[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

22.12.2015. 2015 йилнинг 22 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VII Қурултойи бўлиб ўтди. Унда тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар мутасаддилари, тармоқ касаба уюшмалари республика кенгашлари ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаларидан сайланган делегатлар, иш берувчилар ва касаба уюшма фаоллари иштирок этдилар.

Қурултойда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2011-2015 йиллардаги фаолияти якунлари таҳлил этилди.  Анжуманда Мустақиллик йилларида Давлатимиз раҳбари бошчилигида барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, саъй-ҳаракатлар ва ташаббуслар замирида эзгулик ва инсон манфаатлари устувор эканлиги алоҳида таъкидланди. Ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳамда мислсиз бунёдкорликлар халқимиз ҳаёти сифати ва даражасини янада оширишга хизмат қилаётгани, мамлакатимизда ҳар йили давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳаларга йўналтирилаётганлигининг ўзиёқ иқтисодий имконият ва салоҳиятимизни намоён этади. Мазкур йўналишларда Ўзбекистон эришаётган ютуқ ва марралар бугун дунё ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда.

Мамлакатимизда олиб борилаётган кучли ижтимоий ҳимоя сиёсати аввало инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, аҳоли фаровонлиги даражаси ва сифатини янада оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Мазкур йўналишлардаги кенг кўламли ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтган ҳисобот даври мобайнида тизимли ишлар амалга оширилди. Анжуманда Қурултой делегатлари томонидан таъкидланганидек, ўтган ҳисобот даври мобайнида касаба уюшмалари фаолияти ва тузилмасини такомиллаштириш йўналишидаги ишлар бугун ўз ижобий самарасини бермоқда. Хусусан, босқичма босқич амалга оширилган ислоҳотлар натижасида меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилувчи ихчам ва ишчан тизим яратилди. Бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолияти кўлами кенгайтирилди. Бугунги кунда бошланғич ташкилотларнинг 19 минг нафардан ортиқ вакиллари корхона ва ташкилотларнинг бошқарув органлари таркибига киритилиб, ходимлар манфаатлари билан боғлиқ қарорларни қабул қилишда фаол иштирок этмоқдалар.

Ҳисобот даврида ходимларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимояси фаолиятнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу борада жамоатчилик назорати кучайтирилиб, касаба уюшмалари Федерацияси, тармоқ Республика кенгашлари, ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаларида бепул юридик маслаҳатхоналар ҳамда жамоатчилик қабулхоналари ташкил этилди. Ҳуқуқий ҳимоя соҳасидаги ишлар сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида ўрта махсус ва олий таълим муассасалари, ходимлар малакасини ошириш институтлари ва қайта тайёрлов курсларининг ўқув дастурларига ижтимоий-меҳнат муносабатларига оид махсус ўқув курслари киритилди.

2011-2015 йиллар давомида фуқароларнинг 57 минг 254 та мурожаати ўрганилиб, улардан 51 минг 31 таси ҳал этилди. Касаба уюшмалари томонидан судларга 361 та даъво аризаси ва иш берувчиларга 1 минг 980 та тақдимнома киритилиб, 5 минг 354 нафар шахснинг қонуний ҳуқуқлари тикланди. 2012 йилдан бошлаб касаба уюшмалари тизимида жорий этилган «Ишонч телефонлари» орқали бугунгача 7 минг 625 нафар фуқарога ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида бепул ҳуқуқий хизмат кўрсатилди. Федерацияда ташкил қилинган Юридик клиника эса ҳуқуқий ҳимоя ва хуқуқий таълим амалиётини мужассамлаштирган ҳолда меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга бепул юридик хизмат кўрсатиш кўламини янада кенгайтирди.

