Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан меҳнат муҳофазаси бўйича жамоат назоратини энг яхши ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танлови ўтказилмокда.
Уни ўтказишдан мақсад давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, иш берувчилар ҳамда кенг жамоатчилик эътиборини меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларини ҳал этишга қаратиш, ишлаб чиқариш маданиятини юксалтириш, иш берувчи томонидан ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароити яратилиши, шунингдек, меҳнат муҳофазасига оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда касаба уюшмалари фаолиятининг самарадорлигини оширишдир.
Кўрик-танловнинг биринчи босқичи жорий йилнинг 15 мартига қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги корхона, ташкилот, муассасалар ўртасида ўтказилади. Ҳар бир тармоқ бўйича аниқланган энг яхши корхона, касаба уюшма қўмитаси, меҳнат муҳофазаси бўйича вакил ғолиб деб ҳисобланади. Иштирок этиш истагини билдирган корхона, ташкилот ва муассасалар 1 мартга қадар тегишли ҳужжатларни ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари кенгашларига тақдим этиши лозим.
Кўрик-танловнинг 2-босқичи тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашларида, тармоқлар бўйича ҳудудларда аниқланган ғолиблар ўртасида шу йилнинг 1 апрелига қадар ўтказилади. Ҳар бир номинация бўйича 1-, 2-, 3-ўрин эгалари (жами 9 та) аниқланиб, улар 5 апрелга қадар тақдирланади.
Кўрик-танловнинг 3-босқичи Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ҳар бир тармоқда “Энг яхши корхона”, “Энг яхши касаба уюшма қўмитаси”, “Энг яхши меҳнат муҳофазаси бўйича вакил” номинациялари бўйича 1-ўринни эгаллаган корхона ва ташкилотлар ўртасида ташкил этилади. Ушбу босқич шу йилнинг 20 апрелига қадар ҳар бир номинация бўйича ишлаб чиқариш тармоқлари ва ноишлаб чиқариш тармоқлари бўйича алоҳида ўтказилиб, учтадан йўналиш бўйича 1-, 2-, 3-ўрин аниқланади.
Ғолибларни тақдирлаш маросими 28 апрел – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни арафасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, давлат ва нодавлат ташкилотлари, касаба уюшма қўмиталари фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида тантанали тарзда ўтказилади.
2015 йил якуни бўйича ўтказилаётган Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича жамоат назоратини энг яхши ташкил этиш юзасидан республика кўрик-танловида иштирок этинг ва ютуқлардан бирига эга бўлинг!