19.12.2015. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг Юридик клиникаси ташаббуси билан пойтахтимиздаги 12 та олий таълим муассасаси талабалари ҳамда Юридик клиника волонтёрлари ўртасида ижтимоий шерикликка оид миллий ва халқаро стандартларни тарғиб этиш мақсадида дебат турнири ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллигига бағишлаб ўтказилган мазкур турнирда бандлик, таълим, ижтимоий ҳимоя, меҳнат муҳофазаси, экология ва жамоатчилик назорати соҳаларидаги ижтимоий шерикликка оид мавзулар бўйича ёшлар ўртасида баҳс ва мунозаралар ўтказилди. Турли соҳаларнинг етакчи мутахассисларидан таркиб топган экспертлар гуруҳи жамоаларни баҳолаб борди.
Якунда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети жамоаси турнир ғолиблигини қўлга киритди. Тошкент давлат шарқшунослик институти жамоаси иккинчи ўринни эгаллади.
Шунингдек, бир қатор номинациялар бўйича Солиқ академияси талабаси Фурқатбек Эргашев, Тошкент тиббиёт академияси талабаси Шоира Зуфарова, Тошкент ислом университети талабаси Маҳбуба Азизова, ЖИДУ талабаси Элдор Воҳидов, ТДШИ талабаси Аъзам Азизов тақдирланди.