Ҳисобот даврида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ижтимоий шериклик асосида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимояси кучайтирилди. Хусусан, 2011 йилда мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжат – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида 2011-2013 йилларга мўлжалланган Бош келишув имзоланди. Мазкур ҳужжат орқали аҳоли бандлигининг самарали шаклларини ривожлантириш, меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан жамоат назоратини кучайтириш, аҳолининг заиф қатламини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга оид тизимли ишлар амалга оширилди. 2014-2016 йиллар учун имзоланган Бош келишув аввалгисидан фарқли равишда янги меъёрлар билан бойитилиб, давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ижимоий шериклигида ходимлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, янги иш ўринлари яратилиши устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтиришда муҳим омил бўлди.  Шунингдек, миллий ва халқаро меҳнат стандартларига оғишмай риоя этилиши таъминланди.

Бош келишув асосида тармоқ ва ҳудудий келишувлар ҳамда жамоа шартномаларининг мазмун-моҳияти тубдан қайта кўриб чиқилиб, ижтимоий таркиби кучайтирилди. Натижада бугунги кунда мазкур локал ҳужжатлар орқали меҳнат бозорини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш каби долзарб масалалар ҳал этилмоқда. Шунингдек, жамоа шартномалари ва келишувлари ходимлар учун қонун ҳужжатларида кўрсатилганидан юқорироқ тўловларни ўрнатиш, тармоқ хусусиятларидан келиб чиқувчи бошқа масалаларга оид имтиёзлар берилиши, ходимлар учун узайтирилган асосий ва қўшимча таътиллар ўрнатилишида муҳим омил бўлмоқда.

Мазкур локал ҳужжатларга бутунлай янги йўналишлар, жумладан, ёшлар ва аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга оид қўшимча имтиёзлар киритилди. Хусусан, ўтган 5 йил давомида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 15 минг 294 та ёш оилага узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар ҳарид қилиш, уй-жой қуриш учун фоизсиз ссудалар берилди. Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 12 минг 579 нафар талабанинг шартнома пуллари қисман қопланди. Биргина 2015 йилда 721 нафар ходимга сафарбарлик заҳирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан 2 млрд. 795 млн. сўмдан зиёд фоизсиз ссудалар берилди. Олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларига устозлик қилаётган 2 минг 201 нафар малакали ходим муносиб рағбатлантирилди. 7 минг 129 нафар ёш ходим бошқа касбга ўқитилиб, малакаси оширилди.

Жамоа шартномалари орқали хотин-қизлар учун яратилаётган имтиёз ва кафолатлар кўлами кенгайтирилиши натижасида ушбу локал ҳужжатлар орқали хотин-қизларнинг янги касбларга ўқитилиши таъминланди. 2 ёшдан 3 ёшгача фарзандлари бўлган 38 минг нафардан ортиқ ёш онага моддий ёрдам кўрсатилди. Нодавлат мулк шаклидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 26,5 минг нафардан зиёд болали аёлларнинг ойлик маоши сақланган ҳолда иш ҳафтаси 1 соатга қисқартирилди. 1 минг 672 нафар ёш аёллар учун ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари куни узайтирилди. Касаба уюшмалари томонидан ижтимоий шериклик асосида касаначи аёлларнинг меҳнат ҳуқуқи ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, жамоа шартномаларидаги имтиёз ва кафолатлардан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ходимлари, касаначилик ва оилавий тадбиркорликда банд бўлган аёлларнинг ҳам тўлақонли фойдаланиши таъминланди.

Ҳисобот йилларида касаба уюшма аъзолари меҳнатидан фойдаланувчи юридик шахсларнинг 98,1 фоизини жамоа-шартномавий муносабатлар билан қамраб олишга эришилди. Бунга мутаносиб равишда корхона, ташкилот ва муассасаларда тузилган жамоа шартномалари сони 91 мингтадан 113 мингтага ортди. Йўлга қўйилган самарали ижтимоий мулоқот тизими жамоа шартномалари орқали ходимлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва даромадларини ошириш имконини берди. Масалан, 2010 йилда жамоа шартномалари орқали бир ходим манфаатлари ҳимоясига ўрта ҳисобда 314 минг сўм сарфланган бўлса, 2015 йилга келиб ҳар бир ходимга жамоа шартномалари орқали сарфланган маблағ миқдори ўртача 2-7 млн. сўмдан зиёдни ташкил этди. 2011-2015 йилларда касаба уюшма аъзолари меҳнатидан фойдаланувчи 12 минг 195 та корхона ва ташкилотдаги 158,5 минг нафарга яқин касаначи меҳнати мониторингга олиниб, уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари таъминланди. 77 минг 908 та фермер хўжалигида ишловчи 1 млн. 31 минг нафар ходимга меҳнат дафтарчалари расмийлаштирилди.

Аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида касаба уюшмалари томонидан 2011-2015 йиллар давомида янги иш ўринлари яратилиши устидан жамоатчилик назорати олиб борилди. Хусусан,  20 минг 569 та хўжалик субъектида янги иш ўринлари яратилганлигининг ҳаққонийлиги ўрганилди. Ўрганиш жараёнида ишга қабул қилинган ходимлар билан меҳнат шартномалари тузилиши, тегишли ҳужжатларнинг расмийлаштирилиши, меҳнат дафтарчалари юритилиши назоратга олинди. Шунингдек, ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари ҳар йили меҳнат бозорида рақобат қила олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам миқдорини белгилаш дастурларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этдилар ва 2013-2015 йиллар давомида квоталаштирилган иш ўринларига 218 минг 857 нафар ижтимоий ҳимояталаб шахслар жойлаштирилди.

Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан янги иш ўринларини ташкил этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона, Хоразм, Қашқадарё вилоятларида 600 га яқин янги иш ўринлари яратилди ва уларда коллеж битирувчилари ва маҳаллий аҳоли бандлиги таъминланди.

Ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш борасида асосий эътибор ишлаб чиқаришда жароҳатланиш ва касб касалликларининг олдини олиш масаласига қаратилди. Ушбу масалага иш берувчилар ва ходимлар эътибори кучайтирилиб, мавжуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилиниши устидан давлат ва жамоат назорати ўрнатилди. Ҳисобот йилларида жамоа шартномаларидаги меҳнат муҳофазаси бўйича чора-тадбирлар сони 2011 йилга нисбатан қарийб 84 фоизга ортди. Энг муҳими, режалаштирилган тадбирларнинг 96,5 фоизи бажарилишига эришилди.

Бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ҳамда меҳнат муҳофазаси бўйича вакилларнинг фаол саъй-ҳаракатлари натижасида корхона ва ташкилотларда ишга янги қабул қилинган ҳар бир ходимнинг меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқдан ўтказилиши таъминланди. 2015 йилда жамоа шартномаларида меҳнат муҳофазаси бўйича кўзда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун сарфланган маблағ миқдори 2011 йилга нисбатан 1,5 баробарга ортиб, 133,8 млрд. сўмни ташкил этди. Шунингдек, ҳар йили турли соҳа ходимларининг 80-85 фоизи дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтказилишига эришилди.

Ўтган 5 йил давомида қарийб 53 мингта кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъетларида меҳнат қилаётган 480 минг нафардан зиёд ходимнинг ижтимоий ҳимояси таъминланди. Бу борада 2015 йилда эришилган кўрсаткичлар 2010 йилга нисбатан мос равишда 25 ва 6 баробарга ортди. Биргина 2015 йил давомида 201 та агрофирмада, 251 та оилавий корхонада меҳнат қилаётган ходимлар, 7,7 минг нафардан ортиқ якка тартибдаги тадбиркорлар касаба уюшмаси хизматига олинди. Ҳорижий инвестициялар иштирокидаги 38 та қўшма корхонада касаба уюшма ташкилоти тузилиб, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқ ҳамда манфаатлари таъминланди.

Ўтган ҳисобот даврида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг халқаро фаолияти ривожлантирилди. Бунда асосий эътибор жаҳон ҳамжамиятида суверен Ўзбекистоннинг обрў-эътиборини янада оширишга муносиб ҳисса қўшиш, халқаро касаба уюшмалари ҳаракатида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мавқеини янада мустаҳкамлашга қаратилди. Шу мақсадда халқаро фаолият стратегияси ишлаб чиқилди. У энг аввало Халқаро Меҳнат ташкилоти, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси, шунингдек, кўплаб иқтисодиёти ривожланган мамлакатларнинг халқаро касаба уюшма марказлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш имконини берди. Халқаро меҳнат ташкилоти билан амалий ҳамкорлик сезиларли даражада кучайди. Тобора ривожланиб бораётган ўзаро ҳамкорлик натижаси ўлароқ 2015 йил 11 октябрда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг ассоциациялашган аъзоси бўлди.

Ҳисобот даврида меҳнаткашлар ўртасида миллий ғоя тарғиботи, маданий-маърифий ва спорт тадбирларини йўлга қўйиш соҳасида тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, мамлакатимизда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, турли соҳалардаги ислоҳотлар моҳияти, қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг аҳамиятини меҳнаткашларга, айниқса, ёшлар онгига етказиш мақсадида 2012 йилдан буён меҳнат жамоаларида «Маънавият соатлари» ўтказилиши йўлга қўйилди. Ҳар ойда анъанавий равишда ўтказиб келинаётган ушбу тадбирларда 4 млн. нафардан зиёд ходимлар иштироки таъминланди. Аниқ мақсадга йўналтирилган ижтимоий акцияларни ўтказиш тизими йўлга қўйилди. Мазкур акциялар доирасида аҳоли турли тоифаларининг моддий ва маънавий қўллаб-қувватланиши таъминланди. Хусусан, Республикадаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида таълим олаётган иқтидорли талаба ва ўқувчилари учун касаба уюшмалари стипендияси таъсис этилди. Аёларнинг уй юмушларини енгиллаштириш ва турмуши даражасини оширишга кўмаклашилди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг барчасига манзилли моддий ёрдам кўрсатилиб, оилалари ободлигини оширишга кўмаклашилди. Ёлғиз ва ижтимоий ҳимояталаб кексалар яшаётган қарийб 3 минг оила электр-маиший техника жиҳозлари, 420 нафар жисмоний имконияти чекланган кекса кишилар ёрдамчи ва техник реабилитация воситалари билан таъминланди. Минглаб уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, отахон ва онахонлар тизимдаги санаторийларда бепул ва имтиёзли соғломлаштирилди. Пенсия ёшидаги инсонлар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланиб, «Саховат» ва «Мурувват» уйларининг моддий-техник негизини мустаҳкамлашга кўмаклашилди. Хизмат вазифаларини адо этиш вақтида ҳалок бўлган ҳарбийлар оилаларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.

Ҳисобот даврида турли соҳа ходимлари ўртасида спортнинг оммавийлигини оширилиб, ишлаб чиқилган махсус тавсиялар асосида меҳнат жамоаларида ходимлар гимнастикаси, «Касаба-Тур» веломарафони, оилавий спартакиадалар йўлга қўйилди. Касаба уюшмалари тизимида ходимлар туризми, шунингдек, ички, ташқи ва тиббий туризм йўлга қўйилди. Бу борадаги ишлар сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида «Kasaba sayr» шўъба корхонаси ташкил этилиб, 12 минг нафардан ортиқ турли соҳа ходимлари учун мамлакатимизнинг тарихий шаҳарларига, мустақиллик йилларида барпо этилган иншоотларга, шунингдек, ҳорижий мамлакатларга туристик саёҳатлар ташкил этилди.

