[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

28.12.2015. Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида унинг республика иқтисодиёти таркибидаги улуши тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

Мулкчилик шакли турлича бўлган янги корхона ва ташкилотлар, хусусий тадбиркорлик субъектларида меҳнат қилаётган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимояси Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан қабул қилинган “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар дастури” ижроси бўйича касаба уюшмалари томонидан алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ҳудудларда янги ташкил этилган корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ходимлар ва иш берувчилар билан учрашувлар ташкил этилиб, уларга касаба уюшмаларига аъзолик афзалликлари тушунтирилмоқда. Мазкур хўжалик субъектлари жамоа-шартномавий муносабатлар билан тўлиқ қамраб олиниб, уларда меҳнат қилаётган ходимларнинг жамоа шартномаларидаги имтиёз ва кафолотлардан фойдаланишлари таъминланмоқда.

Мазкур йўналишларда олиб борилган тизимли ишлар натижасида 2015 йил давомида 29754 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектида меҳнат қилаётган 142 минг 937 нафар ходим касаба уюшма аъзолигига қабул қилинди. Ушбу кўрсаткич 2012 йилнинг шу даврига нисбатан мос равишда қарийб 25 ва 17 баробар ортишига эришилди. Шунингдек, 2015 йилда 534 та агрофирма, 867 та оилавий корхонада меҳнат қилаётган ходимлар, касаначилар, 3 минг 450 нафар ҳунарманд ва 9106 нафар якка тартибдаги тадбиркорларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий ҳимояси таъминланди.

Йил давомида касаба уюшмалари тизимидаги “Ишонч телефонлари”га ва ҳудудий бирлашмаларда ташкил этилган “Жамоатчилик қабулхоналари”га мурожаат этган 847 та янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектларига бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатлди. Уларнинг ижтимоий-меҳнат соҳасига оид мурожаатлари тезкор равишда кўриб чиқилиб, амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳал қилиниши таъминланди.

Касаба уюшма фаоллари томонидан 38 мингдан ортиқ фермер хўжалиги раҳбарлари ҳамда аъзолари, 2500 нафар тадбиркор ва корхона раҳбарлари ҳамда уларнинг вакиллари миллий ва халқаро меҳнат стандартлари, меҳнат муҳофазаси, ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид мавзуларда ўқитилди.

Жорий йилда 705 нафар кичик бизнес субъектлари, оилавий корхона ходимлари, ҳунармандлар ҳамда уларнинг оила аъзолари касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда имтиёзли йўлланмалар орқали соғломлаштириштирилди.