15.01.2016. Меҳнаткашлар ва ёшларда ҳарбий-ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш, Ватан ҳимоясини таъминлаш муқаддас бурч. Ёшларда мамлакатимиздаги тинч ва осуда ҳаёт қадрига етиш, шукроналик туйғуларини кучайтириш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилишга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан “Таянчим ва суянчим, фахру ифтихоримсан, муқаддас Ватан!” шиори остида қатор маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси суверенитети ва мустақиллигини ҳимоя қилиш йўлида жон фидо этган ҳарбий хизматчилар фарзандлари иштирокида маҳаллалар, таълим муассасаларида учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилиб, уларнинг оилаларига ташрифлар уюштирилди.
Шундай тадбирлардан бири Чирчиқ шаҳрида бўлиб ўтди. Ватан ҳимояси йўлида хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи Н.Абкелямов хонадонига ташриф буюрган касаба уюшма фаоллари томонидан унинг оиласига манзили моддий ёрдам кўрсатилди.
— Хотира муқаддас, инсон қадри азиз юртда яшаётганлигимдан фахрланаман. Ўтганларни ҳеч қачон ёддан чиқариб бўлмайди, айниқса, уларнинг оиласига давлатимиз томонидан қаратилаётган эътибор, бугунгидек учрашувлар мени отам билан янада фахрланишга ва ғурурланишга ундайди дейди, — Н.Абкелямовнинг ўғли Искендер Абкелямов.
Худди шундай хотирлаш тадбирлари доирасидаги ташриф марҳум ҳарбий хизматчи В.Якубов хонадонига бўлди. Унинг оиласи моддий ва маънавий қўллаб-қувватланиб, фарзанди Ёдгора Ҳамиджоновага байрам совғалари топширилди.
Ҳозирда Чирчиқ шаҳридаги 21-сонли умумтаълим мактабининг 2-синфида таълим олаётган Ёдгора отасига бўлган соғинчли меҳрини шеърлари орқали ифодалади.
Шунингдек, акция доирасида Чирчиқ шаҳридаги марказий қабристонга дафн этилган марҳум ҳарбий хизматчи Б.Ходжанов, Р.Норқуловлар қабрлари атрофи обод этилди.