Ҳисобот йилларида амалга оширилган эзгу амаллардан яна бири ходимлар ва улар оила аъзоларини соғломлаштириш борасидаги имтиёзлар кўламининг кенгайтирилиши бўлди. Авваллари ходимлар ҳар 5 йилда бир маротаба имтиёзли йўлланмадан фойдаланган бўлса, 2011 йилдан бошлаб ҳар 3 йилда, 2013 йилдан бошлаб эса ҳар 2 йилда имтиёзли йўлланма олиш имконига эга бўлди. Ходимлар учун йўлланма нархининг 45 фоизини тўлаш имтиёзи жорий этилди. Ходимларнинг яқин қариндошларини аъзолик бадаллари ҳисобидан имтиёзли йўлланмалар асосида соғломлаштириш йўлга қўйилди. Ўтган даврда тизимдаги санаторийларнинг моддий-техник негизи мустаҳкамланиб, уларда қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш, сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилди. 2 та янги санаторий ва 2 та дам олиш маскани барпо этилди. Натижада санаторийларда хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлиги юқори босқичга кўтарилди.

Тизимдаги санаторийларда Ҳар йили 100 минг нафардан ортиқ, ўтган 5 йил давомида эса 500 минг нафардан ортиқ киши соғломлаштирилишига эришилди. Улардан қарийб 200 минг нафари имтиёзли ва бепул йўлланмалар асосида саломатлигини мустаҳкамлади.

Ходимлар фарзандларини соғломлаштириш ишларида тизимли янгича ёндошув жорий этилди. Болаларни соғломлаштириш ишларини комплекс равишда такомиллаштириш ва ривожлантириш мақсадида 2012 йилда Касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан Республика оромгоҳларида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш Концепцияси  қабул қилинди. 2011 йилда болалар оромгоҳларида 269 минг нафарга яқин ўғил-қиз дам олдирилган бўлса, 2015 йилда мазкур кўрсаткич 301 минг нафарга яқинни ташкил этди. Ўтган 5 йил давомида эса 1 млн. 430 минг нафарга яқин ўғил-қиз соғломлаштириш билан қамраб олинди. Шу жумладан, ижтимоий ҳимояталаб оилалар фарзандларининг 280 минг нафардан ортиқ фарзандлари, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, Оролбўйи минтақаси, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларидаги оилалар фарзандлари энг сўлим ва баҳаво  оромгоҳларда имтиёзли ва бепул дам олдирилди. Ҳисобот йилларида Ҳукумат даражасида Оромгоҳларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича ҳар йилга мўлжалланган Манзилли дастурлар қабул қилиниб, 9 та янги оромгоҳ қурилди. 27 та оромгоҳда реконструкция ишлари амалга оширилиб, 45 та оромгоҳ капитал таъмирланди.

Ҳисобот даврида касаба уюшмалари томонидан жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлаш, бу орқали ташкилот фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан 2011 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Матбуот хизмати ташкил этилди. Қатор ахборот агентликлари, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилиб, мустаҳкамланди.

Тизимга замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш йўналишида ўзаро электрон ҳужжат алмашуви йўлга қўйилди. Федерациянинг локал тармоғи такомиллаштирилиб, Интернет тармоғи оптик толали алоқа хизматига ўтказилди, «Касаба уюшмаси ташкилотлари», «Сиҳатгоҳ» ахборот тизимлари яратилди. Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш, бўш иш ўринлари ва раҳбарият қабулига ёзилиш бўйича интерактив хизматлар кўрсатиб келинмоқда.

Қурултойда мазкур йўналишлардаги ишлар чуқур таҳлил этилиб, сўзга чиққан делегатлар томонидан тармоқлар ва ҳудудлар миқёсида эришилган натижалар алоҳида қайд этилди. Касаба уюшмалари Федерациясининг ўтган ҳисобот давридаги фаолияти қониқарли баҳоланди.

Қурултойда ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши аъзолари ҳамда Назорат-тафтиш комиссияси аъзолари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси ўринбосарлари ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси сайланди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раислигига шу вақтгача ушбу лавозимда ишлаб келган Танзила Нарбаева бир овоздан сайланди.

Қурултой ишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.Ҳодиев сўзга чиқди.

Word шаклида юклаш