғич ташкилот» кўрик-танловининг
республика финал босқичи ғолиб ва совриндорлари

 Р Ў Й Х А Т И

 

Аъзолар сони 100 нафаргача бўлган бошланғич ташкилотлар
1. Ижтимоий соҳада 1-ўрин «Асака» акциядорлик тижорат банки Асака филиали бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти
2. 2-ўрин Самарқанд вилояти Ургут туманидаги 1-мактаб бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти
3. 3-ўрин «Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази» давлат муассасаси бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти
4. Саноат ва ишлаб чиқариш соҳасида 1-ўрин «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти марказий аппарати бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти
5. 2-ўрин Бухоро вилоятидаги «Шохруд» акциядорлик жамияти бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти
6. 3-ўрин «UzMinda» масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти
Аъзолар сони 100 нафардан ортиқ бўлган бошланғич ташкилотлар
7. Ижтимоий соҳада 1-ўрин Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти
8. 2-ўрин Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар ҳокимлиги бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти
9. 3-ўрин Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институти бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти
10. Саноат ва ишлаб чиқариш соҳасида 1-ўрин «Самарқанд халқаро аэропорти» давлат унитар корхонаси бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти
11. 2-ўрин «Янги-Ангрен иссиқлик электр станцияси» акциядорлик жамияти бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти
12. 3-ўрин «GM Uzbekistan» акциядорлик жамияти қўшма корхонаси бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти
Федерация Кенгашининг рағбатлантирувчи дипломи
13. «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамиятининг Саноат темир йўллар транспорти бошқармаси бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти
14. «Муборак газни қайта ишлаш заводи» масъулияти чекланган жамияти бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти
15. «Хоразмавтойўл» ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилоти бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти
16. «Тошкент иссиқлик маркази» акциядорлик жамияти бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти
17. Қашқадарё вилоятидаги «Дунё-М» очиқ акциядорлик жамияти бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти
18. «UZ MAL OIL» Ўзбекистон-Малайзия қўшма корхонаси бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти
19. «Қашқадарёавтойўл» ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилоти бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти
20. «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли Темир йўл қон қуйиш станцияси бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти
21. «Қашқадарё тижорат савдо» МЧЖ ихтисослаштирилган улгуржи ҳудудий базаси бошланғич касаба уюшмсаси ташкилоти
22. «Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамияти Бухоро филиали бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти
23. Хоразм вилояти Янгибозор иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти
Федерация Кенгашининг махсус дипломи
24. «MAXAM-CHIRCHIQ» акциядорлик жамияти бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати